Линклар

logo-print

Бу саволга расмийлар “улкан ютуқлар” рўйхати билан жавоб берса¸ мустақил олимлар¸ аксинча¸ муаммолар рўйхатини келтирмоқда.


Куни-кеча Ўзбекистон Фанлар академиясининг мажлислар залида “Ўзбекистон: 20 йиллик мустақил ривожланиш якун ва истиқболлари” деб номланган йирик илмий анжуман бўлиб ўтди ва унда қатнашган 400 дан ошиқ ўзбекистонлик олим мамлакат илм-фанидаги 20 йиллик жараëнларни сарҳисоб қилди.

Ўзбекистон Фанлар академияси бош илмий котиби¸ кимë фанлари доктори¸ профессор Бахтиëр Тўлаганов Озодлик билан суҳбатда 20 йил давомида ўзбекистонлик олимлар эришган илмий ютуқлардан анжуманда тилга олинган айримларигагина тўхталди:

- Фундаментал соҳани оладиган бўлсак, жаҳоншумул аҳамиятга эга бўлган бир қатор натижалар қўлга киритилган. Булар тўғрисида жуда кўп гапиришим мумкин, лекин қисқа бўлиши учун мен иккита-учта мисол келтиришим мумкин. Айтайлик, астрономия соҳасини оладиган бўлсак. Астрономия соҳасида олимларимизнинг изланишлари натижасида, Майданакда жойлашган обсерваториямиз бор, шу обсерваториядаги асбоб-ускуналар ëрдамида олимларимизнинг салоҳияти, интилишлари натижасида қуëш системасида янги кичик сайëра очилди. Бунга халқаро ҳамжамият томонидан эътибор этилиб, юртбошимиз таклифлари билан ҳамда уларнинг эътирофларига асосан унга “Самарқанд” деган ном берилди. Бундан ташқари мана яна фундаментал фанни оладиган бўлсак, кимë фани бор. У фанда янги қонуниятлар, айтайлик полиморф моддалар бўлади, ўшаларни олиш шароити билан уларнинг тузилиши ўртасида қандай боғлиқлик бор эканлиги очиб берилди. Бу ҳам бизнинг одамларимиз томонидан.

Бундан ташқари ўзимизнинг аҳолини фармацевтика соҳасини янги оригинал дори моддалари билан таъминлаш борасида бир қатор ишлар қилиниб, биз 30га яқин дори моддаларини мана шу вақт давомида фундаментал тадқиқ қилиб, уларнинг тузилиши, таъсир қилиш механизмлари ҳаммасини ўрганган ҳолда охирида мана шуларни амалиëтга таклиф этдик. Бу фундаментал фаннинг амалиëтга чиқишига мисол сифатида кўрсатса бўлади.

Ëки бўлмаса мана ген муҳандислиги соҳаси. Ген муҳандислиги соҳасида қишлоқ хўжалик ўсимлиги бўлган пахтанинг янги навлари қурғоқчиликка чидамли бўлган, толаси узун бўлган янги ген муҳандислиги билан олинган навларини ишлаш устида катта ишлар қилиниб, муайян ютуқлар қўлга киритилди¸ деди Ўзбекистон Фанлар академияси бош илмий котиби мустақилликнинг 20 йили давомида фундаментал соҳада амалга оширилган илмий изланишлар натижасини сарҳисоб қила туриб.

Айни кунларда Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ҳам бот-бот тилга олинаëтган бу ютуқлар кўлами¸ мустақилликнинг 20 йили давомида Ўзбекистон илм-фанида юзага келган муаммоларга солиштирилганда¸ жуда тордир¸ дейди совет даврида Ўзбекистонда умумий тилшунослик мактаби яратганлардан бири Бахтиëр Исабеков.

Гуманитар фанлар соҳаси мисолида гапирар экан тилшунос олим¸ мустақиллик даврида Ўзбекистонда юзага келган фундаментал муаммо жамиятда илм-фан ва олим қадрининг йўқолганидир¸ деган фикрни таъкидлайди:

- Ўзимнинг ҳаëтимда кўп кўрадиганим болаларим, невараларимда бир нарса бор. Ўқиган одам нима бўларди¸ деган намуна пайдо бўлди мана шу мустақиллик даврида. Ўқиганларнинг, ўқиб олим бўлганларнинг аҳволи билан бозорда нарса олиб сотиб юрганнинг аҳволини қиëслашади-да, натижада ўқишга бўлган ихлос ниҳоятда камайиб кетади. Бу ҳозир жуда авжига чиқиб кетди. Ўзимизнинг ҳаëтда кўраман.

Ўзининг фарзандлари келажакда бой эмас¸ амалга ҳам эга бўлиб қолиши учун ўшанинг харажатларини кўтариб, амалдор ëки мавқени эгаллайдиган одам бўлиши учун ҳаракат қилганларгина олий ўқув юртида, бошқа ўқишларда юрибди¸ шекилли. Афсус¸ уларнинг кўпчилиги олим бўлишни ëки тадқиқот қилишни истайдиганлар эмас¸ дер экан тилшунос олим¸ академик Бахтиëр Тўлаганов тилга олган каби кашфиëтларни мустақиллик шарофати билан юзага чиқди¸ деб талқин қилишга эътироз билдиради.

- Телевизорда, матбуот журналда бир-иккита шахс чиқиб қолади. Ўша шахматчининг чиқишини мен мустақиллик билан боғлиқ демайман. Ëки бир-иккита болаларимизнинг халқаро олимпиадаларга бориб математикаданми, химияданми, физикаданми мукофот олаëтгани бу табиий ҳол¸ бўлиши керак бўлган нарса. Худди шундай ҳолат Ливияда ҳам бўлаяпти ëки мана Афғонистонда ҳам¸ уруш тўполонга қарамай бор. Буни мустақилликка йўйиш керак эмас. Инсониятнинг табиий тараққиëти, табиий силжиши билан бўлаëтган нарса бу! Айнан мустақиллик билан боғлиқ бўлса, бу нарсалар кўплаб бўлиши керак¸ оммавий бўлиши керак эди! Бир-иккита боксчи чиққани билан ўзбекларнинг ҳаммаси ҳамма спортчи бўлиб қолаëтгани йўқ. Шунақа ижобий ҳодисалар оммавий ҳолда бўлса эди, ана унда буни мустақиллик натижаси деса бўларди¸ дейди ўзбекистонлик тилшунос олим.

Ўзбекистонда умумиятла¸ хусусан эса гуманитар соҳада ютуқдан кўра муаммолар кўпроқдир¸ дер экан мустақил сиëсатшунос Фарҳод Толипов¸ мустақиллик даврида янада урчиган бу муаммолар илдизи илм-фаннинг ҳукумат мафкурасидан мустақил бўла олмаëтганига бориб тақалишини айтади:

-Фан¸ гуманитар фанининг мафкурадан холи бўлган ҳолда мустақил соҳа сифатида ривожланиши¸ ҳақиқатан¸ ҳам қийин бўлаяпти. Бизда кўпинча¸ афсуски¸ сиëсатшуносликни сиëсат билан ажрата олишмаяпти. Сиëсатшунослик фан, сиëсат эса бир фаолият соҳаси, касб эканлигини одамлар тушуна олмай қолаяпти. Фан бу фан, касб бу касб эканлигининг фарқига бориш қийинроқ бўлаяпти. Тадқиқот учун, ижод қилиш учун муҳит қониқарли¸ деб бўлмайди. Бизда политология соҳасида домлалар ҳам, тадқиқот олиб борувчи олимлар ҳам жуда катта қийинчиликларни бошдан кечираяпти. Битта факт билан буни изоҳласа ҳам бўлади. Буни рус тилида востребованность¸ дейди. Бу политологияда қилинаëтган ишларга, ақлларга талаб давлат томонидан суст даражада бўлганлиги учун бўлса керак фанга ҳам эътибор катта бўлмаяпти. Бу фан мафкурадан холи бўлган ҳолда ривожлана олмаяпти¸ деган муаммога қўшимча политологларга талаб паст даражада. Хусусан мана охирги икки йилдан бери олий ўқув юртларида политология ихтисослиги бор бўлган факултетларга танлов йўқ. Политология соҳасида бакалаврлар биринчи курсга қабул қилинмаяпти¸ дейди айнан сиëсатшуносликни сиëсатдан ажратишга урингани учун Ўзбекистон университетларидан четлатилган сиëсатшунос олим Фарҳод Толипов.

Айни кунларда¸ Жанубий Корея университетларидан бирида ахборот технологиялари соҳасида докторлик тадқиқоти устида ишлаëтган Улуғбек Низомхўжаев мустақиллик даврида илм билан оила тебратиб бўлмай қолгани ўзини илмга бағишлашга қарор қилган ëшларни яхшироқ иқтисодий ва илмий имкон излаб¸ яақин ва узоқ хорижга чиқиб кетишга мажбур қилганини мустақил Ўзбекистон илм-фанининг катта муаммоларидан бири¸ деб атайди:

- Kомпютер, технология турган билан ишлайдиган одам бўлмаса, ишлата олмасангиз уни, ҳеч ким ишламаса унда фақат кўргазма учун бўлса, бу нарса керакмас нарсаю. Ўша мустақиллик пайтида ўқиганмиз бизлар ҳам. Ўзининг соҳасини яхши биладиган домлалар бўларди. Уларнинг кўпи пенсияга чиқиб кетган, кўпи Россияга кетиб қолди, кўплари бошқа давлатга кетди. Ҳақиқатан бу соҳага бизларда эътибор бермай қўйишди.

Мисол учун IT соҳасини оладиган бўлса, ҳозир кўп гапиришади мен эшитганларим, қураяпмиз деб зданиени кўрсатади, мана бунча компютер қўйдик дейди, лекин тўртта девор ичига битта компютер қўйиб қўйган билан иш битмайди-да. Ўшанга яраша план бўлиши керак. Битта нарсага асосланган, йўналтирилган бўлиши керакда. Ишлайдиган ходими бўлиши керак. Ҳар доим нимадир билан шуғулланиш керак у ерда ниманидир ривожлантириш учун. Ўшандагина у-бу нарсага эришса бўлади. Четдан ҳамкорлик қилаëтган университетларнинг кўпи менимча чиқиб кетган. Ўшалар билан яхши алоқада бўлиш керак, дейди Сеул университетида ахборот технологиялари соҳасида докторлик иши ëзаëтган ўзбекистонлик олим.

Ўзбекистон Фанлар академияси бош илмий котиби мамлакат илм-фанини тараққий қилдириши лозим ëшларда илмга чанқоқликнинг сусайганини эътироф эта туриб¸ ҳукумат бу муаммони бартараф этишга ҳаракат қилаëтганини айтади:

-Ҳозирги маҳалда мана замонавий асбоб-ускуналар сотиб олинаяпти. Вазирлар Маҳкамасининг 241-қарори бор деймиз ëки президентимиз чиқарган қарорлар асосида инновацион соҳани ривожлантириш бўйича янги асбоб-ускуна олишда ҳар йили ўнлаб, йигирмалаб илмий асбоблар сотиб олинаяпти. Бу қўллаб-қувватлаш бу соҳада. Охирги вақтда олимларнинг ойликлари сезиларли даражада оширилди. Алоҳида олимларга эътибор берилиб, уларнинг ойлигини оширдик. Бу ҳам алоҳида ҳукумат қарори.

Ëшларда бўлаëтган камчиликлардан биттасини айтиш мумкинки, ëшларни жалб қилиш жуда талаб даражасида эмас эди¸ дейиши мумкин. Лекин минг қатла шукурки, охирги вақтларда олиб борилаëтган сиëсат туфайли, қилинаëтган ғамхўрлик туфайли сезиларли илм-фанга кириб келиш томонга ўзгариш юз берди. Ëшларимиз сезиларли даражада илм-фанга кириб келишни бошлашди, дейди Ўзбекистон Фанлар академиясининг бош илмий котиби¸ профессор Бахтиëр Тўлаганов.

Ўзбекистонда на рисоладагидай иқтисодий ва на илмий муҳит топа олмай¸ ҳозирда хорижда юрган ëш олим Улуғбек Низомхўжаев бир кун келиб хорижга чиқиб кетган ақлларнинг ўз ватанига қайтишига умид билдиради:

-Мен ишонаман, шунақа пайт келадики, ҳали илмни ривожлантиришга тўғри келадиган пайт келади. Ўшанда чет элдан домлаларни сотиб олиб, катта пул бериб ўқиттиришга тўғри келади. Шунақа пайт келади барибир. Барибир бўлиши керак бу нарса. Бусиз иложи йўқ. Ривожлантирамиз деса, ҳар доим иложи бор. Ҳали вақт келмагандирку, бу кетишда бўлмасдан иложи йўқ, дейди ўзига нормал иқтисодий ва илмий шароит таклиф этилса¸ Ўзбекистонга қайтиб ишлашга ҳозирлигини таъкидлаган ëш олим.

Тилшунос олим Бахтиëр Исабеков¸ мустақил Ўзбекистонда илм-фан тараққиëтига¸ олимнинг қадр топишига йўл бериш учун маориф ва таълим соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилиши¸ биринчи галда¸ таълим соҳасининг пора ва таъмагирликдан тозаланиши лозимлигини айта туриб¸ ҳозирча бундай жараëнларнинг учқуни ҳам кўринмаëтганидан афсус билдиради....

Телефонларимиз:
+420 602 61 27 13
+420 773 26 72 30
Email: uzbekweb@rferl.org
Skype: OzodSkype

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG