Линклар

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган жун маҳсулотига, соҳа мутахассисларига кўра, хорижий давлатлар томонидан талаб кучаймоқда.

Шу билан бирга, мутахассислар қурғоқчилик важидан буй ил жун етказиб беришда узилишлар бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Тошкентлик Солижон ака жунни қайта ишлаш корхонасида тақрибан 30 йил ишлаган. Айни пайтда нафақага чиққан суҳбатдош Ўзбекистонда ишланган жун турларининг қай бири бозори чаққон эканини яхши билади:

- Ўзбекистонда асосий жунлар бу Қоракўл жунлари. Сифати яхши, шунинг учун унга талаб ҳам катта. Водийнинг маҳсулоти Ордович (жун тури – таҳр.) саналади. Уларга ҳам талаб бор. Жуннинг турлари бор - Қоракўл жуни валяне-войлочний системада ишлатилса, водийнинг жунлари суконний, ип чиқаришда ишлатилади, - дейди кўп йиллар жунни қайта ишлаш соҳасида ишлаган мутахассис Солижон ака.

Тошкентда чиқадиган “Зеркало XXI” газетаси Ўзбекистонда 2005 йилдан бошлаб жун ишлаб чиқариш ҳажми ва бу маҳсулотнинг экспорт потенциали ошиб бораётгани ҳақида ёзди. Газетага кўра, жаҳон бозорида ўзбек жунига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётир, шу боисдан экспорт ҳажми ҳам кўпайиб бормоқда.

Бироқ Бухоро вилоятида фаолият юритаётган “O’ktam-Ko” ташкилотининг вакили Искандар Бақоев газетанинг бу маълумотларини яхши ният сифатида қабул қилишини айтиб, аслида мамлакатда жун етиштириш билан боғлиқ вазият бошқачароқ эканини айтади:

- Йўқ, кўпайган эмас. Ҳозир аксинча камайган. Ўтган йили об-ҳаво яхши келмади. Ёғингарчилик бўлмади. Мана шу Бухоро регионида ўт бўлмади. Ўт бўлмаса, моллар оч бўлади, боласини сақлай олмайди. Молларнинг сони камаяди. Жун ҳам ўзига яраша бўлади. Мол емаса, жун ҳам бермайди, гўшт ҳам бермайди, ҳеч нима бермайди. Шу йил мана шундай ёмон йил келди. Қашқадарё вилояти молларининг ҳаммасини Қозоғистон чегараси томон, Зарафшон, Учқудуқ, Томди томонга ҳайдаган, - дейди Искандар ака.

“O’ktam-Ko” ташкилоти ходими Ўзбекистон жунига талаб бор бўлса-да, жуннинг ўзи танқис бўлаётганини айтади:

- Талаб катта, таклиф йўқ. Тўрт томондан сўраяпти. Ҳеч қачон сўрамаганлар ҳам сўраб келаяпти. Хитой ҳеч қачон олмаган эди, ҳозир Хитой сўраяпти. Туркия, Афғонистон, Ҳиндистон, асосийси Россия сўраяпти, - дейди бухоролик Искандар Бақоев.

Бир неча йилдан буён Бухоро вилоятида аҳолидан жун сотиб олиб, уни қайта ишлаб сотиш билан шуғулланаётган Искандар ака экспорт бу йил кам бўлишини ҳам тахмин қилади:

- Жуннинг экспорти бу йил сон ҳисобига камроқ бўлади. А так ҳеч нарса қолмайди, ҳаммаси кетади. Ҳозир жойида жун 400-450 сўм, транспорт билан жойига келганча 1000 сўмгача ҳам чиқиши мумкин, - дея тахмин қилади бухоролик жунфуруш.

Ўзбекистонлик собиқ фермер Исмоил ака фикрича, мамлакат расмийлари бир қатор чораларни амалга ошириш орқали ҳақиқатан ҳам маҳаллий чорвадорлар оғирини енгил қилиши, шу билан жун етиштириш ҳажмининг ошишига ёрдам қилишлари мумкин эди.

- Чўлда қурғоқчилик бўлди. Боқиш учун яйлов, ем-хашак керак. Ем-хашак базаси эса йўқ. Уйларда моллар қирилиб кетди-ку. Одамлар уйда мол сақламаяпти, чунки яйлов йўқ, ем қиммат. Бир кило кунжара 1200 сўм, бу 50 цент дегани. Яйлов кўпайтириш керак, кормовой озуқа ўстириш керак. Кормовой озуқа учун ер кам ажратилади. Сомон ҳам бу йил кам бўлди. Ҳар бир қарич ер фақат буғдой билан пахтага белгиланган, - дер экан собиқ фермер Исмоил ака айни пайтда озуқа экиладиган майдонларни етарлича сув билан таъминлаш учун ўзбекистонлик мутасаддилар қўшни мамлакатлардаги ҳамкасблари билан сув бўйича музокаралар ўтказиши лозимлигини, шу тариқа чорва учун ем-хашак жамғариш муаммосини ҳал қилишга ўз ҳиссаларини қўшишлари лозимлигини ҳам қўшимча қилади.

Ўзбекистон давлат статистика бошқармасига кўра, Ўзбекистонда 2005 йилда 20 минг тоннадан ортиқ жун ишлаб чиқарилган бўлиб, бу кўрсаткич 2010 йилга қадар йилига тақрибан бир тоннадан кўпайиб борган.
XS
SM
MD
LG