Линклар

logo-print

Uz домендаги исломий сайтлар тўсиб қўйилди


Ўзбекистон ҳукумати исломнинг жамиятдаги роли кучайишидан ташвишда.

Ўзбекистон ҳукумати исломнинг жамиятдаги роли кучайишидан ташвишда.

Ўзбекистонда айни Рамазон кунлари islоm.uz, quran.uz каби ўнлаб оммабоп исломий сайтларга кириш тўсиб қўйилди.


Исломий сайтларнинг тўсилгани ҳақида 11 август куни Озодлик таҳририятига ўзбекистонлик диндорлардан бири хабар қилди:

" Sizlarnig Beelane haqidagi maqolangizni o'qib qoldim...Nafaqat Beelani balki TSHTT yani Tashtelecom internet tarmogi orqali ham sizlar ta'kidlab o'tgan ahborot saytlariga kirib bo'lmayapti. SHuningdek O'zbekiston ichida www.islom.uz va tezkor habar hizmati info.islom.uz umuman Ismol.uz hostingi ichidagi hech qaysi saytlarga kirib bo'lmayapti...Sababi mavhum.Shuningdek youtube video portalga umuman kirib bo'lmayapti...Ammo US, Japan, Korea va boshqa davlatlardan islom.uzga kirilyapti..", деб ëзибди Тошкентдан мактуб йўллаган муштарий.

Бу хабар ортидан 11 август куни Озодлик Тошкентдаги ўз манбалари орқали Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган uz доменидаги исломий сайтларга кириш имкониятини текшириб кўрди.

Тошкент вақти билан соат 14:00 пойтахтдаги Озодлик манбалари ҳам уйидаги интернет¸ ҳам мобил интернет орқали уринганида¸ қуйидаги сайтларга кира олмади:

1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳнамолигида иш юритадиган www.islоm.uz, www.islаm.uz сайтлари;

2. Қуръони каримнинг Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдулазиз Мансур, Аловуддин Мансур, Дола Ҳиндистоний ва Олтинхонтўра таржима ва тафсирлари жойлаштирилган www.quran.uz сайти;

3. “Ҳидоят” журналининг www.hidoyat.uz сайти;

4. Қуръони каримнинг ўзбекча таржимаси жой олган www.quran.ziyo.uz сайти;

5. Соф исломий ақида ҳақидаги www.sof.islam.uz сайти;

6. Мусулмонлар тақвимига оид www.taqvim.islam.uz сайти;

7. Кўкалдош мадрасасининг www.kukaldash.islam.uz сайти;

8. Ҳалол емаклар ҳақидаги www.halol.uz сайти;

9. Россия мусулмонларининг www.islam.ru сайти.

Озодлик манбаларининг аниқлашича, ушбу сайтларга компьютер орқали ҳам, мобил интернет ёрдамида киришнинг ҳам имкони йўқ.

Шунингдек, Озодлик манбаларига кўра¸ 14:30 да Ўзбекистондаги оммабоп сайтлардан www.uzdaily.uz, www.12.uz сайтларига ҳам кириш имкони бўлмаган.

Islоm.uz раҳбари Абу Муслим сўнгги икки куни ичида сайтга кириш имкони бўлмаганини тасдиқлади. Бироқ унга кўра, 11 август куни тушдан кейин бу муаммо ҳал бўлган.

- Сайтга чет элдан кирса мумкин. Ўзбекистон ичкарисидан икки кундан бери кира олмадик. Бу қанақадир техник нарса қилганимиз учун эмас¸ ўзи умумий шунақа бўлиб қолди ҳозир. Внешний канал дейдию, ташқарига чиқиш каналда муаммолар бўлди. Яъни фақат бизнинг islom.uz сайтимиз эмас, янгиликларга оид сайтлар кўпроқ. Ўшаларга кириш нима бўлиб турган эди. Бугун пешиндан кейин ҳаммасига бемалол кирса бўлаяпти. islom.uz, Россия, бошқа .com сайтлари ҳаммасига бемалол кирса бўлади. Унақа чеклаш йўқ. Мана мисол учун оддий rambler, googleнинг новостнойларига кириб бўлмас эди-да. Ҳозир бемалол кирса бўлади. Қанақадир техник муаммо бўлганда менинг ўйлашимча. Менимча, ўша бартараф этилди, деди islоm.uz сайти раҳбари Абу Муслим.

Uz доменига маъсул бўлган “Компьютер ҳамда ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази” –UZINFOCOM ташкилоти ходими Олимжон Умаров uz доменидаги сайтларнинг ёпилиш сабабларини шундай изоҳлади.

- Бу ерда иккита муаммо бўлиши мумкин. Биринчидан, сайт провайдерлари билан боғлиқ бўлиши ва техник муаммо бўлиши керак. Иккинчидан¸ uz домени билан шартнома муддати тугаган бўлса, сайти ёпилган бўлиши керак, деди Олимжон Умаров.

“Ҳидоят” журналининг тўсиб қўйилган www.hidoyat.uz сайти таҳририяти сайтга кириш имкони ҳозирда йўқлигини тасдиқлай туриб¸ бу uz домени билан шартноманинг тугагани билан изоҳлади.

- Иш фаолиятимиз давом этаяпти. Просто домен учун шартнома вақти тугаган экан. Шунинг учун сайтимизнинг иш фаолиятини тўхтатишган вақтинча. Худо хоҳласа¸ яна иш фаолияти қайтадан тикланади. Баъзи бир сабабларга кўра вақт бўлмаяпти, имкон бўлмаяпти. Ишхонамизда қурилиш бўлаëтган эди. Шунга бунақа нарсаларга эътибор бўлмаяпти. Шунга қолиб кетаяпти, деди “Ҳидоят” журналининг ўзини таништирмаган ходими.

Соат 15:45да Uzdaily.uz сайти таҳририяти билан боғландик. Сайтнинг ўзини таништирмаган ходими 10 август куни Uzdaily.uz сайти ҳақиқатдан ҳам ишламаганини, бироқ 11 август куни сайт нормал ҳолатда ишлаётгаётганини айтди.

- Ҳозир учта провайдердан текширдим. Учаласидан ҳам ишлаяпти. 15 минут олдин текширдим. Ишлаëтган эди. Кеча ишламаëтган эди. Бугун ишлаяпти.

Озодлик: Кеча нимага ишламади?

- Ўзбекистонда интернет билан муаммолар бўлгани учун ишламади. Бизларнинг сайтимиз ташқарида жойлашган. Ўзбекистонда интернет билан сал муаммолар бўлди, шунинг учун баъзи пайтлари очилгани йўқ. Ҳозир тўғрилангандай бўлишди, менимча ишлаяпти ҳамма сайт, деди Uzdaily.uz сайти ходими.

Uz доменидаги сайтлардаги узилишлар миллий Uz доменининг бешинчи Интернет-фестивали ўтаётган бир даврга тўғри келди.

Бугунги кунда UZ доменида фаолият кўрсатаётган сайтлар сони 12,6 минг экани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG