Линклар

Каримов ваъда қилган август қачон келади?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон бозорларидаги буунги нарх эртага топилмайдиган бўлиб бормоқда...

Ўзбекистон бозорларидаги буунги нарх эртага топилмайдиган бўлиб бормоқда...

Озодликка сим қоққан ўзбекистонликлар¸ 20 йил ўтиб ҳам келмаган фаровон ва арзон августнинг яқин орада келишидан умид узган...

“Президент халқни 20 йилдан буён алдайди”,

дейди Фарғона шаҳридан қўнғироқ қилган Қаюмжон.

- Кечқурунги эшиттиришларда Дилором опанинг айтган фикрларини эшитдим. “Президентимиз ҳамма ëқни билади. Ўша айтган нарсаси камлигини ҳам, кўплигини ҳам, йўқлигини ҳам, умуман қай аҳволдалигини билади” деди. Мен айтмоқчиманки, президентимиз шунақа гапларни гапириб, ўзини ҳам алдаб, халқни ҳам алдаб нима қилади? Тўғри гапни гапираверса бўлмасмикан?

Озодлик: Халқни алдаяпти, деяпсиз. Буни қандай асослаб бера оласиз?

- Масалан, кўп айтган нарсалари бўлмаяптида. Йўқ ўша. Чиққан қарорлари ҳам ишламай турибди мана. Тек тураверади. Давлатнинг ўзига, айрим хўжайинларга, айрим ходимларга, милицияларга керак бўлиб қолса, ишлатишади. Халққа керак бўлган пайтда ишлатишмайди. Шунақа бўлгандан кейин шунақа фикр келаяптида кўпчиликнинг онгига.

Озодлик: Президент “августда ҳаëтимиз яхши бўлади” деган эдику.

- У айтган августдан нечтаси ўтиб кетди мана. Биринчи президент бўладиган пайтлари ҳам депутатларимиз жуда қаттиқ гапиришарди. “Жон ўртоқлар, менга бир йилга қўйиб беринглар” деб гапирган. Бир йил тугул мана 20 йил ўтаяпти. Борган сари орқага кетаяпмиз, дейди фарғоналик Қаюмжон.


“Одамлар граммлаб гўшт оладиган бўлиб қолган”,

дейди Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидан қўнғироқ қилган ўқитувчи Хўжамберди.

- Кеча гўшт ҳақида гапирилдику. Гўшт бизнинг Зарбдорда 15 минг. Илгари 12-13 минг эди. Ҳозир 15 мингга чиқди.

Озодлик: Гўшт оладиган одамлар борми?

- Олдин килолаб олган бўлсак, ҳозир 200-300 грамм ҳар ким ўз имкониятига қараб. Граммлаб олинмас эдику. Ҳозир вазият тақозо этаяптики, ҳаттоки 100 граммлаб олаëтганларни ўзим кўраяпман. Битта нарсага ҳайронман. Бозорга чиқсангиз, масалан, тўғри семиз мол оғирлигига қараб қиммат, ориқроқ моллар арзон. Арзон бўлгани билан нимагадир мол гўштининг нархи кўтарилиб кетаяпти. Ем маҳсулотлари, масалан, арпанинг нархи 1200га чиқди, маккажўхори ҳам 1000 сўмдан ошиқ. Шунинг ҳисобига бўлса керак деб ўйлайман, дейди жиззахлик суҳбатдош.


“Гўшт бундан кейин яна қиммат бўлади”,

дейди Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидан қўнғироқ илган 70 ёшли пенсионер Набижон Ота Жўрабоев.

- Мажбуран “шунчадан гўшт сотасан” деб ҳозирги шароитда мажбур қилиш қассобларни, ўта нотўғри фикр менимча. Нима сабабдан? Биз ҳозир бозор иқтисодиëтимизда. Бозор иқтисодиëтида мол кўпайиб кетса, нарх тушади, йўқ бўлса, қимматлашиб кетадида. Қимматлашиб кетишининг сабаби, биринчидан якка ҳокимлик кетаяпти. Бизнинг ўзимизнинг район мисолида айтаяпман. Битта ҳоким билганини қилаяпти. Ўша ҳокимларнинг ўзларига ҳам, бошқа казо-казоларга ҳам 4000-5000лаб қўйлар ўтиб кетди. Давлат қўйи йўқ. Қанча-қанча ерларни нима қилаяпти, лекин олиб келиб гўшт сотмаяптику.

Иккинчидан, мана шу ўзимизда ишлаб чиқариладиган ем рекорд даражасида қимматлашиб кетаяпти. Нимага? Ҳоким ўзининг оғайнисига йўл очиб бериб қўйиб, уни на налог текширади, на департамент текширади, бозорда очиқчасига емни ошириб сотаяпти.

Мана сизга битта мисол. Мана куни кеча бизнинг мол бозоримизда, Ғаллаоролнинг Қашқабулоқ жойида Баҳром емчи, Баҳром ҳожи, Баҳром ГАИ деган учта лақабга эга бўлган укамиз, 1200 сўмдан емни сотаëтганда республика департаментидан келиб ушлабди, деб эшитдим.

1200 сўм ем, шўлха 900 сўм, кепак 800 сўм, Қозоғистон кепаги 900 сўм, ҳозир ғалланинг ўрилган сомонининг битта пресси, чиқса 5-6 кило чиқади, 5000 сўм. Қандай қилиб одам ëки қассоб молни семиртиради, қандай қилиб унинг нархини туширади? Давлатдан чиқаëтган ем, кепак, шўлхалар чорва фермерларга ўз нархида етиб бормагандан кейин гўшт рекорд даражага бундан кейин ҳам кўтарилиб кетади, дейди ғаллаороллик Набижон ота Жўрабоев.


“Бизда ҳам шундай қонун қабул қилинса яхши бўларди”,

дейди Тожикистонда 18 ёшгача бўлган болаларни масжидга қўймаслик ҳақида қабул қилинган қонунга ўз муносабатини билдирар экан, жиззахлик талаба Жасур.

- Кеча интернетда ўқидим. Тожикистонда 18 ëшгача бўлган болаларнинг намоз ўқишини тақиқлаб қўйибдику. Ўшани мен тўғри деб ҳисоблайман. Ëш болаларга нимага керак мачитга бориб? Улар мактаб ўқиши керак, билим олиши керак. Барибир келажакда асқотадида. Тўғрисини айтсам, ҳозир мачитлар хатарли бўлиб қолган деса ҳам бўлади. Ҳар хил оқимлар чиқиб кетган, ҳар хил фикрлилар чиқиб кетган.

Бундан 3-4 йил олдин намоз ўқийдиган ëшлар кўпайиб қолган эди. Ўшанда мен эшитган гапларни сиз эшитсангиз, ҳайрон қоласиз. Биттаси “мусулмонларга футбол ўйнаш мумкин эмас” деяпти.

Яна битта гап эшитганман. Галстук тақиш ҳам мумкин эмас, деб эшитганман. Галстук бўйинга ташланган сиртмоққа ўхшаркан. Биттаси айтаяпти, анави БМТ йиғилиши бўлганку, Эрон президенти галстуксиз ўтирганда. “Кўрдингми, Эрон президенти галстуксиз ўтирибди. Эрон президенти ҳеч қачон галстук тақмайди. Чунки бу гуноҳ. Галстук тақиш биз учун гуноҳ” деб айтаяптида. Мачитга бориб мачитдагилардан эшитган. Мачитдаги ҳамма одамлар ҳам яхши бўлавермайдику. Ўзбекистонда ҳам шунақа қонун қабул қилинса, яхши бўларди деб ҳисоблайман, дейди жиззахлик талаба Жасур.

*************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG