Линклар

logo-print

2000 дан ошиқ ўзбекистонлик Рамазон умрасига эришди

  • Барно Анвар

Мустақиллик йилларида рамазон умраси зиёратини адо этганлар сони жами 80 мингдан ошироқ бўлди. Талабгорлар сони эса бундан бир неча ўн баробарга кўплиги айтилади.

Мустақиллик йилларида рамазон умраси зиёратини адо этганлар сони жами 80 мингдан ошироқ бўлди. Талабгорлар сони эса бундан бир неча ўн баробарга кўплиги айтилади.

Баҳорги мавсумда 3600 киши Умрага борган. Зиёрат учун навбат пойлаётганлар сони эса бундан бир неча ўн баробарга ортиқдир.

Бу йил Рамазон ойида ўзбекистонлик 2 минг 468 зиёратчига Умра зиёратини амалга ошириш имкони берилди.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Дин ишлар бўйича қўмитасидан олинган маълумотга кўра, ҳозир 4 та ишчи гуруҳ етакчилигида Умра зиёратини амалга ошираётган ўзбекистонликларнинг дастлабки гуруҳи зиёратни адо этиб, Ўзбекистонга қайтган.

Уларнинг Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита номига йўллаган миннатдорлик мактубида зиёратчиларга яратилган шароитдан чуқур қониқиш ифода қилинган.

“Биз сафаримиз давомидаги шарт-шароитларни мувофиқ тарзда ташкиллаштириб бергани учун ишчи ва ташкилотчи гуруҳга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Мадина ва Маккадаги меҳмонхоналар муқаддас зиёратгоҳларга жуда яқин жойлашган ҳамда совутгич, музлатгич ва қулай яшаш учун зарур бошқа жиҳозлар билан жиҳозланган эди”, мазмунида мактубдан иқтибос келтиради Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматига таянган CA-News нашри.

Қўмита мутасаддиларидан бири бу хабарни тасдиқлар экан, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу йил баҳорги мавсумда Умра зиёратига борганларга ҳам худди шундай яхши шароитлар қилиб берилганини қўшимча қилди.

- 2 ярим мингга яқин зиёратчи шу Рамазон ойида борувчиларнинг сони. Бу йил баҳорги мавсумда ҳам зиёратчилар борган. Уларнинг сони 3 мингдан ошиқ эди. Ҳаммаларига зарур барча шарт-шароитлар қилиб берилган, - деди Дин ишлари бўйича қўмита мулозимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Расмий маълумотга кўра, 2 ярим мингга яқин Умра зиёратчиларини кузатиб бориш учун бу йил 4 та ишчи гуруҳ тайинланган.

Бундан ташқари, 12 нафар шифокор ва 2 ошпаз ўзбекистонлик умрачиларга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасидан тайинланган ишчи гуруҳига бошчилик қилаётган мутасаддиларидан бири билан боғланиб, ўзбекистонлик зиёратчиларнинг кайфияти ҳақида сўраганимизда, интервью беришдан бош тортган мулозим қисқагина қилиб: “Ҳамма шароитимиз зўр. Бошқа гапни фақат элчихона рухсат берсагина айтишим мумкин”, деб жавоб қилди.

Аҳолиси сони 28 ярим миллион кишидан ортган Ўзбекистонда Умра зиёрати, шунингдек, Ҳаж зиёратига боришни истовчилар сони кўпчилик.

Улар йиллаб навбат пойлайди. Хусусан, бу йил Умрага отланганлар сафида бу зиёратни ўтган йили ният қилганлар кўпчилик бўлди.

Сўнгги 20 йил ичида Ўзбекистондан бориб, Рамазон умраси зиёратини адо этганлар сони жами 80 мингдан ошиқроқ экани айтилади.

Шу кунга қадар, Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра зиёратига борувчилар сонига нега чеклов қўйилгани ҳақидаги саволга конкрет расмий жавоб берувчи бирорта мутасади ташкилот бўлгани йўқ.

Ҳозир Умрага борувчилар рўйхатини Дин ишлари бўйича қўмита тузаётган бўлса, Ҳажга борувчиларнинг рўйхатини вилоят, шаҳар ва туман ҳокимиятлари тузмоқда.

Шу кунларда Ҳаж зиёратига борувчиларнинг рўйхатини тузиб битган Тошкент шаҳар ҳокимияти мутасаддиси билан суҳбатлашиш имкони туғилган эди, яна бир карра чеклов сабаблари ҳақида суриштирдик.

Бу кишидан ҳам чеклов ҳақидаги савол жавобини Дин ишлари бўйича қўмитадан олишимиз мумкинлиги ҳақидаги одатдаги жавобни олдик.

- Билмадим, энди шароитдан келиб чиқиладику ҳамма нарса. Эплаш қийин бўлаяпти ҳозир. Агар борадиганларни 10 минг қиладиган бўлса, умуман қийин бўп кетади у ёқда уларни эплаш. Буни бир томонлама тушуниш керакмасда. Бизнинг ваколатимизда ҳал бўладиган масаламас бу. Қўмитага телефон қилсангиз, масаланинг бошқа томонларини тушунтириб беришадида сизга, - дейди Тошкент шаҳар ҳокимиятининг ўзини таништирмаган расмийси.

Бу кишининг айтишича, ҳозир ҳокимиятда Ҳаж зиёрати учун навбат пойлаётганлар 2012 ва 2013 йиллар учун ёзилмоқда.

Бу йил бу шаҳардан Ҳажга борадиганлар орасида эса 2007 йилда рўйхатда турганлар бор.

- Талаб каттада ҳозир. Тошкент шаҳрига 750та, 715та, шунақа ҳар хил квота берилади ҳар йили. Ҳозир 2011, 2012, 2013 йилга навбатга туришибди. 2011 йилга ёзилганлар 2012 йилга ўтди. Сабаби, 2007 йилда 4 минг – 5 минг одамни қўмита живой очеред қилиб ёзиб қўйган. Шулардан ҳам 300 га яқини янаги йилга қолаяпти, - деди Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мутасаддиларидан бири.

Унга кўра, Умра ва Ҳаж зиёрати учун чеклов Ўзбекистон республикаси Ҳаж ва Умра ишлари бўйича жамоатчилик кенгаши томонидан жорий этилган.

Кенгаш раҳбари Ортиқ Юсупов бунинг сабаблари ҳақидаги мурожаатимизни йиллар давомида жавобсиз қолдириб келади.

Шу тариқа расмий маълумотларга кўра, бу йил ҳам Ўзбекистондан Ҳаж зиёратига борувчилар сони 5 мингдан ошиқроқни ташкил қилади.

Умрага бориш имкони берилганлар сони эса 6 мингдан ошиқроқ бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG