Линклар

logo-print

Ўзбекистонда 2011 йилнинг биринчи ярмида туғилиш коэффициенти 18,8 промиллени ташкил қилди. Бу ўтган йилдагига қараганда 1,6 промиллега камдир.

Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон давлат статистика қўмитасига таянган ҳолда хабар тарқатдилар.

Маълумотларга кўра, 2010 йилнинг январ-июн ойларида туғилиш коэффициенти 20,4 промиллени ташкил қилган.

Расмий статистика маълумотларига мувофиқ, 2011 йилнинг 1 июлигача бўлган ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 28,639 миллион кишига етган.

Улардан 14,697 миллиони ёки 51,3 фоизи шаҳарларда яшайди.

Ўтган ярим йилликда Ўзбекистонда туғилиш камайибгина қолмай, ўлим ҳолати ошгани ҳам айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2011 йилнинг ўтган олти ойи мобайнида ўлим коэффициенти 4,8 промиллени ташкил қилган. Бу ўтган йил шу даврига нисбатан ўлим коэффициенти 0,2 промиллега ошганини англатади (2010 йилнинг биринчи ярим йиллигида ўлим коэффициенти, расмий маълумотларга кўра, 4,6 промиллени ташкил этган).

Ўлим ҳолатлари ҳақида сўз бораркан, ҳаёт билан видолашганларнинг 66,9 фоизи қон айланиш тизимига алоқадор иллатлар, 7,5 фоизи турли ўсимталар, 6,2 фоизи нафас олиш органлари касалликлари, 6,2 фоизи ошқозон-ичак касалликлари, 4,5 фоизи эса бахтсиз ҳодисалар, заҳарланганлик ва жароҳат олганлик туфайли ўлгани айтилади.

Айни пайтда жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда болалар ўлими 1,0 промиллега камайгани хабар қилинмоқда. Ўтган йилнинг шу даврида болалар ўлими коэффициенти 11,0 промиллени ташкил қилган бўлса, бу йилнинг январ-июн ойларида бу кўрсаткич 10,0 промиллени ташкил қилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2011 йилнинг биринчи ярмида 1 ёшгача бўлган чақалоқларда 3,1 минги ўлган. Уларнинг 49 фоизи ҳомила чоғида юзага келган ҳолатлар, 34,6 фоизи нафас олиш органлари касалликлари, 6,5 фоизи туғма иллатлар, 4,7 фоизи эса юқумли касалликлар туфайли яшаб қололмаган.

Шунингдек, расмий статистика маълумотларида Ўзбекистонда никоҳдан ўтиш ўтган йилдагига қараганда кўпайгани, ажралишлар эса камайгани қайд этилади. Хусусан, 2011 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондаги Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари (ЗАГС) 113,6 жуфтликни никоҳдан ўтказган, 9 минг оила эса ажрашган. Бошқачароқ қилиб айтганда, ўтган олти ой ичида Ўзбекистонда ҳар минг кишига 8 никоҳ ва 0,6 ажралиш тўғри келган. Ўтган йилнинг шу даврида никоҳ бўйича мазкур кўрсаткич 7,9 ни, ажралиш бўйича кўрсаткич эса 0,7 ни ташкил қиларди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG