Линклар

Тошкент метро бекатларининг айримларида пластик карта орқали чипта харид қилиш имконияти бир неча кундан буён тўхтатилган.

Тошкентлик блогер Евгений Скляревскийга кўра, Тошкент метрополитенида пластик карта тўловини амалга оширувчи терминаллар ишламаяпти.

- Метрода сўрасам, терминаллар “ҳозирча ишламаяпти” дейди. Метро ходимлари “ана ишлайди, мана ишлайди, вақтинча ўчирилган” дейишаяпти. Яъни улар умуман ишламаяпти дейишмайди. Мен фойдаланадиган икки метро бекатида шундай ҳолат. Бу Алишер Навоий ва Ҳамза бекатлари. Бундай ҳолат кўпинча учрайди. Савдо дўконларида ҳам терминаллар ишламай қолади. Ахир терминаллар ҳамма жойда ишлаши керак-ку. Нақд пул бору, пластик карта билан тўлаш қулайроқ эди, - дейди тошкентлик блогер Евгений Скляревский.

Тошкент метрополитенида бир чипта нархи нақд пулга ҳам, тўлов терминали орқали ҳам бир нархда -600 сўмга сотилади.

Тошкент метрополитенида терминаллар ишламай қолгани Uforum сайтида ҳам Интернет фойдаланувчилар томонидан муҳокама қилинмоқда.

Айрим форум иштирокчилари, терминаллар ишламаётганлигини саботаж дея баҳолаб, Ўзбекистонда ҳатто давлатга ҳам нақд пул кераклиги ҳақида фикрлар ёзмоқда.

Яна бир форум иштирокчиси эса терминаллар ишламаслигини ундан фойдаланувчи ходимлар очиқдан очиқ айта олмаслигини ҳам мисол келтирмоқда.

Bank.uz сайтига кўра, Ўзбекистонга терминалларни олиб кириш билан фақат бир фирма шуғулланади, ҳамда терминални фақат Ўзбекистондаги банклардан фойдаланишга олиш мумкин. Айни пайтда Ўзбекистонда терминаллар ишлаб чиқарилиш йўлга қўйилиши ҳақида ўтган йил ушбу сайт хабар берган эди.

Ўзбекистонда давлатга қарашли ташкилот ходимларининг ойлик маоши пластик карточкаларга кўчирилиб келинади. Сўнгги пайтда нафақа пуллари ҳам пластик карточкаларга ўтказилиши кузатилмоқда.

Айни пайтда Тошкент метрополитенида ишламай қолган терминаллар борасида метрополитен раҳбариятига боғланиш ҳаракатлари самара бермади.

Терминаллар билан таъминлашни ўз зиммасига олган Марказий банк ходимларидан ҳам хозирча мазкур мавзу юзасидан ахборот олиш имкони бўлмади.

"Регнум" ахборот агентлигига кўра, Ўзбекистонда 1 июлга қадар тўлов терминалларнинг сони 88 минг 539тага етган. Шулардан 16 минг 739 таси Тошкент шаҳрида ўрнатилгани айтилади. Йил охирига қадар Ўзбекистонда тўлов терминалларнинг сони 95 мингга етишини марказий банк матбуот хизмати маълум қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG