Линклар

Исёнчилар Триполига яқин икки шаҳарни ишғол қилди


Триполидан 50 километр нарида жойлашган Завия шаҳрида ҳам Қаддафий режими ёқловчилари ва исёнчилар ўртасида шиддатли жанглар бормоқда.

Триполидан 50 километр нарида жойлашган Завия шаҳрида ҳам Қаддафий режими ёқловчилари ва исёнчилар ўртасида шиддатли жанглар бормоқда.

Ливиялик исёнчилар сўнгги кунларда мамлакат ғарбида сезиларли ютуққа эришиб, мамлакат пойтахти томон илгариламоқда.

Ливиялик исёнчилар кечаги баёнотларида иддао қилишларича, улар муҳим стратегик шаҳарларни ишғол қилди ва натижада мамлакат лидери полковник Муаммар Қаддафий пойтахт Триполида “қопқонга тушди”.

Исёнчилар вакили Триполидан ғарбда жойлашган Сорман шаҳрини ҳамда пойтахтдан 80 км жанубдаги Ғарян шаҳарларини “тўла назорат” қилаётганларини айтди.

Яна бир шаҳар – Триполидан ғарбда -50 чақирим наридаги Завия шаҳри учун жанглар кетмоқда ва дам олиш кунлари бу йўналишда исёнчилар анча илгари силжиди.

Тилга олинган икки шаҳарнинг ишғол қилиниши НАТО қўллаб-қувватлаётган исёнчиларга қарши олти ойдан бери қонли уруш қилиб келаётган Қаддафий режимига берилган муҳим руҳий зарбадир.

14 август, якшанба куни исёнчилар Завия шаҳрининг марказий бозори яқинида ўз байроқларини тикдилар. У ерда ҳозир бўлган элликка яқин исёнчи “шаҳар ишғол қилинди” деган фикр билан “Оллоҳу акбар” деб ҳайқирди.

Бироқ шаҳарда ҳануз Қаддафий кучлари мавжуд бўлиб, буни томларда кўринган мерганлардан, исёнчиларга қарши замбараклардан отилган снарядлардан билиш мумкин эди.

Исёнчиларнинг сўнгги кунларда Тунис яқинидаги тоғли ҳудудлардан Ўрта ер денгизи соҳили бўйлаб Завия шаҳри томон илгарилаши бир неча ойдан буён улар учун самарасиз кечаётган урушдаги сезиларли ўзгаришдир.

Завия йўналишидаги ютуқларидан илҳомланган исёнчилар жорий ой охирига бориб Триполини ишғол қилажакларини иддао қилмоқдалар.

Исёнчилар расмий вакили полковник Жума Иброҳимга кўра, унинг қўл остидаги жангчилар Триполидан жануб ва ғарбдаги йўлларни тўсиб қўйиш учун ҳаракат қилмоқда. Бу йўллар стратегик жиҳатдан ўта муҳимдир, чунки пойтахтга озиқ-овқат, ёнилғи ва қурол-аслаҳа айнан мана шу йўллардан ташилади.

- Биз Қаддафийни бўғиб қўямиз, унда фақат денгиз йўли қолади, - дейди полковник Жума Иброҳим.

Завия шаҳридан 32 чақирим ғарбда, денгиз соҳилида жойлашган Сабраса минтақасидаги исёнчилар бошлиғи Умар Обиднинг айтишича, унинг йигитлари Тунис томондан Триполига олиб борувчи йўл четидаги уйларга жойлашиб олган. Бу йўл Завия шаҳри устидан ҳам ўтадики, агар исёнчилар шаҳарни қўлга олса, йўл устидан назорат ҳам уларга ўтади.

Бироқ исёнчиларнинг фаоллиги ортиб кетган сўнгги кунларда биринчи бор чиқиш қилган Қаддафийнинг сўзларига қараганда, вазият у хавфсирайдиган даражада оғир эмас. У яна бир бор “Ливияни сотқинлардан тозалаш”га чақирди.

- Ливия халқи қолажак, инқилоб қолажак (Қаддафийни ҳокимият тепасига олиб келган 1969 йилги инқилоб назарда тутилмоқда – таҳр.). Олға босинг, қуролингизни кўтаринг, Ливия заминининг ҳар бир қаричини сотқинлар ва НАТОдан тозалаш учун олға босинг. Жангга тайёр туринг. Мазлумлар қони жанг майдони учун ёнилғидир! - дея хитоб қилди Қаддафий.

Қаддафийнинг бузуқ телефон орқали ёзиб олинганга ўхшаган мурожаатномаси аудиоёзуви давлат ТВси орқали эшиттирилди. Бу ҳолат Қаддафий сўнгги кунларда яшаётган муҳит тўғрисида муайян фикрга боришга ундайди.

Айни пайтда якшанба куни Туниснинг Жерба оролида ливиялик исёнчилар ва Қаддафий вакиллари ўзаро сўзлашувлар олиб бораётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Лекин, 15 август куни маълум бўлишича, Ливия исёнчилари вакиллари ўзларининг Муаммар Қаддафий режими билан Тунисда бевосита музокаралар олиб бораётганликлари тўғрисидаги хабарларни инкор этган.

Аснода БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг махсус вакили Абдул Илоҳ ал-Хатиб исёнчилар ва Қаддафий вакиллари ўртасида Тунисда ўтаётган музокараларда иштирок этиш учун юборилгани тўғрисидаги хабарни ташкилот рад этди.

БМТ вакили баёнотига кўра, ал-Хатиб чиндан ҳам Тунисга етиб борган, лекин у маҳаллий ҳукумат вакиллари билангина учрашган.

Исёнчилар сўнгги кунларда мамлакат ғарбида сезиларли ютуққа эришиб, мамлакат пойтахти Триполи шаҳри томон илгариламоқда.

АҚШ исёнчилар муваффақиятларини олқишлади. Оқ Уй вакили Жей Карни “Қаддафий режимининг куни битиб қолгани”га умид билдирди.
XS
SM
MD
LG