Линклар

logo-print

Автомарафон бекор қилинди


Ўзбекистонлик Хасанбой Бурҳоновнинг орзуси маблағ етишмаслиги туфайли амалга ошмади.

Ўзбекистонлик Хасанбой Бурҳоновнинг орзуси маблағ етишмаслиги туфайли амалга ошмади.

Дунёни Ўзбекистонда чиқарилган автомашинада айланмоқчи бўлган автоҳаваскор Хасанбой Бурхонов МДҲни ҳам кеза олмайдиган бўлди

Наманганлик автоҳаваскорнинг автомарафони ўтказилмайдиган бўлди. Дастлаб Хасанбой Бурҳонов бир ўзи дунёни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилда кезмоқчи эди. Ёшлигидан ногирон бўлган Ҳасанбой ака “GM Uzbekistan” автоконцернидан саёҳат учун автомобил сўради. Автоконцерн унинг бу сўровини қондирмади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Chevrolet Captiva автомобилини ололмаган Хасанбой ака дўстининг “Матиз” автомобилида МДҲ давлатларини кезмоқчи бўлди. Аммо бу нияти ҳам амалга ошмай қолди

- Ўзбекистонда “ёрдам берамиз” деган баъзи фирмалар, шахслар маблағ ўтказиб бермади. Аввало ҳомийлик қилиш, ҳайрия қилиш бу ихтиёрий. Ҳохласа беради. Лекин “ёрдам берамиз” деб ишонтирган эди. Нима сабабдан берган ваъдаларини амалга оширишмаганликлари мен учун қоронғу. Шу лойиҳа бўйича тўпланган ихтиёрий маблағнинг миқдори 2 минг евро ва 7 миллион сўмни ташкил этди. Албатта, бу маблағ етмагани учун шу маблағни ўтказган ҳомийларга телефон қилиб, улар ўтказган маблағни қайтариб беришимни айтдим, - дейди ўзбекистонлик автоҳаваскор.

“Тенг имкониятлар учун” шиори билан Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига бағишлаб автотурне ўтказиш ташаббуси билан чиққан Хасанбой Бурҳонов болалигида полиомелит касаллигига чалинган. Шундан буён бир умрга ҳассага таяниб қолган эди. У "Ногирон бўлганим боис, бу автомарафонга ҳомийлар ишонмаган кўринади", деган фикрда.

- Жисмоний имконияти чекланган инсонларни кўпчилик "омадсиз одамлар, уларнинг жойи уйда, ёки аравачада ўтириб, чорраҳаларда тиланчилик билан шуғулланади", деб ўйлайди. Ёки “булар бечоралар, ёрдам бериш керак” деб ўйлашади. Лекин бу одам муваффақиятли инсон бўлиши мумкинлигини, жамиятга ёрдам бериши мумкинлигини, фойда келтиришлиги ҳақида жуда кам инсонлар ўйлайди. Фақат инсонпарварлик ёрдамини бериб, қўлтиқтаёқ, аравача бериб ёрдам қилмасдан, бу ташкилотлар жиддий конструктив таклифларни бериши керак,- деб ўйлайди Хасанбой Бурҳонов.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик автоҳаваскор Хасанбой Бурҳонов май ойида дунё бўйлаб автосаёҳатга чиқмоқчи эди. Бироқ унинг автомарафонига керакли бўлган автомашинани олишда ҳамда маблағ тўплашда қийинчилик туғилгани боис автомарафон шу йилнинг ёз ойларига қолдирилган эди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистонда имконияти чекланган фуқаролар вақти-вақти билан ўзлари ҳақида оммага хабар бериб туради.

Ўтган йил яна бир наманганлик 2- гуруҳ ногирони Мавлонхон Тўраев ногиронлик аравачасида 500 километрлик йўлни босиб, Тошкентга борди. Унинг истаги Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга атаб ясатган тожини кийдириш эди. Аммо президент қабулига марафончи кира олмади ва ясатган тожи билан Наманганга қайтган эди.

Ўзбекистонда ногиронлар “Меҳр-мурувват йилида”, рамазон ойида, ҳамда ҳайрия тадбирлари пайти эсга олинади холос.
XS
SM
MD
LG