Линклар

Буюк Британияда тўрт кундан буён давом этаётган тартибсизлик ва зўравонликлар оқибатида 1100дан зиёд одам ҳибсга олинди.

Бу ҳақда хабар қилган Associated Pressга кўра, айни пайтда вазиятни назорат қилиш жараëнига 16 минг полициячи жалб қилинган.

Ўтган тун Лондон кўчаларида нисбатан осайишта ўтган, бироқ Манчестер шаҳрида ёшлардан иборат оломоннинг полиция билан тўқнашгани ва биноларга ўт қўйгани айтилмоқда. Сешанба оқшомида Ливерпул, Ғарбий Бромич, Вулверҳэмптон ва Ноттинҳэмда ҳам тартибсизликлар рўй берган.

Полициянинг маълум қилишича, душанба куни Лондоннинг жанубий қисмида бир киши машинасида отиб ўлдирилган.

Айни воқеалар боис таътилини тўхтатишга мажбур бўлган Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон тартибсизлик иштирокчиларини жазодан огоҳлантирди.

Тартибсизликлар бошланишига 4 август куни Тоттенҳэмда полиция билан юзага чиққан отишмада 29 ёшли маҳаллий фуқаронинг ҳалок бўлгани сабаб бўлди.
XS
SM
MD
LG