Линклар

Дубайда тадбиркорларнинг 5,8 миллион долларини ўғирлаб кетган икки россиялик ва бир ўзбекистонлик маҳкамага тортилди.

Бу ҳақда Марказий Осиё янгиликлар хизмати Gulfnews.com нашрига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Ҳолландиялик икки тадбиркорнинг 5,8 миллион долларини ўмариб, сўнгра ўғирланган Jaguar автомобилида воқеа жойидан ғойиб бўлган шахсларга ўзбекистонлик бир аёл ҳам ёрдам бергани айтилмоқда.

Маҳаллий прокуратура маълумотларига кўра, пичоқ билан қуролланган тўрт нафар гумонланувчи ҳолландиялик тадбиркорларга автомобил тўхташ жойида ҳужум қилган ва уларнинг қўлларидаги тўрт қопчиқ пулни тортиб олган.

Биринчи инстанция судида айбларини тан олган бу шахслар тадбиркорларга ҳужум чоғида қўлларида қурол бўлганини мутлақо рад этганлар.

Ҳужумчилардан россиялик икки кишига австралиялик шахсга тегишли Jaguar автомобилини ўғирлаганлик ва ундан талончилик қилиш учун фойдаланганлик айби қўйилган. Ўзбекистонлик эса автомобил ўғриларига шериклик қилганликда айбланаяпти.

Gulfnewsнинг ёзишича, Ўзбекистон фуқароси Jaguar ўғирланишидаги иштирокини эътироф этган, бироқ бошқа айбланувчилар ўзларининг айбини тан олмаганлар.

Дубай ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари иддаосига кўра, айбланувчилар жабрланувчи ҳолландияликлар яшайдиган уй яқинидаги автомобил тўхташ жойига келганлар. Ҳолландиялик тадбиркорлар уйларидан чиқишлари билан ҳужумчилар уларга пичоқ билан даф қилишиб, қўлларидаги тўрт қопчиқни тортиб олганлар. Бу қопчиқларда 5,8 миллион АҚШ долларидан ташқари тадбиркорлар паспорти ва ноутбуки ҳам бўлган.

Шифокорлар жабрланувчиларнинг ҳужум пайтида тан жароҳати олганларини тасдиқлаганлар.

Ҳужумчиларга шерикликда айбланаётган аёл ҳам ўзбекистонлик бўлиб, ҳолландияликлардан тортиб олинган пуллар айнан у яшаётган уйнинг осма шифтидан чиққани айтилмоқда.

Айни пайтда мазкур иш бўйича маҳкама жараёни давом этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG