Линклар

logo-print

Лондон полицияси зўравонликларни жиловлай олмаëтир


Лондондаги дўконлардан бири талаб кетилаётган пайт, 2011 йил 8 август

Лондондаги дўконлардан бири талаб кетилаётган пайт, 2011 йил 8 август

Лондон ҳукумати уч кундан бери тинмаëтган талон-тарожларни тўхтатиш учун полиция кучлари сонини уч бараварга кўпайтирди.


Британия Бош вазири Дэвид Камерон сўнгги ўттиз йилдаги энг мудҳиш зўравонликлар, дея аталаётган тартибсизликлардан сўнг қайта тартиб ўрнатиш учун ўз ҳукумати бор имкониятни ишга солишини маълум қилди.

- Бу ҳақиқий жиноят. Унга қарши курашиш ва уни енгиш лозим,- дея баёнот берди Британия Бош вазири.

Лондонда бошланиб кейинроқ Бирмингҳэм, Бристол ва Ливерпул шаҳарларига ёйилган тунги исёнлар, талон-тарожлар ва биноларга ўт қўйишлар муносабати билан 9 август куни ўтказилган фавқулодда ҳукумат йиғилишига Камерон раислик қилди.

Мажлисдан сўнг Британия Бош вазири Лондонда полиция ходимлари сони 6000 дан 16 мингга кўпайтирилиши, шунингдек, парламент аъзолари таътилдан қайтиб, пайшанба куни бўҳронни муҳокама қилишини маълум қилди.

Камерон талон-тарожларда иштирок этган ва биноларга ўт қўйган шахсларннг жавобгарликка тортилишини ваъда қилди.

Бош вазир сўнгги уч кун давомида Лондонда юзлаб одам қўлга олинганини сўзига қўшимча қилди.

- Ҳозирга қадар 450 киши қўлга олинди. Биз суд расмиятчилиги ва бошқа жараёнлар тезлаштирилишини таъминлаймиз. Келгуси кунларда кўпроқ шахслар ҳибсга олинишини кутиш мумкин. Мен ва ҳукумат адолатни ўрнатишга қарор қилганмиз ва бу шахслар ўз хатти-ҳаракатлари қандай оқибатларга олиб келишини кўрадилар, деди Дэвид Камерон.

Айни пайтда Британия полицияси шу ҳафта Лондонда юз берган исёнлар пайтида яраланган фуқаронинг 9 август куни вафот этганини билдирди.

Маълумотларга кўра, 29 яшар фуқаро душанба куни тунда Лондон жанубидаги қатор бинолар ёқиб юборилган Кройдон мавзесида ўз машинасида танасига ўқ теккан ҳолда топилган.

Сиёсатчилар ва полиция ходимлари зўравонликлар учун жиноятчи ва безориларни айблади.

Бир неча кун олдин Лондон полицияси ходими бир кишини отиб ўлдирганидан кейин бошланган оммавий норозилик намойишлари кенг миқёсдаги зўравонликка айланиб кетди.

Айрим фуқаролар зўравонликлар юз берганини маҳаллий зиддият, иқтисодий қийинчилик ҳамда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут катталашиб бораётгани билан изоҳламоқда.
XS
SM
MD
LG