Линклар

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида 16 август куни журналист Ўринбой Усмонов иши юзасидан маҳкама бошланди.

Сўғд вилоят маҳкамаси Би-би-си мухбири билан бирга ҳизбчиликда айбланаётган яна тўрт нафар тожикистонлик фуқаро ишини кўриб чиқаяпти.

59 ёшли Ўринбой Усмонов ва “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилоти аъзолари сифатида кўрилаётган Абдунаби Абдуқодиров, Яҳёхон Раҳимхўжаев, Талъат Мавлонов ва Иброҳимбек Маҳмудов устидан маҳкама 16 август куни эрталаб белгиланган вақтдан бир соат кечиктирилиб, Адлия вазирлигининг Хўжанддаги вақтинча сақлаш изоляторида бошланди. Аввалроқ маҳкама Сўғд вилоят суди биносида ўтказилиши айтилган эди.

Ўринбой Усмоновнинг ҳимоячилари Файзинисо Воҳидова ва Абдуқаюм Юсупов маҳкаманинг бу қарорини “журналистларнинг суд жараёнини кузатишларига халақит беришга уриниш”, дея изоҳлади.

Айни пайтда Ўринбой Усмонов ва яна тўрт нафар тожикистонлик фуқаро устидан бошланган маҳкама очиқ ўтмоқда.

Сўғд вилоят судяси Назаров Ўринбой Усмоновнинг Тожикистон Жиноят кодекси иккита моддаси - жамиятда фаолияти таъқиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилотига алоқадорлик ва мазкур ташкилот аъзолари ҳақида давлат тегишли идораларига хабар бермаганликда айбланиб, судга тортилганини маълум қилди.

Назаров тергов хулосасида Ўринбой Усмоновга Би-би-си радиоси орқали ана шу диний-экстремистик ташкилот ғояларини тарғиб қилганлик айби қўйилганини қайд этди.

Бироқ Ўринбой Усмонов ўзига қўйилаётган айбловларни қатъиян рад этади.

- “Ҳизбут-Таҳрир” фаолиятини мен 11 йил давомида ёритиб келганман. Фақатгина ҳақиқатни ёзганман, - дейди Ўринбой Усмонов.

Аснода Би-би-си жамоаси ҳам Ўринбой Усмонов фақат журналистик фаолияти боис “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилоти аъзолари билан алоқада бўлганини таъкидлаб келади.

Би-би-си радиосининг Сўғд вилояти бўйича мухбири Ўринбой Усмонов шу йилнинг 13 июн куни Хўжанд шаҳрида хавфсизлик ходимлари томонидан ушлаб кетилган эди.

Дастлаб Би-би-си мухбири “Ҳизбут-таҳрир” ташкилотига аъзоликда гумонланган эди, бироқ тергов жараёнида бу айбловлар ўз исботини топмади.

Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олиниши ва дастлабки тергов жараёнида унга нисбатан ғайриинсоний муносабат халқаро ташкилотлар ва жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди.

Бир ойлик қамоқдан сўнг Ўринбой Усмонов президент Имомали Раҳмон буйруғи билан озодликка чиқарилди.

Тожикистон Бош прокуратураси масъуллари Ўринбой Усмоновни ҳибсда тутиб туриш тартиби ўзгартирилганини, аммо унга нисбатан очилган жиноят иши эса давом этиб, маҳкамада кўриб чиқилишини билдирган эди.

- Ҳимоямдаги Ўринбой Усмонов ҳизбчилар фаолиятига қандайдир йўллар билан ёрдам берганлик ва уларнинг яширин фаолияти ҳақида давлат тегишли идораларига хабар бермаганликда айбланмоқда. Терговчилар иддаосига кўра, агар Усмонов бу жиноятчилар ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига вақтида хабар берганида, балки улар бир ёки бир ярим йил олдинроқ қўлга олинган бўлар эди. Тергов гуруҳи хулосасида гўё Усмонов бу жиноятчиларга вилоятда ўз доирасини кенгайтиришга ёрдам бергани айтилади, - дер экан Усмоновнинг оқловчиси Файзинисо Воҳидова бу айбловлар қанчалик ҳақиқат эканини яна бир ҳафта давом этадиган маҳкама натижаси кўрсатишини қўшимча қилди.

Айни пайтда Хўжанд шаҳрида Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов устидан бошланган маҳкама жараёнини бу мамлакатдаги маҳаллий ва хорижий ахборот воситалари вакиллари билан бир қаторда АҚШ ва Буюк Британиянинг Душанбедаги элчихоналари, ЕХҲТнинг Тожикистондаги ваколатхонаси ҳамда бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотлар вакиллари кузатиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG