Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:37

Президентликка номзодлар сони эллик нафарга етди


Оқ уйдаги президентлик курсисини эгаллашга иштиёқманд номзодлар сони Қирғизистонда кундан-кунга кўпаймоқда.
Оқ уйдаги президентлик курсисини эгаллашга иштиёқманд номзодлар сони Қирғизистонда кундан-кунга кўпаймоқда.

Қирғизистонда октябр ойида ўтадиган президентлик сайлов арафасида президентликка номзодларни кўрсатиш жараёни қизғин бормоқда.

11 август куни Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 30 октябрда ўтадиган президентлик сайловида иштрок этиш учун кўрсатилган номзодлар сони 50 нафарга етганини билдирди. Улардан 9 таси сиёсий партиялардан кўрсатилган, қолган 41 таси эса мустақил номзодлардир.

Таҳлилчилар фикрича, сайлов куни яқинлашгач, мазкур номзодларнинг кўпчилиги сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар атрофига бирика бошлайди. Улар муайян бир номзод фойдасига ўз ўринларини бўшатиб беришади ёки сайловнинг биринчи босқичидан сўнг ўзига овоз берган сайловчиларни сайловнинг икикнчи босқичида бошқа бир номзод фойдасига овоз беришга чақирадилар. Таҳлилчилар бу ҳолатни “Сиёсий чайқов жараёни” сифатида баҳолайдилар.

- Албатта, лавозимлар ваъда қилинади. Кучли номзод иккинчи номзодга: “Агар мен президентликка сайлансам, сенга мана бу лавозимни бераман”, деб ваъда қилади. Ҳозиргача президентликка номзодлар Адахан Мадумаров ва Ўмурбек Суваналиевлар бу борада сўзлашувлар олиб боргани, Марат Султанов ҳам уларга қўшилиш ҳаракатида экани айтилади. Айни пайтда Бош вазир Алмазбек Атамбаев Темир Сариев билан мана шундай сўзлашувлар ўтказаётгани ҳақида гап бор, - деди сиёсатшунос Табилди Акеров.

Аммо президентликка сиёсий партиялардан номзодлари кўрсатилган таниқли сиёсатчилар бу каби иддаоларни рад этишади. Масалан, “Ата Мекен” партиясидан президентликка номзод Ўмурбек Текебаев бундай “сиёсий чайқовчиликка йўл қўйиш сайловчиларга нисбатан ҳурматсизлик” эканини айтади.

- Ўз-ўзидан сиёсатчилар орасида муроса керак. Лекин сайловга кирганингдан кейин ҳар қандай муросаи мадора ортга сурилади. Сайловда ҳамма нарсани сайловчи ҳал қилади, - деди Ўмурбек Текебаев.

Бироқ қирғиз матбуоти ва сиёсатшунослари сиёсатчиларнинг бундай билдирувларини шубҳа остига олади. Газеталарда деярли ҳар куни қайси сиёсатчи ёки партия қайси номзод билан яширин сўзлашувлар олиб бораётгани тўғрисида маълумотлар очиқланади.

Қирғиз матбуотига кўра, яширин сўзлашувларда номзодларнинг молиявий имкониятлари, қайси вилоят ёки ҳудудга таъсир ўтказа олиши ва халқаро миқёсдаги алоқалари ҳисобга олинади. Ўз-ўзидан бу каби имкониятлари кенг, реал номзодлар атрофига кўпроқ иккинчи даражали номзодлар бирлашишга интилади.

- Жанубий вилоятларга таъсир ўтказа олмайдиган номзод мазкур ҳудудда нуфузли бўлган номзод билан музокара ўтказади ва шимолий ҳудудда таъсир кучига эга бўлмаган номзод бу ҳудудда таъсир доирасига эга бўлган номзод билан тандем тузишга ҳаракат қилади, - дейди таҳлилчи Идирис Қубатбеков.

Қирғизистонда президентликка номзод кўрсатиш жараёни шу йилнинг 16 август куни ниҳоясига етади.
XS
SM
MD
LG