Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:21

Тошкентда вақтинча пропискадан ўтиш тартиби ўзгарди


Айни кунларда Ўзбекистон пойтахтида яшовчи фуқаро сифатида вақтинча пропискадан ўтганлар паспортига муҳр босилмаяпти.


Тошкент шаҳрида пропискаси борлигини тасдиқловчи бундай муҳр паспортда бўлмагани эса¸ вақтинчалик прописка олган тақдирда ҳам¸ вилоятдан келган фуқаро Тошкент шаҳрида ишга жойлаша олмайди¸ дейиш учун асосдир.

Озодлик мухбири июл ойидан бошлаб қайта очилгани хабар қилинган Тошкент шаҳрида вақтинчалик пропискадан ўтиш тартибининг жорий ҳолатини ўрганиш учун пойтахтдаги бир неча туман Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат қилди.

- Ариза ëзасизлар, бланка тўлдирасизлар, домнинг кадастрлари бўладию ҳужжатлари, ўшанинг копиясини тақдим этсанглар, қўйиб беришади. Уч ойга қўйиб беришади. Тугаса¸ яна қўйиб юраверади. Бу қоғоз билан ишга боролмайди. Фақат Тошкентда яшаш учун берилади у. Паспортга ëпиштирилмайди бу нарса ҳозир. Қоғозча берилади қўлига¸ холос¸ деди пойтахтдаги Чилонзор туман Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими расмийси.

Пойтахтдаги Олмазор туманининг айни бўлими вакили ҳам¸ вилоятдан келган Ўзбекистон фуқаролари¸ хусусан¸ Тошкентдаги олий ўқув юртларини тугатиб¸ пойтахтда ишга жойлашиш илинжида юрган ëшларнинг пойтахтда вақтинчалик пропискага ўтиш тартиби юзасидан тушунтириш берди:

- Институтни битирган бўлса, улар ëтоқхонага бир йилдан қўйдирган бўлади. Ëтоқхонадан чиқиб ўзининг вилоятига доимий рўйхатга туриб, уйнинг эгаси уйнинг плани билан келади паспортларини олиб. Уч кундан ортиғигача бошлиқ ҳал қилади. Студентларники ўқув йили бошида бир йилга қўйилади.

Биз ҳозир паспортга муҳр урмаяпмиз. Келиш варақаси¸ деган бор бизда Форма- 9. Ўшанга уриб берамиз. Энди уни ишга олиш олмаслик¸ бизнинг ваколатимиз эмас. Вилоятлардан Тошкент шаҳрига келган Ўзбекистон фуқаросининг Тошкент шаҳрида юришини қонунийлаштириб берамиз биз. Уни ишга олиш олмаслик бизнинг ваколатимиз эмас. Неча ойга қўйса, ўша муддатда юриши мумкин. Яна продление қилаверади.

Ҳозирча Тошкент шаҳрида доимий пропискадан ўтиш тўхтатилган. Доимийга ўтиш, янги қонун чиқаяпти¸ Худо хоҳласа¸ байрамдан кейин чиқса, ўқиб ўрганиб кейин бу саволингизда жавоб берамиз. Ҳозирча доимий прописка йўқ¸ деди Олмазор туман Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими расмийси.

Ҳар иккала расмий ҳам¸ айни кунларда вилоятдан келганлар учун Тошкент шаҳрида вақтинчалик пропискаси борлигини тасдиқловчи алоҳида ҳужжат на бу шахснинг Тошкентда ишга жойлашиши ва на унинг болаларининг боғча ëхуд мактабга чиқиши учун асос бўла олишини билдирдилар.

Бу маълумотни Тошкент шаҳар Миробод туман Меҳнат биржаси ходими ҳам тасдиқлади.

- Йўқ, ҳозир вақтинчалик прописка билан қўйишмаяпти. Олти ойга ишга олмайди ҳеч ким. Олдинлари мумкин эди. Ўзимиз ҳам вақтинчалик рўйхат билан ҳисобга олаверар эдик. Ҳозир йўқ дейишди. Временний пропискаларни ишлаб турган ишидан ҳам бўшаттирди хабарингиз бўлган бўлса¸ деди Тошкентдаги Меҳнат биржаларидан бири ходими.

Расмий хабарларга кўра¸ айни кунларда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар тоифалари – Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда ва расмийларнинг Озодликка билдиришича¸ лойиҳанинг Мустақиллик байрамидан ўтиб¸ сентябр ойида қабул қилиниши кутилмоқда.

Асосан¸ Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулки борлар ëки турмуш ўртоғи доимий пропискага эга бўлганларга доимий прописка беришни кўзда тутувчи бу қонун лойиҳаси¸ расмий даъвога кўра¸ прописка жараëнидаги коррупцияга қарши курашни мақсад қилган.

Аммо мустақил кузатувчилар¸ амалда бунинг акси бўлиши¸ Ўзбекистон фуқароларининг ўз мамлакати ичида ҳаракатланиш ва меҳнат қилиш ҳуқуқини топтовчи прописка тизимини кучайтириш¸ аксинча¸ бу соҳада шундоқ ҳам илдиз отган порахўрликни янада кучайтиришини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG