Линклар

logo-print

Россияда тажовузкор мардикорлар кўпаймоқда


Кейинги пайтларда марказий-осиёлик муҳожирларнинг жинсий тажовуз содир этаётганига оид хабарлар кўпаймоқда.

Кейинги пайтларда марказий-осиёлик муҳожирларнинг жинсий тажовуз содир этаётганига оид хабарлар кўпаймоқда.

Калининград вилоятида икки аёлни зўрлаганликда айбланаётган беш нафар ўзбекистонлик устидан суд давом этмоқда. Маҳаллий тергов идоралари Россияда меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилаётган жинсий тажовуз ҳолатлари кўпайиб бораётгинини айтишмоқда.


Айбсизлик презумпциясини эсдан чиқарманг!


Кейинги пайтларда Россия оммавий ахборот воситаларида жинсий тажовузда айбланаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақидаги хабарлар сони ҳам кўпайиб қолган.

Калининград вилоятининг Светлогорск туман судида икки рус аёлини зўрлаганликда айбланаётган Ўзбекистоннинг беш нафар фуқароси устидан маҳкама бўлиб ўтмоқда.

Тергов материалларида айтиличшиа, ўзбекистонликлар бу жиноятларни 2010 йилнинг 19 ва 26 июн кунлари Калининграднинг Пионерский шаҳарчасида содир этган, дейди Озодликка ишни тергов қилган ва судга топширган Калининград вилоят прокуратураси ходими, адлия катта маслаҳатчиси Оксана Пономарёва.

- Улар Россия Жиноят Кодексининг 131-моддаси 2-қисми, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан жинсий тажовуз содир этганликда айбланмоқда. Тергов материалларига кўра, улар аввалига битта ёши катта аёлни, бир ҳафтадан кейин эса яна бирини зўрлаган. Шунингдек, ҳибсга олинганлардан бирининг акаси прокуратура терговчиларига укасини озод қилиш учун пора таклиф қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Суд тугаганича йўқ, лекин улар бу жиноят бўйича 4 йилдан 12 йилгача қамоқ жазосига тортилиши мумкин,- дейди прокурор.

У шунингдек айбсизлик презумпцияси мавжудлиги, яъни ҳеч ким суд қарори чиқмагунга қадар жиноятчи, деб эълон қилиниши мумкин эмаслигини эсдан чиқармаслигимизни тавсия қилди.

- Бирор шахс айбланаётган ёки унга ҳатто айблов эълон қилинган бўлса ҳам суд қарори чиқмасдан туриб, уни қотил ёки зўравон, деб айблаб бўлмайди. Мен журналистлар у ёқда турсин, айрим ҳолларда турли вилоятларнинг тергов қўмитаси матбуот марказлари тарқатаётган хабарларда бундай номақбул баёнотларни учратиб қоламан. Шу сабабли, оммавий ахборот воситаларида мигрантлар ёки хориж фуқароларига нисбатан кўтарилган бундай дезинформацияга мутлақо қаршиман,- дея қўшимча қилади Калининград вилоят прокуратураси терговчиси Оксана Пономарёва.

Ўзбек тажовузкорлари ҳақида хабарлар кўпаймоқда


Лекин шунга қарамасдан, Россиянинг турли минтақаларидан айнан ўзбекистонликлар томонидан содир этилаётган зўрлаш ҳолатлари тўғрисида хабарлар келишда давом этмоқда.

Смоленск вилояти Вязма шаҳрида 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси ярим йил давомида 6 ёшли ўгай ўғлини зўрлаганликда айбланмоқда.

25 ёшли ўзбекистонлик Воронежда 13 яшар ногирон қиз билан жинсий алоқа қилганликда айбланган ва буни “Ўзбекистонда 12 ёшли қизларга уйланиш мумкинлиги ва маҳаллий қонунларини билмаганлиги” билан изоҳлагани айтилмоқда.

8 август куни Хабаровскда 18 яшар маҳаллий ўқув юртининг 1 курс талабасини ўрмонда зўрлаганликда айбланиб, икки нафар ишсиз Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.

Твер вилояти Конаково туманида жорий йилнинг февралида 30 ёшли Ўзбекистон фуқароси 75 ёшли қайнонасини зўрлаб, суд ҳукми билан 5 йилга қамалди.

Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин...

Бунинг сабаби кўп


Хўш, Россияга меҳнат қилгани борган меҳнат муҳожирларининг жинсий тажовузга қўл уриши ҳолатлари кўпайиб бораётгинининг сабаби нимада?

Москва давлат университети профессори, иқтисодчи Елена Лукьянова “Взгляд” газетасига берган интервьюсида муҳожирлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сабабларини иқтисодий омилларда кўришини айтади.

“Гастарбайтерлар Россияда, хусусан Москвада деярли қуллар ҳолатидадир. Уларда пул, яшашга жойлари йўқ, маиший ҳолатлари ачинарли аҳволда”, дейди профессор Елена Лукьянова.

Калининград вилоят прокуратураси ходими Оксана Пономарёва эса Озодлик билан суҳбатда муҳожирлар орасида жинсий тажовузга қўл ураётганлар кўплигини уларнинг ўз оилаларидан узоқда яшаб ишлаётгани билан изоҳлайди ва бу жиноятлар асосан уйланмаган ёшлар томонидан содир этилаётганига эътибор қаратади. “Қолаверса, ҳар юзта оддий муҳожир орасида битта-яримта ношуд чиқиши аниқ-ку”, дея қўшимча қилади прокурор.

Москва шаҳар Тергов қўмитаси раҳбари Вадим Яковенко ўз чиқишларидан бирида пойтахт ҳудудида зўрлашларнинг деярли ярми мигрантлар томонидан содир этилаётганини “маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг самарасиз фаолият юритаётгани” билан боғлади.

8 йилдан бери Москвада меҳнат муҳожирларини ишга жойлаштириш билан шуғулланадиган асли андижонлик 40 ёшли Маъмуржоннинг сўзларига кўра, бу каби жиноятлар фақат бекорчилар ёки “дордан” қочган ҳақиқий жиноятчилар содир этади.

- Йўқ деганда, 60 фоиз ишсиз-да бу ерда юрганлар. Ётоқ жойи бўлиши керак, узини боқа олиши керак. Шунинг учун иложсиз вазиятга тушиб қолганлар шу каби криминалга кириб қоляпти. Ҳақиқатан, бу ишлар бўляпти. Лекин туҳмат ҳам бўляпти. Масалан, бирорта қизи билан гаплашиб қўйса ҳам, у бориб "изнасиловать қилди", деб заявление ёзяпти. Солиштирадиган бўлсак, 2000 йилларга нисбатан ҳозир бундай вазиятлар жуда кўп-да. Мен 2003 йилдан бери шу ердаман. Келганимизда жуда озчилик эдик. Ҳозир эса ҳар қадамда ўзбек, тожик, қирғиз. Бунча одам орасида албатта жиноятлар сони ҳам кўп бўлади. Лекин кўпчилик бу ерга қийналган, пул топаман деб келган. Яна бир томони, Ўзбекистондан, Қирғизистондан мана шундай жиноятларни содир этиб қочиб келганлар ҳам кўпроқ. Ишлагани келган одамлар ўзини бунчалик пастга урмаса керак,- дейди Маъмуржон.

Озодлик билан суҳбатда Мамуржон масаланинг яна бир томонига эътиборимизни қаратди. У жинсий тажовуз, зўрлаш ёки бошқа ноҳуш ҳолатларининг кўпайишини тегишли мамлакат элчихоналари ва консулликлари бефарқлиги билан ҳам боғлади.

“Ўзбек муҳожирлари Россияда ҳуқуқий томондан мутлақо ҳимояланмаган қатламга айланиб қолди”, дея давом этади Маъмуржон.

- Россия элчихонаси қаерга борманг ўзларининг одамларини назорат қилиб туради, ким қаерда, турист бўладими, нима иш қилаётганини билишади. Бизда эса шу нарсалар йўқ. “Россияда қанча ўзбекистонлик бор?”, деб Ўзбекистон ёки бошқа элчихонадан сўрасангиз билишмайди. Ҳеч қанақа статистика йўқ бизда! Россияликлар эса бирор жойда жиноят қилиб қўядиган бўлса ҳам, посолствасидан одам бориб хабар олади. Мардикорларимиз шунча нарса қилаётган бўлса ҳам, бизнинг элчихонадан бирор адвокат ёки юрист бориб: “Э, мана шунақа қилиб қўйибди”, деганини эшитмадим-да.

Бу ерда ўзи одамлар напряжённий юрибди. Эртага битта сабаб бўладиган бўлса, бомбага ўхшаб портлаб кетади! Буни кейин Россияни ичида тўхтатиш қийин бўлади,- дейди Москва шаҳрида бригадирлик қиладиган Маъмуржон.

Москва шаҳар Тергов қўмитасининг Озодликка берган маълумотига кўра, 2011 йилнинг биринчи ярмида биргина Москвада зўрлаш ҳолатларининг деярли ярмиси ҳориж фуқаролари томонидан содир этилган.

2009 йилга нисбатан 2010 йилда хорижликлар томонидан содир этилган жиноятларнинг умумий сони Москва вилоятида 4,1 фоизга кўпайгани айтилмоқда. Жумладан, биргина ўтган йил давомида Москва вилоятида хорижлик мигрантлар томонидан 61 зўрлаш ҳолати қайд этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG