Линклар

Тожикистон мустақиллиги арафасида мукофотсиз қолган айрим мухолиф сиёсатчилар Имомали Раҳмондан норози бўлишди.

Тожикистон мустақиллигининг 20 йиллик тўйи арафасида тожик жамиятидаги икки юздан ортиқ таниқли шахслар давлат мукофоти билан тақдирланди.

Мукофотни шахсан топширган Имомали Раҳмон: “Уларнинг ҳар бири ўтган йигирма йил давомида давлатчилик асослари ва бунёдкорлик жараёнини мустаҳкамлаш ҳамда демократия равнақи йўлида арзирлик ҳисса қўшгани” ни таъкидлади.

Давлат мукофоти билан тақдирланганлар орасида ҳатто ҳукуматга мухолиф деб қаралган Тожикистон Ислом уйғониш партияси лидери Муҳиддин Кабирий ҳам бор. Кабирий жаноблари “Мустақилликнинг 20 йиллиги” медали билан тақдирланди. Тожикистонда мухолифат лидери илк бор давлат мукофотига сазовор бўлди.

- Президент Раҳмон мухолиф сиёсатчини давлат мукофоти билан тақдирлаш ортидан жамиятда хотиржамлик, барқарорлик ҳамда ўзаро муносабатлар мустаҳкамланишини истаётгандир, - дея мулоҳаза билдиради Ислом уйғониш партияси масъулларидан бири Ҳикматулло Сайфуллозода.

Эътиборли жиҳати шундаки, Тожикистондаги иккита сиёсий партия – Тожикистон Социал демократик партияси ва Тожикистон Демократик партияси раҳбарлари кечаги тантанали маросимга чақирилмади.

- Демократлар мустақиллик йўлида коммунистлар билан курашди. Аммо нега бугун демократлар мукофотсиз қолдирилиб, коммунистлар қадрланди? Ахир давлатимизнинг мустақил бўлиши учун ана ўша коммунистлар қарши эмасмиди? Қани бу ерда мантиқ? - дейди Тожикистон Демократик партияси раиси Маъсуд Собиров.

Президент қўлидан медал олган сиёсатчилардан бири Абдуҳалим Ғаффоров эса айрим сиёсатчиларнинг мукофотланмаганидан норози бўлишини асоссиз, деб ҳисоблайди.

- Ҳар ким ўз хизматига яраша қадрланди. Мамалакатдаги турли сиёсий партиялар раҳбарлари республикамиз равнақига қўшган ҳиссаси учун қадрланди, менимча бу ерда гилага ўрин йўқ, - дер экан, Тожикистон Социалистик партияси раиси Абдуҳалим Ғаффоров ўз партияси мамлакат мустақиллиги учун салмоқли ҳисса қўшганини қистириб қўйди.

Шу тариқа Тожикистондаги саккизта сиёсий партиядан олтитаси, жумладан, Аграр, Коммунистик, Ислом уйғониш, Иқтисодий ислоҳотлар, Социалистик ва Халқ демократик партиялар лидерлари кўксига “Мустақилликнинг 20 йиллиги“ медали қадалди.

Ўз партияси баёнотларида Имомали Раҳмон юргизаётган сиёсатни кескин танқид қилиб келаётган Социал-демократлар лидери Раҳматулло Зоиров ва тожиклар янги давлатини тузишда ҳисса қўшанини иддао қилаётган демократлар раҳбари Маъсуд Собиров эса медалсиз қолдирилди.

Президент девони масъуллари бу борада изоҳ беришдан бош тортди.

Аснода мустақил таҳлилчилар кечаги расмий маросим Тожикистондаги сиёсий кучлар ҳали ҳам тўлақонли ваҳдатга эришмаганини яна бир бор исботлади демоқдалар.

Зеро, таҳлилчиларга кўра, ҳукумат ҳозиргача уларни “ўзники ва бегона” га ажратиб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG