Линклар

logo-print

“Бу йил толкачларнинг ошиғи олчи бўлди”


Бугун ҳам Ўзбекистон олийгоҳлари чор-атрофи худди тест (2 август) куни каби гавжум бўлди.

Бугун ҳам Ўзбекистон олийгоҳлари чор-атрофи худди тест (2 август) куни каби гавжум бўлди.

14 август куни Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул имтиҳонларини топширган тест натижалари эълон қилинди.

Ўзбекистонлик абитуриент Сардорбек 2 август куни олийгоҳга тест имтиҳони топширган эди.

- 145 балл билан география факултетига бюджетга кирдим. Бешинчи ўринда кирдим, - дейди эндиликда талаба бўлган Сардорбек.

У 14 август куни олийгоҳга бориб, ўша ерда тест натижаларини билганини айтади.

Айни пайтда кузатувчи бўлган жиззахлик Жасурбекнинг айтишича, аксарият абитуриентлар SMS орқали қабул имтиҳон натижаларини аниқлашган.

- Бу йил асосан SMS орқали тест натижасини билишаяпти. 5151 рақамига абитуриент номерини жўнатасиз. Компаниядан сизга неча балл тўплаганингиз ҳақида батафсил маълумот келади. Узоқдан келиб топширганлар SMS жўнатиб, натижасини билишаяпти, шаҳарнинг ўзида турадиганлар бориб кўришаяпти, - дейди Жасурбек.

Давлат тест маркази сайтида ёзилишича, SMS орқали тест натижасини билиш абитуриентларга 0.75 центга тушган.

Жиззахлик Жасурбек бу йил олийгоҳларга топширган абитуриентлар орасида “толкач” усулидан кенг фойдаланилганини айтади:

- Энди бу йил республика институтларига ҳужжатларни 30 мингта бола кўп топширган эди. Шуни бошида тушунмаган эдим. 30 мингта одам кўп топширгани бу одамлар “толкач” экан. “Толкач” дегани сиз имтиҳонга кирганингизда, сизга жавобларни ишлаб берувчи одам. Бу йил кўпчилик “толкач” олиб кирган. Тошкентда “толкач” олиб кирганларнинг ҳаммаси, 100 фоиз ўқишга кирибди. Улар асосан контракт кирган. Вилоятдаги политехника, педагогика институтларига кириш учун “толкач” олиб кирганлар ҳаммаси 100 фоиз грантга кирибди. Аниқ билишимнинг сабаби - “толкач” олиб кирган ўртоқларим телефон қилишди, улар ҳаммаси бюджет кирди. Адашиб кира олмай қолгани ҳам йўқ, - дейди кузатувчи Жасурбек.

Унинг айтишича, “толкач”лар тест имтиҳонларига абитуриент билан бирга имтиҳон топширгани кирган ўқитувчилардир.

- “Толкач”лар талабалар эмас, балки ўқитувчилар, репетиторлар. Улар ҳам сиз билан бирга имтиҳонга тест топширади. Тест топширганидан кейин сиз билан бирга ўтиради, сизнинг тест варағингизни ечиб беради ва сиз ўқишга кириб кетасиз. “Толкач”нинг нархи политехника институтига 3 миллион сўм, педагогика институтига 4 миллион сўм, деб эшитдим. Асосий иккита фанни ечиб беради. Чунки улар ҳам баллни унчалик кўтариб юбормасликни билишади. Асосан 120-100 балл атрофида бўлади, - дейди жиззахлик Жасурбек.


Андижонлик Жаҳонгир бу йил 6 та абитуриентни олийгоҳларга кириш учун давлат тест имтиҳонларига тайёрлаган. Шулардан 5 нафари олийгоҳ талабалари бўлибди.

- Учтаси бюджетга кирди, иккитаси контрактга, - дейди Жаҳонгир.

Суҳбатдошимиз Жаҳонгир ҳам бу йил “толкач” усули иш берганини айтиб ўтди:

- Давлат грантининг 90 фоизини шу “толкач”лар эгаллаган. Бу ўзи аввалдан бор, 1999- 2000 йилларда пайдо бўлган. Ҳозир жуда оммалашган. Ҳатто қўлга тушганлар бўлган. Жиноий иш очилганлар ҳам бор. Кеча Жиззахга келаётганимизда тахминан 14 та домла тергов ишларига жалб қилинганини айтишди, - дейди Жаҳонгир.

2 август куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган тест синовларида 400 мингдан зиёд абитуриент 62 минг талаба ўрни учун имтиҳон топширган эди.

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул жараёни 1992 йилдан бошлаб тест синови асосида амалга оширилмоқда.

Синов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қошидаги Давлат тест маркази томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

Ўзбекистонда олий таълим тизими энг коррупциялашган тизимлардан саналади ва абитурентларни яширин йўллар билан, пора эвазига олий ўқув юртларига киритиш тизимлари шаклланган анъана экани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG