Линклар

Мустақиллик ҳақида афсона фильм


Мустақиллик 20 йиллигига бағишланган фильмда И. Каримов ҳатто КПСС Марказқўмидан чўчимайдиган, ғалаён ичига отда кириб бора оладиган довюрак сиёсатчи сифатида кўрсатилади.

Мустақиллик 20 йиллигига бағишланган фильмда И. Каримов ҳатто КПСС Марказқўмидан чўчимайдиган, ғалаён ичига отда кириб бора оладиган довюрак сиёсатчи сифатида кўрсатилади.

Маҳатма Ганди, Жорж Вашингтон, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Нелсон Мандела. Ўзбекистон телевидениеси кўрсатилган фильм муаллифларининг фикрича, бу шахсларни икки тарихий феномен бирлаштириши мумкин. Бири бу шахслар ўз миллати мустақиллиги ва равнақи учун курашган бўлса, иккинчиси уларнинг ҳаммаси тарихда Ислом Каримовчалик из қолдира олгани билан фахрланса арзийди. Ҳар қалай, “Ўзбекфильм” киностудияси суратга олган “Мустақиллик арафасида ёки шўроларнинг сўнгги талвасаси” фильмидан шундай хулоса чиқариш мумкин.


Тутанхамондан Манделагача


Асосан Ислом Каримовнинг Ўзбекистон мустақиллигига эришиш йўлида кўрсатган қаҳрамонлигию, бошдан кечирган саргузаштларига бағишланган фильмда Вашингтон, Ганди, Манделадан аввал Қадимги Миср фиравни Тутанхамон ясаттирган пирамидалар, Қадимги Хитой императори Қин Ши Хуанг кўтартирган Буюк Девор, Қадимги Акрополда Донишмандлик ва Довюраклик Худоси Афина ибдатхонаси, Флавийлар сулоласи қурдирган Колизей тасвирлари кўрсатилгани ҳисобга олинса, унда бу тарихий шахслар ҳам президент Каримов билан тенглаша олганидан фахрлансалар арзийди, деган шама бор:

“Қачон инсон эркин ғурур, ўз шани ва қадр-қимматини англаш туйғуси пайдо бўлади? Қачон одамзод тинч ва осуда, фаровон ҳаëтга эришади? Қачонки инсон ҳеч кимга қарам бўлмасдан мустақил бўлиб, эртанги кунга ишонч билан яшаш имконига эга бўлса, қачонки унинг жондан севган азиз ватани мустақил бўлса, тарихий бурилиш палласида халқ дарди, миллат қайғуси ўз элини мустақилликка олиб чиқишга қодир бўлган буюк шахсларни яратади.”

Фильм муаллифларининг қатъий ишончига кўра, Ислом Каримов ана шундай шахслардан биридир.


(12 август куни Ўзбекистон телеканали орқали намойиш қилинган бу филм YouTube видеопорталидан олинди)

“Мустақиллик арафасида ёки шўронинг сўнгги талвасаси” фильми яқинда чоп этилган ва Каримов қаламига мансуб экани айтилаётган “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли китобдаги каби “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” кампаниялари, собиқ Марказдан юборилган “десантчилар” гуруҳларининг ўзбек халқига нисбатан тазйиқ ва таъқиблари даврида Ислом Каримовнинг “тарихий қадамлар” қўйгани, ҳамда шу йилларда рўй берган Фарғона, Гулистон, Бўка, Ўш, Наманган воқеалари пайтида доно қарорлар қабул қилгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Мустақилликдан қўрққан Совет Иттифоқининг оташин ҳимоячиси


Фильмда акс этилган 90 йиллар бошларида Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати бўлган Абдувоҳид Паттаев Каримовнинг Ўзбекистон мустақиллигига қўшган ҳиссасини эътироф этади. Лекин фильм муаллифлари бу ҳиссани бироз бўрттириб юборибдилар, дейди.

- Ҳар қандай президент ҳам ўзининг мавқеини сақлаб қолиш учун курашади. Албатта бу маънода Каримовнинг ўша вақтда қилган маълум бир хизматлари бор. Лекин Каримовнинг ролини гапирганда, ўша вақтдаги парламентни эсламасликка ҳаракат қилишади. Агар ўша вақтдаги парламентнинг хизматларини ҳисобга олмасдан кетилса, кулгили бўлади. Чунки Ислом Каримовни президент қилиб сайлаган ҳам ўша вақтдаги парламент. Каримовни мана шу қадамларни қўйишга мажбур қилган ўша вақтдаги парламент бўлган. Каримов парламент билан бирга ишлашга мажбур бўлган. Шунинг учун буни “фақат президентнинг ютуғи” деб гапириш нотўғри,- дейди Олий Кенгаш собиқ депутати.

Абдувоҳид Паттаевнинг собиқ ҳамкасби ва Ўзбекистон Эрк Демократик партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ фильмда илгари сурилган иддаоларни кескинроқ ифодаларда изоҳлоайди.

- Бундай иддао масхарабозликнинг ўзи. Бошқача бир ифода топа олмадим. Чунки Каримов иқтидорга келган 1989 йил июндан бошлаб, то Янаевнинг хунтасигача мустақилликка қарши бўлган одам. Каримов 1989 йил июн ойида иқтидорга келди ва 1991 йил 21 августгача Совет Иттифоқини оташли бир шаклда ҳимоя қилган ва унинг учун бутун ғайрати билан ишлаган одам.

Муҳаммад Солиҳ тилга олган ГКЧПнинг уч кунлик ҳукмронлиги ҳақида “шўроларнинг сўнгги талвасасида” ҳам ҳикоя қилинади. Сюжети президент китобига қурилган фильм муаллифлари “ўзларини давлат фавқулодда ҳолат қўмитаси, деб эълон қилган бир гуруҳ сиёсий авантюристлар” Михаил Горбачёв бошчилигидаги қонуний ҳокимиятни ағдариб, давлат тўнтаришини содир этишганини ҳам эслайди. Бунда уларнинг иддаосига кўра, ўша кунлари Ҳиндистонда сафарда бўлган президент Каримов вақтидан илгари Ўзбекистонга қайтиб келади ва ГКЧПнинг “бир гуруҳ гумашталари”, унинг йўқлигидан фойдаланиб чиқарган қарорларни бекор қилади:

“Тошкент аэропортида юртбошимизни расмий кишилардан ташқари Туркистон ҳарбий округи бош қўмондони ҳамда марказдан келган уч нафар генерал кутиб олди. Бу мавжуд қонун-қоидаларга мутлақо зид эди. Ислом Каримов ўша куни кечқурун ҳукумат аъзолари билан учрашиб Ўзбекистон ҳудудида ГКЧПнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш ҳақида кўрсатма берди. Шу тариқа ГКЧП гумашталари Ўзбекистон ҳукумати номидан қабул қилган барча ҳужжатларни бекор қилди. Ўзбекистон ҳудудида ГКЧП фаолияти батамом тўхтатилди.”

ГКЧПни кескин қоралаган ва Ўзбекистон халқини Путч буйруқларига бўсинмасликка чақирган Эрк етакчиси Муҳаммад Солиҳ ҳам ўша кунларни яхши эслайди.

- Бу ғирт ëлғон. Том тескариси бўлган. Каримов самолëт бортида туриб Янаевга табрик телеграммаси жўнатган. Ўша пайтда буни бутун дунë билган ва эшитган. Қандай қилиб бу яқиндагина бўлиб ўтган воқеаларни сохталаштиради? Бу ақлга сиғмайдиган гап. Ўзбек халқи билиши керак. Ўзбек халқи шуни билиши керакки, 21 йилдан бери Ўзбекистон ҳукумати тепасида турган одам Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг мустақиллигига қарши бўлган биринчи одам ва бунинг учун сўнгигача курашган одам. Аммо Совет Иттифоқи йиқилганидан кейин мажбур бўлиб мустақиллик тарафдорлари томонига ўтди. У иккиюзламачи, мунофиқ бир инсон.

Эрк етакчиси, мустақилликка эришиш тарихини эслар экан, аслида Ўзбекистон Олий Кенгаши мамлакат мустақиллик декларациясини 1991 йил 31 августдан анча аввал қабул қилган эди, Каримов эса нафақат бу декларацияга қарши чиққан, балки ундан қўрқиб, қочиб кетган эди, дея давом этади.

- Биз Ўзбекистон мусатқиллик декларациясини 1990 йил 20 июнда Олий Кенгашда қабул қилдик. Депутатларнинг 90 фоизи Каримовнинг хоҳишига қарама қарши бир шаклда бу декларацияга овоз берди. Каримов декларация қабул қилинган куни кечқурун Андижонга қочиб кетди. Мен бу сўзни муболаға қилиб айтаëтганим йўқ. Ҳақиқатан ҳам қочиб кетди. Ўша куни мустақиллик декларацияси Ўзбекистон радиосида ва телевидениесида эълон қилинмади. Буни Каримовнинг буйруғи билан эълон қилишмади. Чунки бу декларация Москванинг ижозати олинмасдан, Москванинг хоҳишига қарама қарши равишда халқ вакиллари тарафидан қабул қилинган эди. Каримов бундан жуда қўрқиб кетди ва шунинг учун Тошкентда бўлмасликка ҳаракат қилиб, Андижонга баҳона билан қочди.

Мустақиллик "чавандози"


"Мустақиллик арафасида" фильмида Намангандаги воқеалар тасвирланган бу видеодан ҳам лавҳалар бор, лекин Каримовнинг "ақидапарастлар" йўлбошчиси Тоҳир Йўлдош олдида тиз чўкиб ўтиргани кўрсатилмаган.
Ўзбекистон мустақиллигига эришиш йўлида кўрсатган қаҳрамонлигию, бошдан кечирган саргузаштлари қаторида фильм муаллифлари масалан, Ислом Каримовнинг Бўка воқеалари пайтида ғазаб отига минган оломон ичига от миниб кириб боргани, Наманганда ҳокимият биносини эгаллаб олган ақидапарастлар ичига кириб бориб уларга қарши чиққани ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатларни ҳикоя қилиб беради. Фильм муаллифларининг ишора қилишича, ана шу маънода "Маҳатма Ганди ёки Нелсон Мандела Ўзбекистон етакчиси билан бир қаторда ёдга олинишга арзийдилар".

Ислом Каримовга 1991 йилдаги президентлик сайловларида ягона рақиб бўлган Муҳаммад Солиҳнинг бу борада ўз қараши бор.

- Бу Нелсон Манделанинг устидан, Ганди устидан кулиш ва уларга ҳақорат бу. Уларни бир мунофиқ билан ëнма-ëн қўйиш буюк инсонларнинг хотираси учун ҳақорат. Ҳақиқатан, Каримовнинг ҳукмронлиги, Каримовнинг давлат тепасига келиши тарихнинг бурилиш пайтига тўғри келди. Аммо Каримовга ўхшаган инсонлар тарихий бурилиш пайтидаги курмаклардир холос.


Телефонларимиз:
+420 602 61 27 13
+420 773 26 72 30
Email: uzbekweb@rferl.org
ozodlikmail@gmail.com
Skype: OzodSkype

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG