Линклар

HRW Гуантанамо маҳбусларини озод қилишга чақирди

  • Гулнора Равшан

Абдумуқит Воҳидов ва Рукниддин Шаропов Гуантанамода беш йил қамоқ жазосини ўтаб, 2007 йили ватанига қайтганларидан сўнг Тожикистон Олий суди ҳукми билан 17 йилданга қамалгандилар.

Абдумуқит Воҳидов ва Рукниддин Шаропов Гуантанамода беш йил қамоқ жазосини ўтаб, 2007 йили ватанига қайтганларидан сўнг Тожикистон Олий суди ҳукми билан 17 йилданга қамалгандилар.

Human Rights Watch ташкилоти Тожикистон президенти ва мамлакат парламенти ҳамда Тожикистоннинг ЕХҲТ ва БМТдаги вакилларига мактуб йўллади.

Ташкилот мактубида тожик ҳукуматидан Абдумуқит Воҳидов ва Рукниддин Шароповни озод этиш сўралган.

Маълумотларга кўра, Тожикистон расмийлари худди шу мазмундаги хатни Чикагодаги адвокатлар маркази, Вашингтондаги ReedSmith номли инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилоти номидан ҳам олган.

Асли исфаралик Рукниддин ва Абдумуқит Гуантанамода беш йил қамоқ жазосини ўтаб, 2007 йили ватанига қайтгандилар.

Лекин яқинлари дийдорини кўришга улгурмаган бу икковлон Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси сўроқ-саволидан ўтганидан кейин, республика Олий Суди ҳукми билан 17 йилданга озодликдан маҳрум этилганди.

Тожикистон Олий суди Рукниддин Шаропов ва Абдумуқит Воҳидовни Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзолик ва Афғонистонда террорчилик амалиётларини содир этганликда айблади.

Бироқ айни пайтда уларнинг озод этилишини сўраётган инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилот масъуллари на Америка томони ва на Тожикистон томони бу иккаласига қўйилган айблар юзасидан бирорта ишончли далил келтира олмаганини, суд эса адолатсиз ҳукм чиқарганини даъво қилмоқда.

Исфаралик Валихон Воҳидовнинг айтишича, ўғли Абдумуқит Воҳидов 2001 йили вертолётда Тавилдара туманидан Афғонистонга олиб кетилган.

- У пайт Абдумуқит 19 ёшда эди. Исфарадан Душанбега борди. У ердан Тавилдарага, кейинчалик Афғонистонга олиб кетилган. Лекин ўғлим у ер қандай жой эканини билмаган, - дер экан Абдумуқитнинг отаси Валихон Воҳидов Рукниддин Шаропов Афғонистонга аввалроқ ўтганини қўшимча қилди.

Отанинг айтишича, ўғли Абдумуқит ва Рукниддин Афғонистонда Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзо бўлиб кирган. У бу борада айблов хулосасидан билиб олганини айтди.

Бир ҳафта давом этган маҳкама жараёнида Абдумуқит билан суҳбатлашиш имконига эга бўлган Валихон Воҳидов ўғлидан эшитганларига таянган ҳолда, Рукниддин ва Абдумуқит вертолёт қайси кучларга тааллуқли эканини билмаганини айтади. Вертолётдаги ҳарбийлар улар ҳарбий хизматга олиб кетилаётганини ва бунинг эвазига яхши ҳақ тўланишини ваъда қилган.

Абдумуқит ва Рукниддинга нисбатан очилган жиноий иш билан танишиб чиққан халқаро мустақил таҳлилчи Пайём Фуруғи бу айтилганларни тасдиқлади.

- Бу иккиси Душанбеда иш ахтариб юрган. Номаълум кишилар уларни яхши иш ваъдаси билан мамлакат шарқига олиб борган. Ўша ерда уларнинг паспортларини олиб қўйиб, ўзларини Афғонистонга жўнатиб юборган. Паспортсиз, пулсиз қолган икковлон ватанига қайтолмайди, - дейди Пайём Фуруғи.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Тожикистон ҳукуматига йўллаган мактубида ёзилишича, “коалиция кучларининг Афғонистонда террорчи гуруҳларга қарши бошлаган амалиётлари чоғида афғон дала қўмондонлари Рукниддин ва Абдумуқитни террорчи сифатида АҚШ ҳарбийларига пуллаган. Уларнинг ҳар бири учун 10 минг доллар тўланган. АҚШ ҳарбийлари террорчиларни тутиш осон бўлиши учун шу миқдор пул “мукофот” берилишини айтган”.

Абдумуқит Воҳидов ва Рукниддин Шароповнинг адвокати Татяна Хатюхина ўз ҳимоясидаги шахслар бевосита жиноят содир этмаганлигини таъкидлайди.

- Биздаги маълумотларга кўра, бу одамлар хорижга олиб кетилган ва ватанга қайтиш имконига эга бўлмаган. Менинг хулосам шуки, булар бевосита жиноят содир қилмаган, - дейди адвокат Татяна Хатюхина.

Бироқ Тожикистон Бош прокуратурасининг халқаро алоқалар бўйича бўлим бошлиғи Додожон Самиев бу фикрларга қўшилмайди.

Тожик расмийси Абдумуқит Воҳидов ва Рукниддин Шароповга қўйилган айбловлар маҳкама жараёнида тўла исботланганини таъкидлайди.

- Улар қамалди, ҳукм қонун кучига кирди. Суд шундай ҳукм чиқарар экан, қанақасига улар гуноҳсиз бўлиши мумкин. Ҳукм ҳаводан олинган маълумотлар билан чиқарилмайди-ку, - дейди Додожон Самиев.

Аснода тожикистонлик ҳуқуқшунос Ойниҳол Бобоназарова Абдумуқит ва Рукниддин Тожикистон хавфсизлик ходимлари томонидан тергов қилинган 5 ой давомида адвокат билан таъминланмаганини айтар экан, ҳақиқатан суд уларга нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарганини таъкидлайди.

Бобоназарова хоним 2007 йил августида ёпиқ эшиклар ортидан ўтказилган маҳкама жараёнида қатнашишни истаган мустақил ҳуқуқшуносларга судга киришга умуман рухсат берилмаганини айтади.

“Шу нуқтаи назардан, - дейди Бобоназарова хоним, - бир ҳафта давом этган маҳкама жараёни шаффоф бўлмаганига шубҳам йўқ”.

Аснода Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти масъуллари Тожикистон ҳукуматига йўллаган мактубда қарийб 9 йиллик умрини қамоқларда ўтказган икки тожик фуқароси озод этилишига астойдил умид билдирган.

“Зеро, бу икковлон ёшлиги ва умрининг энг қимматли даврини қўлдан берди”, деб ёзади Ҳюман Райтс Уотч вакиллари.
XS
SM
MD
LG