Линклар

Тожикистон аслаҳа харид қилиш бозорини ўзгартирдими?

  • Гулнора Равшан

Тожикистон армиясида асосан Россияда ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳалар қўлланилади.

Тожикистон армиясида асосан Россияда ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳалар қўлланилади.

БМТ маълумотларига кўра, Тожикистон 2010 йилда Сербия ва Болгариядан оз миқдорда қурол-аслаҳа сотиб олган.

БМТ реестрида Тожикистон 2010 йили Сербия ва Болгариядан 120 милтиқ, 200 дона тўппонча, 100 та қўл пулемёт, 200 та гранатомёт ва 6 та миномёт сотиб олгани кўрсатилган. Бу маълумотларни БМТга Сербия ва Болгария тақдим этган.

Эслатамиз, Хавфсизлик ва давлатлараро ишончни таъминлаш мақсадида, БМТ Бош ассамблеяси қарорига мувофиқ, 1991 йили қурол-аслаҳа импорти ва экспорти бўйича реестр тузилган эди.

Ўшандан буён дунё давлатлари ихтиёрий равишда БМТ реестрига ўз маълумотларини тақдим этиб келади ва бу маълумотлар қайта текширилмайди.

Бироқ 2010 йилги реестр учун ҳамма давлатлар ҳам қурол-аслаҳа импорти ва экспорти борасида БМТга ҳисобот йўлламаган. Хусусан, Тожикистон ҳам қурол импорти бўйича 2010 йил учун БМТга маълумот тақдим қилмаган.

Тожикистон минтақа айрим давлатлари сингари одатда Россиядан қурол сотиб олади. Аммо бу гал бозорини ўзгартирган Тожикистон нима мақсадда серблар ва болгарлардан қурол сотиб олди? Сотиб олинган қурол-аслаҳадан Тожикистоннинг қайси тизими ва нима мақсадда фойдаланмоқчи?

Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Фаридун Маҳмадалиев саволларимизга жавоб беришни истамаслигини айтди. Айни пайтда тожик расмийси ўз давлати ҳеч қачон Сербия ва Болгариядан қурол сотиб олмаганини таъкидлади.

Соҳа бўйича мустақил таҳлилчилар эса одатда БМТ реестри аниқ ва текширилган маълумотлар асосида тузилишини қайд этмоқдалар.

Маҳаллий таҳлилчиларнинг айримлари Сербия ва Болгариядан сотиб олинган шу миқдор аслаҳадан ўтган йилги Рашт амалиётларида фойдаланилган бўлиши мумкинлигини урғулайди.

Бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар эса БМТ реестрида кўрсатилган қурол- аслаҳани Тожикистондаги айрим доиралар чайқовчилик мақсадида сотиб олган бўлиши мумкин, дея мулоҳаза билдирмоқда.

- Сўнгги пайтларда Тожикистонда терроризмга қарши кураш масаласи биринчи планга чиқиб қолгани ана шундай махсус гуруҳлар қўл келмоқда. Ана шу мақсадда бу миқдор аслаҳа Тожикистонга импорт қилиниб, кейинчалик бошқа давлатлар, масалан, Африка ёки шунга ўхшаш бошқа давлатларга сотиб юборилган бўлиши мумкин, - дейди соҳа бўйича мустақил таҳлилчи Маҳди Собир.

Таҳлилчига кўра, сўнгги 20 йил ичида Тожикистон маълум шартномалар асосида фақат Россиядан қурол-аслаҳа сотиб олган.

Бошқа бир таҳлилчи Абдулло Ҳабибов эса жуда оз миқдордаги милтиқ ва тўппончалар Тожикистон армиясига ярамагани баробарида, ҳарбий чайқовчилар учун ҳам ҳеч қанча фойда келтирмаслигига ишонишини айтади.

Анча йиллар хавфсизлик соҳасида фаолият кўрсатган таҳлилчи Абдулло Ҳабибов фикрича, серблар ва болгарлардан сотиб олинган қуроллар фақат фахрий қоровулларни таъминлаш учун ярайди, холос.

- Тожикларда “Тиланчига синиқ ўроқ” деган матал бор. Мудофаа вазирлиги ўзидаги камчиликларни тўлдириш учун арзон-гаровга шу қуролларни олганига шубҳа қилмайман. Бу қуроллар билан армияни қуроллантириш мумкинлиги ҳақида гапириш жуда кулгили. Кейин бу милтиғу тўппончаларни ўша сербларнинг ўзи ҳам қачонлардир Россиядан сотиб олгандир. Шуни назарга олган ҳолда, сотиб олинган аслаҳа уруш ёки тартибсизликларни бостириш учун эмас, балки фақатгина парад ёки расмий қабул учун саф тортирилган аскарларни яроғлантириш учун ярайди, холос, - дея мулоҳаза билдиради таҳлилчи Абдулло Ҳабибов.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон ҳукумати 2010 йили ҳарбий харажатларини олдинги йилларга нисбатан 12 фоизга, 2011 йилда эса 25 фоизга оширган.

Айни пайтда Тожикистон ҳарбий қудрати борасида аниқ маълумотлар йўқ. Чунки 2004 йили Тожикистон ҳукумати мамлакат армияси, унга тегишли қурол-аслаҳалар ҳамда мамлакат ҳарбий қудрати ҳақидаги маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали тарқатишни таъқиқлаб қўйган.
XS
SM
MD
LG