Линклар

“Шарқ ТВ” ходимлари товламачиликда айбланмоқда


Наманганлик журналист Шоира Тўхтабоева ўзи ва ҳамкасбларининг айбланишини англашилмовчилик маҳсули деб билади.

Наманганлик журналист Шоира Тўхтабоева ўзи ва ҳамкасбларининг айбланишини англашилмовчилик маҳсули деб билади.

Товламачиликда айбланаётган “ШарқТВ”нинг уч ходими ўзларига қўйилган айбловлар асоссизлигини айтмоқдалар.

Наманганлик журналист Шоира Тўхтабоева қарийб 10 йилдан буён телевидение соҳасида ишлаб келади. Айни пайтда у Намангандаги “ШарқТВ” телевидениеси мухбиридир.

Шоира Тўхтабоева ва унинг икки ҳамкасби Дилрабо Йўлдошева ҳамда Баҳром Бадалшоевларга нисбатан ўтган ойда жиноий иш қўзғатилган.
Телевидение ходимларини Наманган шаҳар ички ишлар бошқармаси тергов бўлими Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси билан товламачиликда айбламоқда.

- Мени ва ҳамкасбларимни 100 минг сўм талаб қилганликда айбламоқдалар, аммо мен бу пулларни талаб этмаганман, - дейди Шоира Тўхтабоeва.

Наманганлик журналистнинг Озодликка билдиришича, у ва унинг ҳамкасбларини маҳаллий тадбиркорлардан пул талаб қилганликда айбламоқдалар. Шоира Тўхтабоевага кўра, аслида “ШарқТВ” ходимлари тижорат кўрсатуви учун маҳаллий тадбиркорларда пул олганлар, бироқ зарур ҳужжатларни тақдим қилмаганлар.

- Бизда, “Шарқ” телевидениеси ёки вилоят телевидениеларида ахборотлар берилади. Бу ахборотлар пуллик тарзда тайёрланмайди. Лекин бизнинг “Шарқ” телевидениемиз тижорат канали бўлгани учун, сиз шуни ҳисобга олинг-да, бизда тижорат кўрсатувлари бор. Эҳтимол, мана шу тижорат кўрсатувини таклиф қилган ҳолатни улар нотўғри баҳолашган бўлиши мумкин. “Шарқ” телевидениесида эфирга кетаётган “Инфорум” ахборот-маслаҳат дастури бўлган. Унда бир-икки минутли рекламалар ташкил қилинган. Ана шу дастурга бориб, Дилрабо Йўлдошева томонидан олинган пул. Фақат унинг қонун бузганлик томони - ишхонага бориб, чек ёзмаган. У олдин гаплашгани борган. Ноқонуний жараён бу, лекин бизга айнан қўйилаётган айб билан эмас. Бу порага кирмайди, - дея изоҳлайди Шоира Тўхтабоева.

Ўзига нисбатан эълон қилинган айбловни касбий фаолияти билан боғлаётган Шоира Тўхтабоева айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идораларига нисбатан эътирози йўқлигини ҳам қўшимча қилади.

- Мана бу ҳолатни орган ходимлари томонидан менга нисбатан тазйиқ, дея олмайман. Буни икки киши (журналистлар устидан ариза берган маҳаллий тадбиркорларни назарда тутмоқда – таҳр.) ўзи тушунмаган ҳолатда, журналистик фаолиятимни тушунмаган ҳолда қилаётган нарса, деб ўйлайман. Биласиз, Ўзбекистонда орган соҳалари ўзига яраша ишлайди ҳамда доим ҳақиқатни олиб чиқиб келишган. Суд жараёнида оқилона ҳал бўлади, деган умиддаман, - дейди наманганлик журналист.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида “ШарқТВ” раҳбарияти ҳамда журналистлар иши билан шуғулланаётган Наманган шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари билан боғланишга уринишларимиз самара бермади.

“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси” раҳбари Елена Урлаева сўнгги пайтда ўзбекистонлик журналистлар ўз ҳуқуқлари учун курашишига оид ҳолатлар кўпаётганини айтаркан, ўз ташкилоти ана шундай журналистлардан бири Шоира Тўхтабоеванинг ишини ҳам мониторинг қилиб боришини қўшимча қилди:

- Биласизми, унда танлаш имконияти йўқ. У ёш болаларини ташлаб, 10 йиллик қамоқ жазоси олиши мумкин ёки адолат учун курашни давом эттириши керак. Биз Шоирага курашишни таклиф этдик. Уни қўллаб-қувватлаймиз. Шоира Тўхтабоеванинг айтган гапларини унинг ҳужжатлари исботлаб турибди. Тергов жараёнидаги айблов саналари пайтида у бир ҳолатда касалхонада, иккинчи ҳолатда эса меҳнат таътилида бўлган. Шу боисдан унинг айбсизлигига ишонамиз, - дейди ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган телевидение ходимлари товламачиликда айбланиши кам учрайдиган ҳолат эмас.

Шу йилнинг бошида Сурхондарё вилоят телерадиокомпанияси ходими Муборак Рўзиохунова ҳам товламачиликда айбланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG