Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:52

Доғистон ҳукумати Тошкент даъвосини рад қилди


Абдураҳмон-хожи Ас-Суғурий номидаги мадрасада болаларга ислом асосларидан сабоқ берилиши айтилмоқда.
Абдураҳмон-хожи Ас-Суғурий номидаги мадрасада болаларга ислом асосларидан сабоқ берилиши айтилмоқда.

12 "жиҳодчи"нинг Доғистонда террорчиликдан сабоқ олгани ҳақидаги хабар Махачқалада жиддий эътироз уйғотмоқда.


Доғистон Республикасининг Миллий сиёсат, диний ишлар ва ташқи алоқалар вазири Бекмурза Бекмурзаев 11 нафар ўзбекистонликнинг Доғистонда махсус диний-экстремистик тайёргарликдан ўтганини расман инкор этди ва мазкур хабар юзасидан расмий эътироз билдирди. “Дагестан” ахборот агентлигига кўра, Ўзбекистонда қўпорувчилик ва диний-экстремистик гуруҳ тузганликда айбланаётган шаҳрихонликлар Доғистоннинг расмий давлат ўқув даргоҳи бўлган “Аш -Шафия” университетида ўқиган, холос.

Дагестан агентлиги мухбирлари томонидан олиб борилган изланишлар натижасида Махачқала атрофи ва шаҳарнинг ўзида “Абдулла Суғорий” мадрасаси мавжудлиги аниқланмаган. Номи Тошкент расмийси тилга олган сўзга уйқаш Абдураҳмон-хожи Ас-Суғурий номидаги мадрасанинг эса¸ Махачқала шаҳрининг қоқ ўртасидаги биноларнинг иккинчи қаватида жойлашгани айтилмоқда.

Дагестан агентлиги мухбири Байрам Абдуллаев билан суҳбатда Ас-Суғорий диний мактаби раҳбари Абдулла ҳожи бу ҳатто мадраса ҳам эмас, балки дастлабки диний таълим берувчи мактаб эканлигини таъкидлаган.

- Мен у ерга суҳбатлашгани келганимда, таҳсил олаётган ëш болаларга кўзим тушди. Мадраса ҳақиқатан шаҳарнинг ўртасида жойлашган. Абдулла ҳожи Доғистондаги деярли барча шайхлар каби¸ Нақшбандия тариқати тарафдорларидандир. Бу тариқатнинг террорчилик ёки экстремизмга мутлақо алоқаси йўқ, билсангиз агар. Бу ерда ёши катталарга сабоқ берилмас экан: Абдулла ҳожи мактаб болаларига намоз ва Қуръондан дарс бераяпти. Менинг фарзандларим ҳам худди шундай диний мактабда ҳафтасига бир неча бор икки соатдан сабоқ олиб келади, дейди Байрам Абдуллаев.

Байрамнинг сўзларига кўра, Ас-Суғурий номидаги диний муассаса раҳбари Абдулла ҳожи унга “Мадрасада ҳеч қачон хорижликлар ишламаган ва хорижлик талабалар таҳсил олмаган, чунки бунинг учун оддий шароитлар ҳам йўқ”, деган.

Диний мактаб раҳбари 1995 йилда ташкил топганидан буён ўқув даргоҳини намоз ўқишни ўрганган ва Қуръони Карим ҳақида умумий тасаввур ҳосил қилган битирувчилар чиққанини маълум қилган.

Дагестан ахборот агентлиги мухбири Байрам Абдуллаев¸ Ўзбекистон расмийлари террорчига чиқарган андижонликларнинг Тошкент даъво қилаëтган каби Доғистондаги террор марказлари эмас¸ балки давлат университетида таҳсил олганини айтади.

- Айтилган 12 нафар йигит¸ ҳақиқатан¸ Махачқалада ўқиган, фақат МВД майдонидаги “Аш-Шафия” мадрасасида. Ўзбеклар мадрасада бор-йўғи 3-6 ойгина ислом асосларини ўрганган, ўқишни тўла битирмасдан кетиб қолишган. Билишимча уларни у ерда дарс бериш даражаси қониқтирмаган, дейди журналист Байрам Абдуллаев.

Доғистонда диний таҳсил олган андижонлик йигитларнинг бу ерда террорчиликка ўргатилгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирган Доғистон Мусулмонлар диний бошқармаси расмийси Магомед-Расул Омаров ўзбек хавфсизлик хизмати ходимларининг бу иддаоларини “провокация”, деб атаган эди.

10 август куни Ўзбекистонда террорчиликка алоқадорликда айбланиб ҳисбга олинган 12 нафар андижонлик йигит Доғистонда махсус тайёргарлик ўтгани юзасидан Доғистон ҳукумати ҳам ўз расмий муносабатини билдирди.

Доғистон Республикасининг Миллий сиёсат, диний ишлар ва ташқи алоқалар вазири Бекмурза Бекмурзаев РЕГНУМ агентлиги тарқатган хабарнинг ҳақиқатдан йироқ эканлиги юзасидан расмий баёнот тарқатди.

“Биз Доғистон Республикаси ҳудудида кўрсатилган шахслар ҳеч қандай жиноятларни содир этмаганлигини таъкидлаймиз. Уларнинг бирор-бир жамоатчиликка қарши ҳатти-ҳаракат содир этгани кузатилмаган. Биз Доғистондаги диний таълимотни Ўзбекистонда аллақандай “Жиҳодчилар” гуруҳлари билан тенглаштирилишига қатъий норозилигимизни билдирамиз”, дейилади Доғистон Республикасининг Миллий сиёсат, диний ишлар ва ташқи алоқалар вазирлиги тарқатган расмий баёнотда.

Журналист Байрам Абдуллаев билан бўлган учрашув чоғида мазкур вазирлик раҳбари Бекмурза Бекмурзаев ўзбек хавфсизлик идораларининг бу каби баёнотлари Доғистон жамоатчилиги томонидан дезинформация сифатида қабул қилинганини таъкидлаган.

“Афсуски бу Доғистонга қарши эълон қилинган ахборот уруши кўринишларидан бири. Биз буни жамоатчилик фикрини чалғитишга қаратилган ташвиқотчилик “уткаси” ўлароқ қабул қиламиз”, деган Доғистон Миллий сиёсат вазири.

РЕГНУМ ахборот агентлиги Ўзбекистонинг ҳуқуқ-тартибот органларига таяниб, Ўзбекистонда “Жиҳодчилар” диний экстремистик гуруҳига мансуб 12 шахснинг қўлга олингани ва уларнинг Доғистондаги террорчилик марказларида махсус тайёргарликдан ўтиб келганини иддао қилди.

Номи келтирилмаган Ўзбекистон хавфсизлик ходими агентликка гуруҳнинг фош қилинишида Шаҳрихонда Мирзажон Қодиров деган шахснинг қўлга олиниши ва унинг кўрсатмалари муҳим рол ўйнаганини билдирган.
XS
SM
MD
LG