Линклар

Владивостокда ўз юртдошларини қулликка маҳкум этган икки Ўзбекистон фуқароси Миллий хавфсизлик хизмати сўровига асосан қўлга олинди.


Владивосток полицияси оператив хизмат ходимлари томонидан одам савдосида гумонланаётган икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди.

Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаган Приморск ўлкаси Ички ишлар бошқармаси Ахборот бўлими раҳбари Ирина Сировага кўра¸ одам савдосида айбланиб бир ой қидирувдан кейин қўлга олинганларнинг Ўзбекистонда ҳам шериклари ҳибсга олинган.

- Улар Ўзбекистонга экстрадиция қилинади. У ерда эса Ўзбекистон Жиноий Кодекси бўйича одам савдоси учун 3 йилдан 12 йилгача бўлган жуда қаттиқ жазо белгиланган. Кўплаб одамлар улардан жабр кўргани ва бу жиноятлар уюшган халқаро жиноий гуруҳ таркибида қилинганини ҳисобга олсак, ҳибсга олинганларга максимал 12 йилдан жазо муддати тайинланса керак. Бу икки киши Ўзбекистон хавфсизлик хизмати талаби билан қўлга олинди, дейди Ирина Сирова.

Экстрадиция қилинаётганларга Ўзбекистонда Жиноий Кодекснинг 135- моддаси юзасидан одам савдосида айбланиб жиноий иш очилгани маълум бўлди.

Аниқланишича, бу жиноий гуруҳ катта ваъдалар билан ўзбекистонликларни Россияга олиб келиб¸ Владивостокка келганидан кейин улар ҳужжатларини тортиб олган, турли қурилиш ва қишлоқ хўжалиги объектларида бепул ишлатган.

Полиция расмийлари улар дастидан неча киши жабр кўрганини ҳозирча очиқлаганича йўқ.

Приморск полиция бошқармаси расмийси Ирина Сирова бундай жиноий тўдалар “ишчи бригадаларини” ташкил этишда замонавий техника воситалари, Интернет,телевидение ва оммавий реклама усулларидан кенг фойдаланмоқда, дейди.

Приморск ўлкаси Мусулмонлар қозияти бошқармаси раҳбари¸ асли ўзбекистонлик Дамир Ишмуҳамедов ўзбекистонликларнинг одам савдоди билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар тушиш ҳоллари камайган бўлса-да¸ ҳамон тўхтамаëтганини айтади.

- Қулликка одатда ўз ҳуқуқларини билмайдиган, оми мигрантлар тушмоқда. Приморъеда қул қилиб ишлатгани ҳақида охирги маротаба икки йил олдин Уссурийскда ўрмонда бир неча ой ишлатилган ўзбеклар ёки фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурланган 20 нафар ўзбек қизлари ҳам шундай жиноий гуруҳлар томонидан Владивостокка олиб келинганини эслайман, дейди Дамир Ишмуҳамедов.

Мигрантлар масалалари билан кўп йиллардан бери бевосита шуғулланиб келадиган Дамир Ишмуҳамедов, қулликка солиниш ҳолатларидан ташқари “Владивостокда асосан қурилиш, ремонт, йўл қурилиши, ҳайдовчилик, фаррошлик ва қоровулликда ишлаб келаётган ўзбекларга маош бермаслик, уларнинг хужжатларини тортиб олиб қўйиш, калтаклаш, мажбурлаб ишлатиш каби вазиятлар саноқсиз учрайди ”, дея давом этади.

- Шунга қарамасдан ўзбеклар оқими камаймаяпти, аксинча йилдан-йилга ошиб бормоқда. Жорий йил бошидан буён расман аллақачон 35 минг ўзбек қайдга олинган. Бу Миграция хизматининг расмий маълумоти. Норасмий маълумотларни ҳисобга оладиган бўлсак бу кўрсаткич икки баробарга, яъни 70 минг ёки ундан ҳам ошиқроқ бўлиши турган гап, дейди Приморск ўлкаси Мусулмонлар қозияти бошқармаси раҳбари Дамир Ишмуҳамедов.

Москвада “Сантехника” ширкатида қурилишда ишлаётган хоразмлик 41 ёшли Мурод “посредниклар” томонидан алданганлардан бири. Ўз аччиқ тажрибасидан келиб чиқиб, у Россияга меҳнат қилгани кетаётган ўзбекистонликларга қуйидагиларни тавсия этади.

- Тушмаслик учун уйдан келишда самолётдами, поезддами пул олиб келиш керак. Аввалига уйингизда пул кўп бўлса бу ерга келиш шарт эмас. Бу ерга минг-икки минг доллар олиб келиш керак, чунки келгандан кейин ўзингиз комиссиялардан ўтасиз, медкнижка дегани бор...Мени ўзимни ҳамқишлоғим алдаган. Бир жойданмиз, ишонасизку. У ерда фақат мен эмас, бошқа 20 га яқин боллар тушган. Ҳаммаси бўлиб бир 15 минг долларга тушганмиз.

"Иш бор", дейди, борасиз. Документи йўқ кўп одам-да. Документнинг ўзиям 18-20 минг туради энг ками разрешениега. Пропискангиз ойига минг рубл туради. Лекин келгандан кейин шуларга пул керакку! Пул эса йўқ... Бу ерда алдаётган руслар эмас, ўзларимизникилар. Айрим посредниклар беради пулни. Қолгани 1-2 ой беради, холос. Нимага?! Ўзини ишончига киргизиб олиш учун. Ишончига киргизиб олиб, сиз бошқа жойлардан ошна-оғайниларни чақирасиз, одам кўпаядими. Ундан кейин у крупний уриб олади, дейди ўзбекистонлик “посредниклар” томонидан алданиб ишлатилганлардан бири Мурод.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG