Линклар

logo-print

Холмирзаевнинг қотилларига жиноий иш очилди

  • Шерзод

Гувоҳларнинг айтишларича, Қирғизистон жанубида милиция бедодлиги ўтган йил июнидан буён давом этмоқда.

Гувоҳларнинг айтишларича, Қирғизистон жанубида милиция бедодлиги ўтган йил июнидан буён давом этмоқда.

Бозорқўрғон туман прокуратураси милиция ходимлари томонидан калтакланган Усмонжон Холмирзаевнинг ўлими юзасидан жиноят иши қўзғади.

Бу маълумотни Озодликка Қирғизистон Бош прокуротураси матбуот котиби Талант Қўнўқбаев тасдиқлади.

Унинг айтишича, 7 август куни Бозорқўрғон туман милиция бўлимида калтакланган ва 9 август куни туман касалхонасида жони узилган асли бозорқўрғонлик, айни пайтда Россия фуқароси бўлган Усмонжон Холмирзаев ўлими юзасидан Бозорқўрғон туман прокуратураси Қирғизистон Жиноят кодексининг 104-моддаси 4-банди (Қасддан оғир тан жароҳати етказганлик) ва 305-моддаси (хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганлик) бўйича жиноий иш очган.

Эслатиб ўтамиз, Усмонжон Холмирзаевни 7 август куни соат 16 лар чамаси фуқаролик кийимидаги одамлар уйидан чақириб олиб кетишган. Соат кечки 7 да у Бозорқўрғон туман ички ишлар бўлимидан ўз яқинларига телефон қилиб, милиция идорасига 30 минг сўм (тақрибан 680 АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида пул олиб келишни айтган. Яқинлари айтилган маблағни милиция идорасига олиб келиб, Усмонжон Холмирзаевни уйга олиб кетишган. Уйга кетар чоғи Холмирзаев яқинларига милиция идорасида ушлаб турилган пайтда қаттиқ калтакланганини айтган. 9 август куни эса у олинган тан жароҳатлари натижасида Бозорқўрғон туман касалхонасида оламдан ўтган.

- Скрития (жасадни ёриш демоқчи – таҳр.) натижаси тиззаси билан устига сакраганда олди тўш суяги синиб, осколкалари (суяк синиқлари демоқчи – таҳр.) юрагига кириб кетганини кўрсатди. Экспертлар: “Юрагига суяк кириб кетган”, деб тахминий хулоса чиқаришди, - дейди воқеани ўрганаётган ҳуқуқ фаоли Гуллола Ташкенова.

Усмонжон Холмирзаев Россия фуқароси бўлгани учун унинг яқинлари талаби билан 9 август куни жасадни суд-тиббий экспертизасидан ўтказиш жараёнида Россиянинг Ўшдаги консуллиги расмийси Айрат Абдулин ҳам иштирок этди.

Озодлик билан суҳбат чоғида жаноб Абдулин Россия консуллиги Қирғизистон куч тизимларидан воқеа айбдорлари топилишини талаб қилишини айтаркан, ҳозирда ҳамма тиббий экспертизанинг якуний хулосаларини кутаётганини қайд этди.

- Биз натижалар унинг яқинлари кутаётгандай бўлмай қолишидан қўрқаяпмиз. Натижалар ўзгариб қолиши мумкин. Шунинг учун биз натижаларни кутамиз, кейин иш олиб борамиз. Ҳозирда биз туман ва вилоят прокуратураларига мазкур ҳолат юзасидан мурожаат қилганмиз, - деди Россия консуллиги вакили Айрат Абдулин.

Қайд этиш жоизки, марҳум Усмонжон Холмирзаев ўзбек миллатига, уни каттаклаган милиция ходимлари эса қирғиз миллатига мансуб бўлган. Шу сабабли Бозорқўрғон туман ҳокимияти мазкур воқеага миллий тус берилишининг олдини олиш мақсадида 10 август куни йиғилиш ўтказди:

- Кеча дафн маросимида иштирок этдик. Ота-онаси билан гаплашдик. Бугун ўзбек-қирғиз аралаш катта йиғин ўтказдик. Мазкур воқеада ҳеч қандай миллий низо йўқ. Биз қирғизистонликмиз, қонун барчамизга баробар. Йиғинда, агар гуноҳи бўлса, ҳар бир инсон жазосини олиши кераклиги айтилди, - дейди Бозорқўрғон туман ҳокими Қубатбек Артиқов.

Унга кўра, бугунги йиғилишда бундан буён милиция ходимлари одамларни фақат чақирув қоғози билан йўқлаши шартлиги тўғрисида қарор қабул қилинган.

Қубатбек Артиқовнинг таъкидлашича, Усмонжон Холмирзаев ўлимидан аввал уни кўргани уйига келган Бозорқўрқон қишлоқ ҳукумати раиси Абдиқадир Жўлчиевга ўзининг калтакланганини айтган, бироқ ҳеч кимдан даъво қилмаслигини ҳам қўшимча қилган.

Бироқ Усмонжон Холмирзаевнинг турмуш ўртоғи Зулфия опа эрини калтаклаб ўлдирган шахслар жазосиз қолишини истамайди.

- Мен милиция ходимларини отиб, осиб беришини талаб қиламан, энг олий жазо беришини хоҳлайман. Имкони бўлса, уларни умрбод қамашсин. Бир одам бегуноҳ ўлиб кетаверадими? Унақа одамдан қанчаси ўлиб кетяпти. Бунинг охири бўлиши керак-ку, айби ўзбек бўлганими? - дейди Зулфия опа.

Қирғиз матбуотининг хабар қилишича, ҳозирда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Ички хавфсизлик хизмати ҳам Россия фуқаросининг милиция ходимлари томонидан калтакланиш ҳолати юзасидан ўз хизмат текширувини бошлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG