Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:02

Қирғизистонда 83 киши президентлик орзусида


Қирғизистонда мамлакат президенти лавозимига номзод кўрсатиш муддати якунига етди.

Марказий сайлов комиссиясидан олинган маълумотга қараганда, 16 август куни соат 00.00 гача Қирғизистонда президентликка номзод сифатида сайловда иштирок этиш ниятини 83 киши билдирган ва бу ҳақдаги аризасини комиссияга топширган.

83 кишининг 16 нафари партиялардан кўрсатилган номзодлар бўлиб, 67 нафар қирғизистонлик эса ўз номзодини ўзи илгари сурган. Номзодларнинг олти нафари аёллардир.

Президентликка номзодлар орасида сиёсатчилар ва менежерлардан ташқари ўқитувчилар, шифокорлар, журналистлар, ҳуқуқшунослар, ҳакамлар, дипломатлар, тадбиркорлар, саноатчилар, қурувчилар, фермерлар, пенсионерлар, милиционерлар, ҳарбийлар ва ҳатто аскиячилар ҳам бор.

Айни пайтда номзодлар ичида президентлик сайлови баҳонасида мамлакатдаги энг юқори лавозимни эгаллаб олишни истаган ишсизлар сони ҳам анчагина – Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, президентликка номзодларнинг қарийб 23 фоизини (19 нафар номзод) вақтинча ҳеч қаерда ишламаётган кишилар ташкил қилади.

Аснода президентликка номзодларни расмий қайддан ўтказиш жараёни 25 сентябргача давом этади. Бунинг учун номзодликка номзодлар қирғиз тилидан имтиҳон топшириши, камида 30 минг имзо йиғиши, 100 минг сўм (тақрибан 2245 АҚШ доллари) миқдорида гаров пули тўлаши лозим.

Маҳаллий таҳлилчилар давлат тилидан имтиҳон топшириш ва сайловчилар имзосини йиғиш чоғида президентликка номзодларнинг бир қисми пойгадан четлатилиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

25 сентябрдан бошлаб номзодлар бир ойдан кўпроқ муддат ичида мамлакат бўйлаб ўзларини ташвиқ қилиш имкониятига эга бўладилар. Ташвиқот кампанияси 29 октябр куни соат 00.00 да ниҳоясига етади.

Орадаги бир кунлик “сукунат”дан сўнг 30 октябр куни қирғизистонликлар мамлакат тарихидаги тўртинчи президентни сайлайдилар. Агар бу куни номзодларнинг ҳеч қайсиси 50 фоиздан кўп овоз йиғолмаса, у ҳолда сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилади.

Яна 2,5 ойдан кейин ўтказиладиган мазкур сайловга амалдаги давлат раҳбари – ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева қатнашмайди. Бу ҳақдаги қарорга Муваққат Ҳукумат вакиллари ўтган йилги инқилобдан кейин келганлар. Мазкур қарорга мувофиқ, Роза Ўтунбаева ўз лавозимини 2011 йилнинг 31 декабр куни мамлакатнинг янги сайланган президентига бўшатиб бериши лозим.
XS
SM
MD
LG