Линклар

logo-print

Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида бу саволга берилган жавоблар 20 йиллик жараëн меваси суратини чизиб берди.



Мустақиллигининг 20 йиллигини жорий ой охирида нишонлайдиган Ўзбекистонда СССР тарқаб кетганидан кейин туғилган, коммунистик мафкуранинг таъсирини мутлақо сезмаган янги авлод ўсиб-улғайди.

Мана шу авлод вакилларининг ўз ота-оналаридан нимаси билан фарқланишини билиш нафақат қизиқ, балки зарурат ҳамдир.

Бир эмас, бир неча илмий тадқиқот объекти бўла оладиган мазкур мавзуда тайёрланган мақолани жамиятда кечаётган жараёнлар тўғрисида ўйлаб кўришга таклифнома, деб қабул қилинг.

*********************************************

Янги авлод ҳақида гапирмоқчи одам биринчи бўлиб кимдан фикр сўрайди?

Албатта, ўқитувчидан-да!

Биз ҳам шундай қилдик.

59 йиллик умрининг учдан икки қисмини совет даврида ўтказган чироқчилик ўқитувчи Содиқ ака Жўраевдан янги гап эшитмадик.

Совет давридаги ўқувчиларига ҳозиргиларини қиёслар экан, муаллим зорланди:

- У вақтдаги фарқ билан ҳозирги вақтдаги фарқ осмон билан ерча.

Озодлик: Нималарда ўша фарқлар?

- Ўша пайтда ўқувчилар ниҳоятда мактабни ҳам севарди, китобни ҳам севарди, оламни ҳам севарди, ҳамма нарсани севарди. Эндиги ëшлар китобни ҳам яхши кўришмайди, ватанни ҳам севишмайди, мактабни ҳам севишмайди, дейди Содиқ ака.

Чироқчилик муаллимнинг бу гапларини эшитиб, “бошимизга тупроқ сочмоқчи” эмасмиз: бугунги шогирдини кечагисидан яхши деган устозни инсоният ўз тарихида кўрган эмас. Қадимий файласуфлар китобларини варақланг – уларнинг ҳам ўз шогирдларидан зорланганига гувоҳ бўласиз.

Лекин бошқа бир суҳбатдошимиз, 60 йиллик умрининг учдан икки қисмини совет даврида ўтказган , ҳозирда фермерлик қилаётган бухоролик Исмоил аканинг ўзи ҳақда айтганлари чироқчилик ўқитувчининг ҳасратлари тўғрисида чуқурроқ ўйлаб кўришга ундайди.

Исмоил акадан сўрадик:

Озодлик: 40 йил совет ўзбеги бўлдингиз. 20 йил мустақил ўзбек бўлдингиз. Ўзингизда нима ўзгариш юз берди кейиниг 20 йилда? Нимангиз ўзгарди?

- “Шарқ юлдузи” журналини қўлма-қўл ўқирдик, “Адабиëт ва санъат”ни қўлма-қўл ўқирдик, газеталарни қўлма-қўл ўқирдик, бир-бировга айтардик. Тўпланишардик дўстлар билан, чақчақлашардик. Ўшалар йўқ. Ўшаларни қўмсаймиз. Ўша “Шарқ юлдузи”ни қидирамиз, топа олмаймиз. “Адабиëт ва санъат”нинг қизиқ темалари бор эди, ҳозир йўқ.

Озодлик: Совет даврида асосий учта қадрият нима эдию ҳозир нима?

- Одамлар ўртасида меҳр бор эди, дўстлик бор эди, жўралар бор эди.

Озодлик: Демак, совет даврида биринчи қадрият дўстлик эди. Яначи?

- Бир киши иморат қилса, келиб ëрдам берарди.

Озодлик: Ҳамжиҳатлик. Яначи?

- Кўпчиликда илмга чанқоқлик бор эди.

Озодлик: Мустақил шароитда учта асосий қадрият нима?

- Ҳозир булар жуда кам. Қариндош-уруғчилик бўшаб кетди. Ака уканиям камроқ танийди. Қариндошникига бориб-келиш йўқ.

Озодлик: Асосий қадриятлар нималар ҳозир?

- Қорин тўйғазиш.

Озодлик: Яна.

- Яна қорин тўйғазиш.

Озодлик: Яна.

- Яна қорин тўйғазиш, дейди бухоролик Исмоил ака.

Афтидан, бухоролик Исмоил ака билан у кишининг таъби тирриқроқ пайтда гаплашганга ўхшаймиз. Қолаверса, одам ёши бир жойга бориб қолганда кўп нарсадан кўнгли қолади, кўпроқ хотиралари билан яшайди. Кечаги кунининг бугунгисидан жозибалироқ кўриниши шундандир?

Чироқчилик ўқитувчию бухоролик фермернинг айтганларини қабул қилиш ёки аксинча, инкор этиш учун олимларга мурожаат қилдик.

Тошкентлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов ўзбек зеҳниятида кейинги 20 йил ичида юз берган ўзгаришларни санар экан,

- Шахснинг пулга берилиб кетгани ҳам факт. Ҳаддан ташқари жамиятнинг монолитлиги йўқолиб, одам ўзининг кучига ўзи ишониб, бир-биридан узоқлаштирган фактор ҳам бор. Бу ўзбек жамиятида балки 20 йил олдин бўлмагандир, лекин ҳозир бор, деди.

Демак, таҳлилчи фикрича, мустақил ўзбек давлатдан бир нарса кутмай қўйди ва ўзи ҳамда оиласи фаровонлигини таъминлаш учун фақат ўз кучига таяна бошлади – 20 йил олдин ўзбек ўзини социум вакили ҳисоблаган бўлса, эндиликда унинг инвидуум эканлиги кучаймоқда.

(Ахир бухоролик Исмоил ака одми сўзлар билан шу фикрни айтмадими?)

Таҳлилчи Малик Абдураззоқовнинг фикрича, мустақил ўзбекнинг мобил бўлиб қолгани унинг совет ўзбегидан яна бир фарқидир: мустақил ўзбек қишлоқдан шаҳарга, шаҳардан пойтахтга, пойтахтдан чет элга интилмоқда. Бунга эса, ижтимоий-иқтисодий сабаблар мажбур қилмоқда.

- Иккинчиси бу сиëсий-мафкуравий ғояларга ишонч йўқолгани, дейди Малик Абдураззоқов.

Мустақил ўзбекнинг совет ўзбегидан яна бир фарқи унинг сиёсий-мафкуравий нигилизмидир. Бундан 20 йил олдин, дейди таҳлилчи, ўзбеклар мустақилликка умид қилган, ўша даврда ўртага ташланган шиорларга ишонган эди. Бугунга келиб ҳеч қандай ишонч қолмаган.

Жамият ҳаётидаги жараёнларни профессионал ўрганиб келаётган социолог олим Камолиддин Раббимовнинг айтганлари Малик Абдураззоқовнинг айтганларидан кескин фарқ қилмади. Шунинг учун Раббимов билан ўтказганимиз суҳбатнинг якуний қисминигина эшиттирмоқчимиз.

Мустақил ўзбекнинг қадриятлари нималару совет ўзбегининг қадриятлари нималар эди, деб сўрадик Раббимовдан.

- Менинг назаримда¸ ҳозирги Ўзбекистон жамияти учун асосий қадриятлар тизими қуйидагича: биринчиси пул бойлик, иккинчиси индивидуализм, учинчиси эркинлик. Совет кишиси учун эса кўпроқ карьераси, иккинчиси коллективизм, учинчиси назаримда пул ва бойлик. Назаримда пул ва бойлик бу ерда учинчи ўринда турган эди, дейди Камолиддин Раббимов.

(Ахир бухоролик Исмоил ака одми сўзлар билан шу фикрни айтмадими?)

Телефонларимиз:
+420 602 61 27 13
+420 773 26 72 30
Email: uzbekweb@rferl.org
Skype: OzodSkype

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG