Линклар

Бишкек Ўзбекистон 1270 гектар қирғиз еридан фойдаланганлик учун 15 миллион доллар миқдорида қарз эканини иддао қилаяпти.

Боткен вилоят ҳокимияти 2011 йилнинг 1 январигача Ўзбекистон Қирғизистонга қарашли 1270 гектар ердан фойдалангани учун 600 миллион сўм ёки 15 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз бўлиб қолгани тўғрисида баёнот тарқатди.

Мазкур баёнотда айтилишича, Ўзбекистон Боткен вилояти ҳудудида 184 гектар ерда нефт ва газ қазиб олиш билан шуғулланмоқда. Бу ҳудуддаги конлар “Фарғонанефт” ширкати томонидан фойдаланилаяпти.

Бундан ташқари, Шимолий Сўх газ омбори 360 гектар майдонни эгаллаган. Ўзбекистон қазиб олинган газ ва нефтни мамлакат ичкарисига жўнатувчи қувурлар эса Боткен вилоятидаги 700 гектар ерни эгаллаган.

Айтиб ўтиш лозимки, Боткен вилоят ҳокимияти беш йилдан бери мазкур ерлар учун Ўзбекистондан ижара ҳақи тўлашни талаб қилиб келмоқда. Қирғизистон ҳукумати эса бу ҳудуддаги нефт ва газ конларини Ўзбекистондан Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш учун 1996 йилдан буён уч марта ҳукуматлараро даражада музокаралар ўтказган.

- Ўзбекистон томони бизнинг бу борадаги таклифларимизни инобатга олмай келаётир. Ўзбек расмийлари: “Чегарада баҳсли ҳудудлар масаласида мунозаралар тугагани йўқ, олдин чегара масаласини ҳал қилайлик, шундан кейингина конларни ўтказиб беришимиз мумкин”, дейишмоқда, - деди Қирғизистон давлат мулкини бошқариш собиқ вазири Шерали Абдуллаев.

Расмийнинг айтишича, ўзбек томонининг бундай билдирувларига жавобан Қирғизистон ҳукумати ўз позициясини билдирган. Қирғиз расмийларига кўра, айни пайтда Ўзбекистон томонидан фойдаланилаётган Шимолий Сўх ва Чўнгқара Қалча нефт-газ конлари 1955 йилда ишга туширилган. Ўша йили Москванинг буйруғи билан мазкур конлар Ўзбекистонга ижарага берилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева 2010 йилнинг 14 августида Шимолий Сўх ва Чўнгқара Қалча нефт-газ конларини Ўзбекистондан Қирғизистон балансига ўтказиш ҳақида ҳукуматга кўрсатма берган эди.

Аммо Қирғизистон давлат мулк вазирлиги расмийси Гулдана Жанибекованинг айтишича, ўтган бир йил давомида президент кўрсатмасини бажариш борасида деярли ҳеч қандай иш қилинмаган. Қирғизистон президенти маъмуриятидан эса бу борадаги саволимизга “Мазкур кўрсатманинг бажарилишини назорат қиладиган бўлимлар тугатилган ва шунинг учун бу кўрсатманинг бажарилишини ҳеч ким назорат қилган эмас” қабилида жавоб олдик.

Айни пайтда қирғизистонлик эксперт Саламат Аламанов президентнинг конларни қайтариб олиш тўғрисидаги кўрсатмасини “бугунги кунда бажариб бўлмайдиган буйруқ” қаторида баҳолайди.

- Бу ҳудуддаги чегара чизиғи ҳали аниқланмаган. Шунинг учун ҳам бу ҳудуд қайси давлатга қарашли экани ҳам аниқланмаган. Чегара аниқланиб олинмагунича конларни Қирғизистонга қайтариб олиш масаласи ҳал этилмайди, - дейди Саламат Аламанов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG