Линклар

Ғарб Сурияга қарши кескин чора қўллашга чақирмоқда


Сурия президенти Башар ал-Ассад янги тайинланган Мудофаа вазири ва бош қўмондонлик раҳбари билан бирга.

Сурия президенти Башар ал-Ассад янги тайинланган Мудофаа вазири ва бош қўмондонлик раҳбари билан бирга.

БМТ Хавфсизлик кенгашидаги Европа вакиллари тинч намойишчиларни қонга ботираëтган Дамашқ ҳукуматини жиддий огоҳлантирмоқда.

Сурия ҳукумати ўзига қарши намойишларни қуролли куч воситасида бостиришни тўхтатмаса¸ Европа ҳукуматлари унга қарши кескин санкциялар қўллашни режаламоқда.

10 август куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг ëпиқ эшиклар ортида ўтказилган навбатдаги йиғинида март ойидан бери давом этаëтган ҳукуматга қарши намойишларда 2000 га яқин қуролсиз намойишчи ўлдирилгани айтилган.

БМТ Бош котибининг сиëсий масалалар бўйича ўринбосари Оскар Фернандез-Таранко раислигида ўтган йиғинда шунингдек¸ Башар ал-Ассад етакчилигидаги Дамашқ ҳукуматининг халқаро босимга ëн бераëтгани аломатлари ҳам йўқлиги эътироф этилган.

Британиянинг БМТ даги элчиси ўринбосари Филип Рарҳамнинг мухбирларга айтишича¸ 10 август кунги йиғинда келтирилган фактлар тўпланганларнинг аксарини қаттиқ ташвишг солган.

- Нима ҳақда гап бораëтганини яхшироқ англашингиз учун¸ айрим рақамлар келтирсам – ҳукуматга қарши чиқишлар бошланганидан бери аксари қуролсиз бўлган 2000 га яқин одам ўлган¸ 3000 га яқини куч қўлланилганидан сўнг бедарак йўқолган¸ 13 000 тачаси ҳибсга олинган. Сурия шимолидаги ўн минглаб одам ҳукумат ҳужумларидан қўрқиб ўз уй-жойларини ташлаб қочган. Туркияга ўтган суриялик қочқинлар сони бир неча мингга етди. Бу одамларнинг на матбуот ва на инсонпарварлик ташкилоти вакиллари билан учрашиш имкони йўқ¸ деди БМТ даги Британия вакили.

Аммо Суриянинг БМТ даги элчиси Башар Жаъфарий Европа расмийларининг бу каби танқидларини инкор қилди ва Суриядаги сиëсий намойишларни Британиядаги талончиликларга қиëслади.

- Англия Бош вазирининг Англиядаги талон-тарожларни уюштирганларни жиноятчилар тўдаси деб атагани жуда намуналидир. Аммо улар менинг мамлакатимдаги қуролли тўдалар ва террорчи гуруҳларга нисбатан айни шу сўзни ишлатишимизга йўл қўймаëтирлар. Бу бориб турган икки юзламачиликнинг ўзидир! Бу ман-манликдан бошқа нарса эмас¸ деди Суриянинг БМТ даги элчиси.

Бундай қиëсни “ахмоқона” деб атаган БМТ даги Британия вакили¸ қолаверса Европа дипломатлари¸ Суриядаги вазиятга оид ҳафталик ҳисобот ҳозирлаш ва бу вазиятнинг БМТ инсон ҳақлари ҳамда инсонпарварлик мутасаддилари томонидан баҳоланишини талаб қилмоқдалар. Уларга кўра¸ Сурия ҳукумати намойишчиларга қарши ҳарбий куч қўллашни тўхтатмаса¸ унга қарши кескин жазо чоралари қўлланиши лозим.

Аммо БМТ Хавфсизлик кенгашининг вето ваколатига эга икки доимий аъзоси Россия ва Хитой бундай санкцияларга қарши чиқмоқда¸ улар позициясини Ҳиндистон¸ Бразилия ва Жанубий Африка каби кенгаш аъзолари ҳам қўлламоқда.

Ҳозирча бу давлатлар Сурияни ўзи ваъда қилган ислоҳотларни тезроқ ўтказишга чақириш билан чекланмоқда¸ холос.

Айни пайтда¸ АҚШ нинг БМТ даги элсичи Сюзан Райс¸ 10 август куни Вашингтоннинг Сурия борасидаги энг кескин баëнотини эълон қилди.

- Биз Ассад қилаëтган ишларнинг мутлақ қабул қилиб бўлмас эканини таъкидлаш учун БМТ Хавфсизлик кенгашидаги барча вакиллар билан ишламоқдамиз. Легитимлигини йўқотган Ассаднинг ҳокимиятдан кетиши биз Сурия халқи ва Сурия учун жуда яхши бўлади¸ деган фикрга келдик¸ деди АҚШ ҳукуматининг БМТдаги элчиси.

Айтилишича¸ чоршанба куни Сурияга қарши бир томонлама санкциялар жорий қилган Оқ уй маъмуриятининг яқин орада Сурия президенти Башар ал-Ассадни ҳокимиятдан кетишга чақирувчи баëнот эълон қилиши кутилмоқда.

Аммо Дамашқ раҳбариятида бу чақириқлар¸ қолаверса кучайиб бораëтган халқаро босимни инобатга олиш иштиëқи борлиги кўзга ташланмаëтир.
Суриялик фаолларга кўра, 11 август куни ҳукумат мамлакатнинг Туркия билан чегарадош Идлиб шаҳрига қўшин киритган¸ айни шу куни ҳукумат қўшинлари Сарақебга ҳужум қилиб, ўнлаб одамни ҳибсга олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG