Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:06

Лондон ҳукумати ижтимоий тармоқларни жиловламоқчи


Талон-тарожлар қайтарилиши олдини олиш учун Лондон раҳбари Facebook, Twitter каби ижтимоий тармоқларни чеклаш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилди.


Британия Бош вазири Дэвид Камерон пайшанба куни парламентда қилган чиқишида, "Эркин ахборот оқимидан яхши мақсадларда фойдаланилади¸айни пайтда ундан ёмон мақсадда ҳам фойдаланиш мумкин. Одамлар ижтимоий тармоқдан зўравонлик содир этиш мақсадида фойдаланса, биз уни тўхтатишимиз лозим", дея баёнот берди.

Камерон шубҳали шахслар тартибсизликлар уюштиришининг олдини олиш учун ҳукумат уларнинг Facebook, Twitter ва BlackBerry Messenger каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига чеклов жорий қилиш йўлларини излаётганини айтди.

Бироқ сўз эркинлиги ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳлар буни амалга ошириш жуда мушкул экани баробарида чеклов фуқаролар фундаментал эркинлигини бузади, деган хавотирдалар.

Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институтининг Марказий Осиё масалалри бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов Озодлик билан суҳбатда Лондон раҳбари баëноти моҳиятини бузмаслик лозимлигини таъкидлай туриб¸ бундай хавотирларга асос йўқлигини айтади.

- Биринчидан, Бош вазир Дэвид Камерон Facebook, Twitter ва BlackBerry Messenger каби ижтимоий тармоқларни блок қилиш тўғрисида гапиргани йўқ. Унинг таклифи оммавий тартибсизликлар ва талон-тарожлар каби жиноий ҳаракатларга ундовчи шахсларнинг бу тармоққа киришини тақиқлашни назарда тутган. Ҳатто тор доирадаги шахсларнинг ижтимоий тармоқдан фойдаланишини чеклаш ҳақида гап бораётганига қарамай, фуқаролик жамияти, Facebook ва Twitter ширкатлари томонидан норозилик билдирилди. BlackBerry Messenger эса ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга рози бўлгани айтилмоқда, дейди Алишер Илҳомов.

Технология мутахассислари оммавий тартибсизликлар ва талон-тарожлар юз бериши олдини олиш учун Британия ҳукуматининг ижтимоий ахборот ва алоқа воситалари фаолиятини чеклашига шубҳа билан қарамоқда.

Технология бўйича блоггер Роза Голиян фикрича, жиноий ҳаракатларга даъват қилувчи шахслар ижтимоий алоқа тармоғидан фойдаланишининг олдини олиш учун Лондон ҳукумати олдида учта танлов бор. Биринчи танлов, айрим шахсларнинг ижтимоий тармоққа киришини чеклаш. Иккинчиси, Хитойдаги каби номақбул сайтларнинг қора рўйхатини тузиш ва учинчи танлов, интернетни вақтинчалик ўчириб қўйишдир.

Бироқ Алишер Илҳомовга кўра, Британия Бош вазирининг таклифи амалга ошиш учун у узоқ муҳокамалардан ўтиши лозим.

- Бош вазир ўртага қўйган бу таклиф амалга ошиши учун узоқ жараёндан ўтиши лозим. Чунки бу таклифга қарши бўлганлар эътироз билдиради. Бу борада муҳокамалар бўлиши ва парламент қарор қабул қилиши лозим бўлади. Бош вазирнинг фақат шубҳали шахсларнинг ижтимоий тармоқдан фойдаланишини чеклаш учун эса суд қарор чиқариши кифоя, дейди Алишер Илҳомов.

Айрим таҳлилчилар Британияда ижтимоий тармоқдан фойдаланишга чеклов жорий этиш масаласининг муҳокама этилаётганидан авторитар режимлар ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкин, деган фикрда.

Алишер Илҳомов Британиядаги воқеалар ҳақида авторитар режимлар қандай ташвиқот олиб боришидан қатъий назар¸ уларга ҳеч ким қулоқ солмайди¸ деган ишончда.

- Ўзбекистон ва унга ўхшаш авторитар режимлар ҳар доим шу каби вазиятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринади. Улар ҳатто Британияда ахборот оқимига чеклов қўйиш ҳақида сўз бормоқда, қабилида ташвиқотлар олиб борилиши шубҳасиз. Тор доирадаги одамларнинг ижтимоий тармоқдан фойдаланишини таъқиқлаш билан қатор интернет сайтларга киришга тўсиқ қўйилган ҳамда ширкатлар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан назоратга олинган давлатлардаги вазиятга таққослаб бўлмайди. Британиядаги воқеалар турлича талқин қилинаверади¸ аммо уларнинг иддаоларига ҳеч қим жиддий қулоқ солмайди, дейди Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институтининг Марказий Осиё масалалри бўйича таҳлилчиси профессор Алишер Илҳомов.
XS
SM
MD
LG