Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:49

Oxus Gold собиқ бош технологи 12 йилга қамалди


Сўғд вилоятининг Панжакент туманидан бўлган Саидқул Ашуров Британиянинг Тошкентдаги Oxus Gold ширкатида бош технолог бўлиб ишлаган.
Сўғд вилоятининг Панжакент туманидан бўлган Саидқул Ашуров Британиянинг Тошкентдаги Oxus Gold ширкатида бош технолог бўлиб ишлаган.

Британиянинг Oxus Gold ширкати собиқ амалдори¸ Тожикистон фуқароси Саидқул Ашуров ўзбек суди томонидан жосусликда айбланди.


Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланган тожикистонлик Ашуров шу йил март ойида хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Саидқул Ашуровнинг 10 август куни 12 йилга кесилгани ҳақида унинг акаси Облоқул Ризоев Озодликка маълум қилди.

У суд ҳукми билан рози бўла олмаслигини айтаркан, укаси икки ширкат ўртасидаги ҳақ талашув қурбони бўлганини таъкидлади.

- Аслида укам Ўзбекистон ва Британия ширкатлари ўртасидаги тортишув қурбони бўлди. Ўзбекистон ҳукумати иккита англияликни ҳибсга ололмай, кучлари менинг укамга етди. Қани ўша Буюк давлат саналган Британия ҳукумати? Кўп ваъдалар бериб, мана бугун Саидқулнинг ҳуқуқларини ҳимоялай олмади бирортаси, - дейди норози оҳангда Облоқул Ризоев.

Сўғд вилоятининг Панжакент туманидан бўлган Саидқул Ашуров Британиянинг Тошкентдаги Oxus Gold ширкатида бош технолог бўлиб ишлаган.

У шу йил, яъни Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ва Навоий кон-металлургия комбинати ҳамда Oxus Gold ширкати ўртасидаги тортишув айни қизиган бир маҳалда Ўзбекистон хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинганди.

Ўшанда Саидқул Ашуров чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик, давлат сирини ошкор этганлик ва жосусликда гумонланаётгани ҳақида хабар қилинганди.

Облоқул Ризоев жосусликда айбланиб, тўрт ой давомида сўроқ қилинган укаси Саидқулдан психотроп дорилар ёрдамида иқрорлик кўрсатмаси олинганини даъво қилмоқда.

Oxus Gold ширкатига адвокатлик қилган Роберт Амстердам эса Саидқул Ашуров сохта айбловлар билан қамалганини таъкидлайди.

- Ашуров Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари томонидан тўқима айбловлар билан ҳибсга олинган. Унинг ҳибсга олинишига бирорта қонуний асос йўқ, - дейди Роберт Амстердам.

Маълумотларга кўра, хавфсизлик ходимлари Саидқул Ашуровдан бир дона флешдиск ва ноутбук мусодара қилган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва Oxus Gold ширкат маслаҳатчиси Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, ўзбек расмийлари Амантайтау ҳудудидаги олтин заҳиралар ҳақида флеш-дискда сақланган маълумотлар учун Ашуров давлат сирини фош қилганликда айбланишини айтган.

- Флеш-дискдаги тақрибан 99 фоиз маълумотлар махфий эмас, балки аксариятнинг ундан хабари бор. Буни суд ҳакамлари ҳам эътироф этди. Бу маълумотларни бемалол интернетдан олиш мумкин. Ўша флеш-дискда фақат 2009 йилдаги битта ҳужжат, яъни олтинни экспорт қилиш йўли борасидаги маълумот борки, у ҳам бўлса ҳозирда ўз аҳамиятини йўқотган, - дейди Суҳроб Исмоилов.

Айни пайтда Тожикистон томони Саидқул Ашуровнинг озод этилишини сўраб, Ўзбекистон томонга расман мурожаат қилгани маълум бўлди.

Бу борада Озодликка билдирган Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назриев ҳозирча қўшнилардан жавоб олинмаганини айтди.

Тожик расмийси Ашуров иши устидан маҳкама бошланган дастлабки кунларда ҳам ўз идораси Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилганини, аммо бундан ҳеч қанча натижа чиқмаганини айтди.

- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига нота йўллаб, Тожикистон томонидан бирор вакил Ашуров иши билан танишиб чиқиши ва маҳкама жараёнида қатнашишини сўраган эдик. Бироқ ўша мурожаатимиз ҳам жавобсиз қолдирилди, - деди ҳукумат мулозими Давлат Назриев.

Бир гуруҳ таҳлилчилар Саидқул Ашуров Тошкент ва Душанбе ўртасидаги “жосус-жосус ўйини” қурбони бўлганини урғуламоқдалар.

Сўнгги бир неча йил давомида ўнга яқин ўзбекистонлик Роғун ГЭСи майдонини портлашишга уринганлик айби билан Тожикистонда озодликдан маҳрум қилинган. Улар тақдири кўпчилик учун номаълумлигича қолмоқда.

Айни пайтда Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазоси олган Саидқул Ашуровнинг яқинлари унинг саломатчилиги юзасидан ташвиш билдирмоқда.

Облоқул Ризоевнинг айтишича, укаси Саидқул кўп йиллардан буён гепатит билан оғрийди. Ҳибсга олинганидан кейин эса у ўпка шамоллаши касалига чалинган.
XS
SM
MD
LG