Линклар

Қозоғистонга сув бериш масаласи Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон иштирокида Хўжандда ижобий ҳал этилди.

Ўзбекистон Қирғизистондан Қозоғистонга берилаётган сувни ўзлаштирмаслик мажбуриятини олди, Қирғизистон эса бу мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистонга бериладиган сув миқдорини кўпайтирди.

Қозоғистон делегацияси август ойининг бошида бир ҳафта давомида Бишкекда қирғиз расмийлари билан сув борасида музокара олиб борган эди.

Қозоғистон делегацияси минглаб гектар экин майдонлари сувсизликдан қуриб қолаётгани ва шунинг учун ҳам берилаётган сув миқдорини кўпайтирилишини илтимос қилган. Бунга жавобан қирғиз расмийлари сув етарли миқдорда берилаётгани, бироқ Ўзбекистон ва Тожикистон Қозоғистон учун ажратилган сувни ҳам ўзлаштириб олаётгани, шунинг учун бу масала минтақадаги барча давлат расмийлари иштирокида ҳал этилиши лозимлигини айтган.

Бундан ташқари, Қирғизистон томони Қозоғистонга сувни фақат электр энергияси сотиб олиш шарти билан бериши мумкинлигини билдирган эди.

- Энергетиклар «электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтирамиз» деган қарорга келсагина, қўшни давлатларга берилаётган сув миқдорини кўпайтиришимиз мумкин. Бироқ ортиқча электр энергиясини кимдир сотиб олиши керак, бунга эса харидор йўқ. Қозоғистон илтимос қилаётганидай, сувни электр энергияси ишлаб чиқармай бериш шартига биз рози бўлолмаймиз, - деган эди Қирғизистон сув хўжалиги ва мелиорация қўмитаси раҳбари Зиядин Жамалдинов.

Қирғизистон ҳукумати расмийси Чингиз Узақбоевнинг айтишича, Хўжандда ўтган учрашувда Қозоғистон бу шартга рози бўлган.

- Хўжанд учрашувида Учқўрғон ГЭСи орқали берилаётган 500 кубометр сув етарли эмаслиги аниқланди. Шунинг учун соатига 550 кубометр сув бериладиган бўлди. Бу сувнинг 440 кубометри Ўзбекистон ва Тожикистон учун берилади. Ўзбекистон қолган 110 кубометр сувни ўзлаштирмай, Қозоғистонга етказиб бериш мажбуриятини олди. Қозоғистон эса сувни кўпайтиргани учун Қирғизистондан ортиқча электр энергиясини сотиб оладиган бўлди, - деди Чингиз Узақбоев.

Қирғиз расмийсининг айтишича, айни пайтда Ўзбекистонда ҳам сув танқислиги қаттиқ сезилмоқда. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Хўжанддаги учрашувда олган мажбуриятини бажарсагина, қозоқ далаларидаги экинларнинг қуриб кетиши олдини олса бўлади. Аммо ўтган йиллар тажрибасидан келиб чиқилса, сув танқислиги туфайли Тожикистон ҳам, Ўзбекистон ҳам ўз мажбуриятларига тўла амал қилмаганлар, бунинг оқибатида Қозоғистон далалари сувсиз қолган.

- Сувни 550 кубометрга кўпайтирган тақдиримизда ҳам танқислик сезилади. Чунки Қирғизистондан бериладиган сув олдин Ўзбекистонга, кейин Тожикистонга ўтади. Ундан кейин сув Тожикистондан яна Ўзбекистонга ўтиб, кейин Қозоғистонга етиб боради. Шунинг учун сувнинг айтилган миқдорда белгиланган давлатга етиб боришини тўла назорат қилиш қийин, - дейди Чингиз Узақбоев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG