Линклар

logo-print

Ўзбекистондаги “олий табақа” мактабларга кириш ҳам “пуллик”


Ўзбек мактабларидаги таълим сифати тушиб бораëтгани ота-оналарни ўз фарзандларини рус тилидаги мактабларга¸ пора бериб бўлса-да¸ қўйишга мажбурламоқда¸ дейилади Эксперт ишчи гуруҳи ҳисоботида.

Ўзбек мактабларидаги таълим сифати тушиб бораëтгани ота-оналарни ўз фарзандларини рус тилидаги мактабларга¸ пора бериб бўлса-да¸ қўйишга мажбурламоқда¸ дейилади Эксперт ишчи гуруҳи ҳисоботида.

Озодликка ота-оналардан келган бу шикоятни Ўзбекистон Эксперт ишчи гуруҳи ўтказган сўнгги тадқиқот ҳам тасдиқлади.

Аксар ўзбекистонликлар диққати мамлакатдаги олий ўқув юртларига бўлиб ўтган тест синовлари ва бу синовлардан ўтишдаги коррупция роли билан банд бўлиб турган бир пайтда¸ Ўзбекистон бўйлаб янги ўқув йилига ўқувчиларни қабул қилиш жараëни бормоқда.

“Ўзбекистонда асосан бойнинг боласи кирадиган Юридик институтига кириш бу йил фалон доллар¸ Дипломатияга пистон доллар бўпти”¸ деган гаплар қизғин муҳокамада бўлиб турган айни кезларда¸ боласи 1-синфга борадиган ота-оналар ҳам “фалон мактабга кириш нархи унча¸ пистончисига бунча”¸ деган мавзуни муҳокама қилмоқда.

“Бу йил биринчи фарзандим мактабга чиқади. 7 ëшга тўлишига саноқли ой қолгани¸ боз устига ўз микроучасткамиздан ташқаридаги “олий табақа”дагилар боласи ўқийдиган рус тилидаги мактабга қўйиш учун район халқ таълими бўлимида ишлайдиган одамга яқин таниш орқали 100 АҚШ доллари бердим¸ унинг қўнғироғидан сўнг мени қабул қилган мактаб директорига¸ ичига қимматбаҳо спиртли ичимлик ва атир-упа солинган сумка бердим (яна 100 доллар)¸ шундан сўнг 2-3 синф боласиям ўта олмайдиган имтиҳони билан бошимни оғритмай¸ боламни мактабга қабул қилишди. Кириш пуллик бўлгандан кейин¸ йил давомида ўқиш учун ҳали анча чўнтагимизни қоқишса керак”¸ деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Тошкентдаги ëш оналардан бири.

Бу суҳбат билан айни кунда Ўзбекистон Эксперт ишчи гуруҳи янги ҳисоботини эълон қилди ва унда мамлакатда бойлар ва давлат амалдорлари болалари ўқийдиган “олий табақа” мактаблари кўпайиб бораëтгани¸ тест синовлари асосида қабул қилинадиган асосан рус тилидаги бундай мактабларга кириш норасмий нархининг 150-200 АҚШ долларига чиққанини билдирди.

Иккаласи айни муаммога бағишланган бу хулоса ортидан Озодлик дастлаб мазкур ҳисобот муаллифини суҳбатга тортди. Мавзу нозиклиги боис¸ муаллиф ўз исми-шарифи келтирилмаслигини истади:

- Қонунчилик бўйича ҳеч қандай бўлиниши ëки бўлмаса шаҳар мактаби билан қишлоқ мактабини ажратиш тизими мавжуд эмас. Лекин амалда мактабларнинг юқори тоифадаги мактаблар ва оддий мактаблар тизимига бўлиниб қолиш жараëни мавжуд. Бунинг энг асосий сабаби жамиятда кечаëтган бугунги кундаги ижтимоий табақаланиш, дейишимиз мумкин.

Юзаки олиб қарайдиган бўлсак, бу нормал жараëн. Яъни қайсидир иқтидорли болаларни чуқурлаштириб ўқитадиган мактаб ҳар бир мамлакат, жамият учун керак. Муаммоли вазият шундаки, бу мактаблар ўқувчининг интеллектуал салоҳияти ëки иқтидорига қараб эмас, балки унинг ота-онасининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятига қараб, яъни давлат хизматчиси, давлат юқори мансабдор шахси ëки бизнесменми, шундан келиб чиққан ҳолда қабул қилмоқда, деди Озодлик билан суҳбатда “Ўзбекистон таълим тизимидаги муаммолар” деб номланган ҳисобот муаллифи.

Ўзбекистонда умумиятла¸ айниқса ўзбек тилида ўқитиш сифат ва савияси кун сайин тушиб бораëтган бир пайтда¸ таълим сифати миллий мактаблардан нисбатан баландроқ бўлган рус мактаблари¸ боз устига “олий табақали” ëхуд ихтисослашган мактабларга кириш учун жорий этилган тест синовлари¸ аслида ота-оналардан пул ëхуд имтиëз ундириш воситасига айланган¸ деб давом этади ҳисобот муаллифи.

- Унақа мактабларга қабул қилишда сунъий тўсиқлар ҳам қўйилади¸ масалан¸ ўқувчини қабул қилишда имтиҳон ташкил қилинади мактаб маъмурияти томонидан. Бунда 1-2-синфнинг ўқув программалари асосида қилинади. Табиийки бу жараëнда ҳеч бир бола имтиҳондаги саволларга жавоб бера олмайди ва ундан ўта олмайди. Шу асосда уни бошқача йўл билан қабул қилишни ота-онасига тушунтириб қўйишади. Шу жараëнга рози бўлган ота-она¸ яъни маълум суммани тўлай оладиган ëки мактаб маъмурияти учун маълум бир ишни амалга ошириб берадиган ота-она фарзандини бемалол шу мактабга жойлаштириши мумкин. Биз нафақат Тошкент шаҳри балки бошқа вилоятларни ҳам ўргандик. Асосан бу мактаблар рус тилига ихтисослашган ҳисобланади¸ дейди Ўзбекистон Эксперт ишчи гуруҳи тадқиқотчиси Озодлик билан суҳбатда.

Ўз исми-шарифи айтилмаслиги шарти билан суҳбатлашган Ўзбекистон вилоятларидан биридаги мактаб ўқитувчиси ҳам¸ мазкур ҳисоботда таъкидланган муаммонинг ўз атрофида ҳам кузатилаëтганини эътироф этган ҳолда¸ бунинг кўлами ҳозирча Тошкент шаҳри миқëсига етмаганини айтади.

- Бизларда ҳам шунақа бўлиниш бор¸ деса бўлади. Бу мактаб ëмон, буниси яхши деган қандайдир фикрлар бор ота-оналарда. А, Б, В синфларига бўлинадику¸ ўшанда бойларнинг болаларини алоҳида қилиб, камбағалларнинг болаларини алоҳида қилиб бўлиш бу бор нарса. Умумий мактаб жиҳатдан олиб қараса, унақа йўқ. Рус тили мактабига жалб қилиш деган нарса вилоятларда кўп учрамайди. Тошкент шаҳрида кўп учраши мумкин. Бизда фақат синфларни бўлишда шунақа бўлиниши мумкин¸ дейди вилоят мактаби ўқитувчиларидан бири.

Мактабларнинг бойлар ва камбағаллар ўқийдиган тоифаларга бўлиниши¸ давлат ичидаги давлатга айланган Тошкент шаҳрида кенг ëйилгани боис¸ Озодлик пойтахтнинг асосан давлат амалдорлари ва бадавлат оилалар орасида машҳур айрим мактабларига 1-синфга кириш йўл-йўриқлари хусусида мурожаат қилди.

Олой бозори биқинида жойлашган инглиз тилига ихтисослашган 17-мактаб маъмурияти телефонлари кун давомида банд бўлди – афтидан бу ерда қабул авжида!

Миробод туманидаги 110-мактаб ҳам¸ бирор фанга ихтисослашмаган бўлса-да¸ “олий табақа”лар мактаби ҳисобланади.

- Билолмадим. Сиз қайси микроучасткага қарайсиз ўзи? Рус синфига қўймоқчисиз¸ албатта. Бизда ўзбекча синф ҳам бор. Сиз келинг, ҳаммасини биласиз. Бизга ҳеч қанақа имтиҳон йўқ. Келинг бир, гаплашамиз¸ хўпми? деди “келинг” деган сўзга алоҳида урғу берган 110-мактаб маъмури.

Яккасарой туманида жойлашган 160- мактаб ҳам ишқибозлари кўп “олий табақа” мактабларидан.

- Биз иқтисодга ихтисослашган мактабмиз¸ шунинг учун болаларни тест асосида қабул қиламиз. Тестлар июн ойида бошланган¸ ҳозир тугаб бўлди. Учта рус тилидаги биринчи синфимиз бор¸ уларнинг ҳар бирига 40 тадан бола танлаб бўлинди¸ сиз кеч қолдингиз. Лекин келиб бир директоримизга учраб кўринг¸ деди Тошкентнинг Яккасарой туманида жойлашган 160-мактаб маъмури ҳам “келингчи¸ гаплашиб кўрамиз” деган гапни чўзиброқ айтар экан.

Тошкентдаги яшаш манзили Юнусобод районида бўлган фуқаролар ўз болаларини шу ҳудуддаги 17 ëки 43-мактабга қўйиш ҳаққига эгами¸ дея туман Халқ таълими бўлимига мурожаат қилдик.

- Пропискангиз Тошкент шаҳри бўлса, олаверишади улар агар ëши еттига тўлган бўлса. Мактабда приëм билан ўқитувчи шуғулланмайди, директор шуғулланади. Шунақа ўқитувчилар борда, орқаравотдан ўзларича хўжайин бўлиб қолишади. Ўқитувчиларимиз маҳмадона бўлиб кетган ҳозир. Ҳозир ҳамма жойда приëм кетаяпти. Тугаб қолиб, бўлди деган жойи йўқ ҳали.

Тест синовлари орқали қабул қилишни маъқуллашган, мониторинг маркази менимча тасдиқлаган. Тест билан қабул қилишга рухсат берилган. Мониторинг маркази бу билан шуғулланади¸ деди пойтахтдаги 17-сонли¸ 43-сонли “крутой” мактаблар жойлашган Юнусобод туман Халқ таълими бўлимининг мактаб ишлари бўйича мутасаддиси.

Тошкентдаги қайси мактаблар ихтисослашгану¸ уларга 1-синфга кирувчиларни махсус тест асосида қабул қилишга расмий рухсат берилганми¸ деган саволларга жавоб топиш илинжида Озодлик мухбири Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг мактаб ишлари бўйича мутасаддиси билан боғланди:

- Масалангиз бўйича туман халқ таълими бўлимига чиқинг. “Мактаб олмайман деяпти. Яшаш жойим шу”. Бўлди, муаммо бўлиши мумкин эмас. Ариза билан ëки оғзаки бўлса ҳам, районо мудири бор, ўшанга мурожаат қилинг. Ихтисослаштирилган мактабларда шунақа нарса бор. Давлат тест маркази томонидан олинади бу нарса. Лекин бу 1-синфни битириб бўлгандан кейин бўлади. Тест борлиги рост, лекин 1-синфни битиргандан кейин 2-синфга ўтиш пайтида бўлади. Бошқа районда яшайдиган аҳолининг шаҳардаги бошқа мактабларга чиқишга ҳаққи бор¸ йўқ дея олмайди. Лекин микроучастка биринчи навбатда ўзининг яшаш жойидагиларни қабул қилиши шартда уларнинг. Прописка масаласи бор, таълим тили бор. Агар бола ўзбекча боғчага борган бўлса, русчада қийналади. Шу томонларининг ҳаммасини инобатга олиб, қабул қилинади¸ деди вазирлик ходими.

Микроучасткада жойлашган мактаблар ихтисослашган( ëхуд “олий табақали”) бўлса ва улар бизда қабул тугади¸ синфлар тўлиб бўлди¸ дея август ойидаëқ ота-онани эшитишни ҳам истамаса¸ бундайлар кимга ва қандай мурожаат қилишлари лозим?

- У ҳам асосли жавоб 45та бўлса, синфга 46 ëки 47 қилиб олиб кириб ўтказа олмаслигига. Бу ҳам ҳақиқатку. Буни ўзингиз сентябрда кириб ҳам гувоҳи бўлишингиз мумкин. Шаҳар бўйича ихтисослашган мактаб статусига эга 15-16 мактаб бор. Йиллаб одамлар ўша мактабларга очередда турибди фарзандини қўйиш учун. Районога бориб аризани ташлаб қўйиб 4-5 ëшидан кутади. Шундай ҳолат бўлган бўлиши мумкин, деди Халқ таълими вазирлиги мутасаддиси.

Пойтахт Тошкентда олий табақали мактабларнинг асосан рус тилидаги мактаблар экани ҳам ота-оналар¸ ҳам Ўзбекистон Эксперт ишчи гуруҳи томонидан алоҳида қайд этилмоқда. Ихтисослашган бўлса-да¸ ўзбек тилидаги мактабларга киришнинг муаммо эмаслигини¸ бундай мактабга талабгорларнинг кўп эмаслигини Юнусободдаги математикага ихтисослашган 143-мактаб маъмурияти вакили билан суҳбатдан англаш қийин эмас.

- Чуқурлаштирилган синфимиз бор. Математика синфи. Ўшанга тест билан оламиз. 1-синфга шундай оламиз. 5-синфдан ажралади. 4 йил ўқийди. Бизларда айрим синфлар чуқурлаштирилганда¸ 5-синфда ажратилади. Ана ўшанда тушиб кейин ўқийди бу ëғига. Синфда болалар сони максимум 25 та¸ ундан ошмайди. 25тадан кам бўлса бўладики¸ ошмайди. Ўзи мумкин ҳам эмас 25 тадан ошиши¸ деди Юнусободдаги математикага ихтисослашган 143-сонли ўзбек тилидаги мактаб маъмури.

Нега Тошкентдаги рус тилидаги ихтисослашган мактабларга боласини қўйиш учун амалдор ва бадавлат ота-оналар ўртасида кескин пойга кетаëтган айни кунларда¸ ўзбек мактабларида бундай ҳолат кузатилмаëтир?

Бу Ўзбекистондаги миллий мактабларда ўқиш савиясининг тушиб кетганию¸ миллий мактабларнинг ўз битирувчилари учун улар истаган истиқболни бера олмаслигини эътироф этиш ифодасими? Бу саволлар энди алоҳида тадқиқот мавзуи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG