Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:39

Жиззахлик фаол миршабларнинг ўзбошимчалигидан шикоят қилмоқда


Саида Қурбонова маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳуқуқ ҳимоячиларига бўлаётган босимлар у ва ҳамкасблари учун янгилик эмаслигини айтади.
Саида Қурбонова маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳуқуқ ҳимоячиларига бўлаётган босимлар у ва ҳамкасблари учун янгилик эмаслигини айтади.

15 август куни Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида яшовчи ҳуқуқ фаоли Саида Қурбонова бир неча соат туман ички ишлар бўлимида ушлаб турилди.


Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ фаолининг ўзи хабар қилар экан, ички ишлар бўлими бошлиқ ўринбосари унга нисбатан куч ишлатганини айтади:

- У пастдан мени судраб, тепага олиб чиқди. Хонага олиб кириб, “ўтказиб қўясан, керак бўлса ўтиради”, деди. “Керак бўлса, тергов қилинглар олиб тушиб”, деяпти. Судраб олиб чиқди. Биттаси орқамдан итариб чиқди, бири қўлимдан судраб олиб чиқди,- дейди пахтакорлик ҳуқуқ фаоли.

54 ёшли Саида Қурбонова ўзига нисбатан куч ишлатилиб, Пахтакор туман ички ишлар бўлимида бир неча соат ушлаб турилишига пластик карточкалар ҳақида ёзган мақоласи сабаб бўлганини тахмин қилади:

- 2011 йилнинг бошларида “Пластик чўнтакка зарар бўлаяпти” номли мақола чиқарган эдим. Фоизга нақд пул қилдирилаётганлигини, ун-ёғ , картошка-пиёз ололмаётганликлари ҳақида ёзганман. Шу масала бўйича ариза ёзилган экан. Шу ариза бўйича чақиришган экан, мени олиб келишди,- дея изоҳлайди Саида опа.

Маълум бўлишича, мазкур мақолада ҳуқуқ фаоли томонидан тасвирланган пахтакорлик аёл ички ишлар бўлимига унга нисбатан туҳмат қилганлигини айтиб, шу йилнинг 4 август куни ариза ёзган. Саида Қурбонова фикрича, аёл бу аризани босим остида ёзган.

- “Туҳмат қилди, менинг оиламни тинчини бузди”, деяпти. Мен уни ҳақорат қилмаган бўлсам, шахсиятига тегмаган бўлсам, қандай қилиб унинг оиласини нотинч қилган бўламан? - дейди ҳуқуқ фаоли.

Айни пайтда “Бирдамлик” ҳаракатининг Жиззах вилояти бўлими раиси бўлган Саида Қурбонова мулоҳазасича, 15 август куни уни бир неча соат ички ишлар бўлимида ушлаб туришганига бошқа сабаб ҳам бор.

- Яқинда “Умиджоннинг кўзларидаги сўнгги умидлар” деган мақола чиқарган эдим. Шу мақоладаги Умиджоннинг онаси намойишга чиқмоқчи эди. Бугун мен шу хабарни интернетдан тарқатишим керак эди. Ҳозир Холбоеванинг ўзини ҳам ички ишлар бўлимига эрталаб олиб келиб, ушлаб ўтирибди,- дейди Саида Қурбонова.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Нурнисо Холбоева ўғли Умиджон билан уйсиз қолгани, туман ҳокимиятидан ёрдам бўлмагани боис намойишга чиқмоқчи бўлган.

Озодлик Нурнисо Холбоева билан Ўзбекистон вақти билан соат 16.30 да боғланганида у Пахтакор туман ички ишлар бўлимидан чиқариб юборилганини, бироқ бугун у ерда бир неча соат ўтирганлигини ва кечга яқин бўлим ходимлари уни яна чақиришаётганини маълум қилди.

Пахтакор тумани ички ишлар бўлими навбатчилик қисми ходими Фарҳод Тўлабоевга кўра, 15 август куни бўлимга Саида Қурбонова, шунингдек, Нурнисо Холбоевалар олиб келингани ҳақида маълумот йўқ. Шу билан бирга, ички ишлар бўлими ходими уларнинг бўлимида фуқароларга куч ишлатилмаслигини ҳам таъкидлаб ўтди:

- Ундай ҳолат бизда бўлгани йўқ. Бизда фуқароларга нисбатан куч ишлатиш қатъиян тақиқланади. Бундай ҳолат бўлиши мумкин ҳам эмас,- деди Пахтакор туман ички ишлар бўлими ходими Фарҳод Тўлабоев.

Бугун туман ички ишлар бўлимида “Пластик чўнтакка зарар бўлаяпти” мақоласи юзасидан тушунтириш хати ёзганини айтган Саида Қурбонова эса у ердаги ҳолат бўйича ҳеч кимга арз қилиш нияти йўқлиги, бу борада ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза ёзишдан бирор иш чиқишига кўзи етмаётганини айтди.
XS
SM
MD
LG