Линклар

logo-print

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йилги Ўш қирғинидан сўнг Қирғизистон бир умрга қамалганлар сони кескин кўпайган.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Қирғизистон қамоқларида бир умрга кесилган 250 маҳбус бор. Бир умрга қамалганларнинг асосий қисми 20 ёшдан 40 ёшгача бўлган шахслардир.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишларича, Қирғизистонда бир умрга қамалганлар сони 2010 йилги Ўш воқеасидан сўнг кескин кўпайган.

- Бу воқеагача ҳар йили кўпи билан 14 та одам бир умрга қамалар эди. 2010 йилда эса 38 та одам бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу Ўш қирғини юзасидан очилган жиноят ишлари билан боғлиқ, - дейди Евгения Крапивина.

Айтиб ўтиш лозимки, халқаро ташкилотлар, жумладан, Хюман Райтс Уотч ташкилоти ҳисоботида Ўш қирғини кунлари қотилликларда айбланиб бир умрга қамалган 30 одамнинг 28 таси ўзбек экани айтилади.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Евгения Крапивинанинг айтишича, бир умрга қамалганлар орасида ўтказилган тадқиқот натижасида, уларнинг 88 фоизи адолатсиз ва нохолис судланганлари, ўзларига қўйилган айбларни қийноқлар остида тан олганликларини билдирганлар. Евгения Крапивина Ўш қирғини юзасидан айбланиб бир умрга қамалганлар ўзларига нисбатан қийноқларнинг энг ваҳшиёна усуллари қўлланилганини айтиб беришганини билдирди.

Озодлик радиоси суҳбатлашишга муваффақ бўлган бир умрга қамалган маҳбус Мирзоҳид Солиев ҳам бу гапларни тасдиқлайди.

- Аввалига мени укамни “тартибсизликларда қатнашгансан”, деб олиб кетишди. Кейин мени терговга чақиришди. Терговчининг хонасига кирсам, укамни жуда қаттиқ калтаклашибди. Мени олдимда ҳам калтаклашиб, “Агар сен мана бу қотилликни бўйнингга олмасанг, укангин бу ердан ўлиги чиқади”, дейишди. Шундан сўнг мен қилмаган жиноятни бўйнимга олишга мажбур бўлдим. Ўшда ўша кунлари ҳуқуқ-тартибот тузилмалари мана шундай принципда ишлашган. Битта уйдан 2-3 та одамни олиб чиқиб кетади-да, улардан 1-2 тасини қаттиқ калтаклайди, қийноққа солади ва қўлга олинганлардан бири ўз яқинини қутқариб қолиш учун қилмаган жиноятни бўйнига олади, деди Мирзоҳид Солиев.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари қийноқлар остида айблари тан олдирилган маҳбусларнинг жиноятларга алоқадорлиги шубҳа туғдиришини ва уларнинг ишлари қайта кўриб чиқилиши лозимлигини айтишади.

Айни пайтда Жазони ўташ бошқармаси жамоатчилик кенгаши раҳбари Чўлпўн Ўмурқанова ўз ташкилоти бир умрга қамалган маҳбуслар юзасидан қонунчиликка бир қатор ўзгартишлар киритиш таклифи билан ҳукуматга мурожаат қилганини билдирди.

- Бир умрга қамалганларга 15-20 йилдан кейин ўз ишларини қайта кўриб чиқиш ва уларга белгиланган жазони юмшатиш имкониятини бериш лозим. Агар маҳбус ўз қилмишидан пушаймон бўлса, хатоларини англаб, тўғри йўлни танлаган бўлса унга ҳаётини қайтадан бошлаш имконияти яратилиши керак, -дейди Чўлпўн Ўмурқанова.

Шу ўринда айтиш лозимки, Қирғизистонда ўлим жазоси 1998 йилдан бери қўлланилмай келинади. Айни пайтда ўлим жазосига ҳукм қилинганлар учун Қирғизистонда алоҳида қамоқхона қуриш режаси ҳам маблағ йўқлиги туфайли 10 йилдан бери амалга ошмай келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG