Линклар

logo-print
Жаҳон Банкининг халқаро консультантлари Тожикистон раҳбариятига Роғун гидроэлектростанцияси биринчи навбати қурилишини бошламай туришни тавсия қилди.

Жаҳон Банкининг Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий директори Мото Конишининг Озодликка айтишича, Роғун лойиҳасини "техник-иқтисодий баҳолаш билан шуғулланаётган халқаро консультантлар ГЭСнинг баландлиги 120 метр тўғонли биринчи навбати қурилишини шу кунда зудлик билан бошламасликни тавсия қилган".

Жаноб Конишига кўра, мутахассислар ўзларининг бу тавсиясини Вахш дарёсидан оқиб келувчи чўкиндиларнинг катта ҳажмда бўлажаги билан изоҳлаганлар.

Роғун ГЭСи лойиҳасини баҳолаш ишларига жорий йил бошида танлов асосида икки халқаро компания - “Coyne & Dellier” ширкати етакчилигидаги компаниялар консорциуми ҳамда IPA Energy Water Consulting ширкати шартнома асосида жалб этилган эди.

Бу икки компания лойиҳани техник ва иқтисодий жиҳатдан баҳолашни, “Poyry” ширкати эса унинг экологик ва ижтимоий таъсирини баҳолашни ўз зиммаларига олган.

2010 йили Тожикистон ҳукумати ва Жаҳон банки ўртасида эришилган келишувга биноан Баҳолаш тадқиқотлари натижалари чиқарилиб, улар дарё ҳавзасидаги мамлакатлар муҳокамасидан ўтмагунича Душанбе қурилишни давом эттирмай туриш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Маълумки, Роғун ГЭСи лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказишни дарё этагида жойлашган давлатлар, биринчи навбатда, Ўзбекистон талаб қилиб келаётган эди.
XS
SM
MD
LG