Линклар

Лондон раҳбари исëнчиларни огоҳлантирди


Лондон кўчаларидаги полициячилар.

Лондон кўчаларидаги полициячилар.

Британия шаҳарларини остин-устун қилаëтган исëнчи тўдаларни тўхтатиш учун ҳеч нарсадан қайтмаймиз¸ деди Британия Бош вазири Дэвид Камерон.


10 август куни тўрт кундан бери давом этаëтган зўравонликлар ҳақида жамоатчиликка ҳисоб берган Лондон ҳукумати раҳбари¸ Британия кўчаларида тартиб ва назорат ўрнатиш учун хавфсизлик кучларига елим ўқлар ва сув отгичлардан фойдаланишгача рухсат берилганини билдирди.

- Бугун кенг кўламли полиция амалиëтлари¸ мен ҳозир гапириб турган пайтимда ҳам давом этмоқда. Кеча тунда қўлга тушмаган жиноятчилар телевизион камераларга тушдилар. Бу жиноятчиларнинг ҳар бири бу кадрлар ëрдамида биттама-битта аниқланмоқда ва ҳибсга олинмоқда. Биз инсон ҳақлари ҳақидаги сохта хавотирларнинг бу суратларни чоп этилиши ва бу шахсларнинг ҳибсга олинишига тўсқинлик қилишига йўл қўймаймиз¸ деди Британия Бош вазири 10 август кунги баëнотида.

Британия пойтахти дўкон ва ресторанларни талон-тарож қилиб¸ дуч келган нарсасига ўт қўйган исëнчи тўдалар хуружига нишон бўлганининг тўртинчи кунида¸ айтилишича¸ Лондонда нисбатан осойишталик ўрнатилган – 9 август куни пойтахт кўчаларида тартиб ўрнатиш учун 6000 ўрнига 16 000 полициячининг ташлангани ўз натижасини берган.

Айни пайтда¸ 9 августдан 10 га ўтар кечаси талончиларнинг Манчестер¸ Бирмингэм каби бошқа йирик шаҳарларга ëйилгани айтилмоқда.
Расмийларга кўра¸ ҳозирга қадар талончиликларда қатнашган 1100 нафарга яқин одам ҳисбга олинган ва Лондон ҳибсхоналарида жой қолмаганидан¸ ушланганлар махсус автобусларда бошқа шаҳарларга жўнатилмоқда.

Британияни чулғаб бораëтган талончилар исëнини тўхтатиш юзасидан фавқулодда чоралар қўллаш учун Италиядаги таътилдан шошилинч қайтиб келган Камерон¸ 10 август кунги чиқишида Британия жамиятида бундай зўравонликка жой йўқлигини таъкидлади.

- Давом этаëтган бу каби зўравонликни мутлақ қабул қилиб бўлмайди ва бунга тезда чек қўйилади. Бизнинг мамлакатмизда бундай зўравонликка тоқат қилинмайди ва биз қўрқув муҳитининг кўчаларимизда ҳукм сурилишига йўл қўймаймиз¸ деди сиëсатчи сифатида қилган энг кескин чиқишларидан бирида Британия Бош вазири Дэвид Камерон.

Бир неча кун олдин Лондон полицияси ходими бир кишини отиб ўлдирганидан кейин бошланган оммавий норозилик намойишлари кенг миқёсдаги зўравонликка айланиб кетди.

Айрим фуқаролар зўравонликлар юз берганини маҳаллий зиддият, иқтисодий қийинчилик ҳамда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут катталашиб бораётгани билан изоҳламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG