Линклар

logo-print

Душанбенинг Вахон йўлагидан умиди ошмоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Транспорт ва алоқа вазири муовини Жумахон Зуҳуровга кўра, август охиригача Вахон коридори лойиҳаси борасида Тожикистон - Покистон - Афғонистон иштирокида учёқлама музокара ўтказилади.

Тожикистон Транспорт ва алоқа вазири муовини Жумахон Зуҳуровга кўра, август охиригача Вахон коридори лойиҳаси борасида Тожикистон - Покистон - Афғонистон иштирокида учёқлама музокара ўтказилади.

Тожикистон Вахон йўлагини қуриш билан Ўзбекистонга қарамликдан қутилишга умид қилаяпти.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистоннинг шарқий қисмини Афғонистон ва Покистон, ундан у ёғи Хитой билан туташтириши айтилаётган халқаро темир йўл қурилишига оид лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари 70 фоизга бажарилган.

Вахон йўлагини қуриш ва шу йўл билан Тожикистонни Ўзбекистонга қарамликдан қутқазиш ғояси 2004 йили тожик президенти Имомали Раҳмоннинг Исломободга расмий сафари чоғида туғилганди.

Ўшандан буён расмий Душанбе бу ғояни амалга оширишга жон-жаҳди билан уриниб келади.

Помир тоғларини ёриб ўтадиган ва узунлиги 10 километр ва баландлиги 7,5 метр келадиган Ловари халқаро тунели қурилишига, Покистон оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, сўнгги олти йил бадалида 8 миллиард рупия (тақрибан 92,5 миллион АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида маблағ сарфланган.

Тожикистон Транспорт ва алоқа вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда тунел қурилиши номаълум муддатга тўхтатиб қўйилган.

- Бу лойиҳани амалга ошириш учун аввал-бошдан учта вариант таклиф қилинган эди. Кейинги икки варианти, яъни янги темир йўлнинг Ҳиндистон ҳудудини айланиб ўтишига оид таклиф бизга ҳам, Покистон томонига ҳам маъқул келмади. Чунки бу вариантлар узоқ вақт ва катта маблағ талаб қилади. Биринчи варианти эса жуда қулай. Лекин бунинг учун Афғонистон томонининг розилигини олиш лозим. Чунки темир йўлнинг 118 километри ана шу давлат ҳудудидан ўтади, - деди Тожикистон Транспорт ва алоқа вазири муовини Жумахон Зуҳуров.

Ҳукумат мулозимига кўра, 7 август куни иш сафари билан Душанбе шаҳрига келган Покистон Транспорт ва йўл вазири Арбоб Оламгир Хон тожикистонлик ҳамкасби Низом Ҳакимов билан айнан шу мавзуда музокара қилган.

Вазир муовини Зуҳуровнинг маълум қилишича, якшанба куни бўлиб ўтган мазкур учрашувда томонлар август охиригача Вахон коридори лойиҳаси борасида Тожикистон - Покистон - Афғонистон иштирокида учёқлама музокара ўтказишга келишиб олган.

Расмий маълумотларга кўра, Вахон лойиҳасининг умумий қиймати 370 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Шундан 96 миллион доллари Тожикистон ҳиссаси экани айтилади.

Вахон коридорини қуриш учун Тожикистон томони ана шу пулга, собиқ вазир Олим Бобоевнинг билдиришича, 106 километрлик йўл ва яна 200 метрлик битта кўприк қуради.

- Лойиҳага мувофиқ, биз томондан Ишқошим туманини Хоруғ шаҳри билан туташтирадиган 106 километрлик йўл ва яна 200 метрлик узунликдаги кўприк қурилиши керак. Албатта бу жуда катта маблағ талаб қилади. Лекин лойиҳа республикамиз иқтисодиёти учун жуда фойдали эканини назарга олган ҳолда, қайси йўл билан бўлмасин уни албатта амалга оширишимиз зарур, - дейди Транспорт ва алоқа собиқ вазири Олим Бобоев.

Тожикистонни Ўзбекистон йўлларига қарамликдан қутқариш ва мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган Вахон йўлаги лойиҳаси минтақа давлатлари, жумладан, Тожикистон ва унинг ён қўшниси Ўзбекистон учун қанчалик хавфсиз? Чунки тожик расмийлари 2014 йил НАТО кучларининг Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан минтақа давлатларидаги сиёсий вазият кескинлашиши мумкинлигини эътироф этиб келади. Бордию яқин келажакда халқаро темир йўл қурилиб, ишга туширилса, бунинг ортидан Тожикистон ҳукумат расмийларини ташвишга солаётган террорчилик ва экстримизм хавфи янада кучайиши мумкинми?

Бу саволларимизга тожик мулозимлари бир овоздан “йўқ” деб жавоб берар экан, Вахон йўлаги минтақа учун хавфсизлигини таъкидлади.

- Чунки Афғонистоннинг Хитой билан чегарадош шарқий ҳудуди географик жиҳатдан Толибон ва шунга ўхшаш бошқа хавфли гуруҳларнинг узоқ вақт муқим туришларига мос келмайдиган ҳудуддир. Бошқа томондан, расмий йўллар, яъни доимий назоратда бўлиб турадиган халқаро йўллар хавфсиздир. Шуни назарга олган ҳолда, Вахон коридори минтақа давлатлари, хусусан, Тожикистон ва қўшнимиз Ўзбекистон учун хавфсиз ва иқтисодий фойдали йўл саналади, - дейди Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази расмийси Сайфулло Сафаров.

Аснода мустақил таҳлилчилар Тожикистоннинг жанубий қисмини Афғонистон билан туташтирадиган қуйи Панж кўприги қурилиб ишга туширилишида ҳам расмийлар худди шундай ваъдалар берганини, лекин ҳозирда минтақага кириб келаётган банг моддаси миқдорининг кескин ошишига айнан шу кўприк “хизмат” қилаётганини урғулашмоқда.

Айни пайтда соҳа бўйича мустақил таҳлилчилар иқтисоди ўта заифлашган Тожикистон Вахон йўлагини қуриш учун сал кам 100 миллион АҚШ доллар маблағ топиши амримаҳоллигини айтмоқдалар.

- Тожикистон катта пул талаб қиладиган бундай йирик лойиҳани ўз кучи билан амалга ошира олишига шубҳа қиламан. Менимча, бу ерда яна халқаро донорлар кўмаги лозим бўлади. Бордию бу вариант иш бермаса, у ҳолда, ҳукумат узоқ муддатли қарз олишга ёки халқаро тендер эълон қилишга мажбурдир, - дейди мустақил таҳлилчи Абдуғаффор Камол.

Айни пайтда Афғонистон билан чегарадош Ишқошим туманида халқаро йўл қурилишига оид ишлар бошланганини айтаётган тожик расмийлари эса Вахон йўлаги истиқболига катта умидлар билан қарамоқдалар.
XS
SM
MD
LG