Линклар

logo-print

Жаҳон Банкининг халқаро консультантлари Тожикистон раҳбариятига Роғун ГЭСи биринчи навбати қурилишини бошламай туришни тавсия қилди.

Жаҳон Банкининг Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий директори Мото Конишининг Озодликка айтишича, Роғун лойиҳасини "техник-иқтисодий баҳолаш билан шуғулланаётган халқаро консультантлар ГЭСнинг баландлиги 120 метр тўғонли биринчи навбати қурилишини шу кунда бошлашга ошиқмасликни тавсия қилган".

Жаноб Конишига кўра, мутахассислар ўзларининг бу тавсиясини Вахш дарёсидан оқиб келувчи чўкиндиларнинг катта ҳажмда бўлажаги билан изоҳлаганлар.

Жаҳон Банкининг мазкур масала юзасидан эълон қилган махсус хабарномасида айтилишича, халқаро молиявий ташкилот мутахассислари ўзларининг Тожикистонга қилган 10 кунлик сафарини куни кеча якунлаганлар.

Улар Роғун ГЭСи лойиҳаси бўйича ўтказилаётган Баҳолаш тадқиқотларининг бажарилишини ўрганган.

Хабарномада айтилишича, 2011 йилнинг мартида бошланган Баҳолаш тадқиқотлари жадал суръатлар билан давом этмоқда.

Халқаро консультантлар 5 ой давомида мавжуд маълумотлар ва тадқиқотларни таҳлил қилган ва бир неча дастлабки ҳисоботларини эълон қилган.

Жаҳон Банкининг Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий директори Мото Конишининг Озодликка айтишича, “Жаҳон Банки ва унинг экспертлар гуруҳи халқаро консультантлар хулосасини маъқул топди ва режалаштирилаётган тўғоннинг тўла қурилишини ҳар томонлама - техник, иқтисодий, экологик ва ижтимоий баҳолашни жадал суръатлар билан ўтказишни тавсия қилди”.

Банк хабарномасида айтилишича, Роғун лойиҳасига бериладиган тўла баҳо 2012 йилнинг биринчи ярмида муҳокама ва маслаҳатлашувларни давом эттириш учун жамоатчиликка тақдим этилади.

Роғун ГЭСи лойиҳасини баҳолаш ишларига жорий йил бошида танлов асосида икки халқаро компания - “Coyne & Dellier” ширкати етакчилигидаги компаниялар консорциуми ҳамда IPA Energy Water Consulting ширкати шартнома асосида жалб этилган эди.

Бу икки ширкат лойиҳани техник ва иқтисодий жиҳатдан баҳолашни, “Poyry” ширкати эса унинг экологик ва ижтимоий таъсирини баҳолашни ўз зиммаларига олган.

2010 йили Тожикистон ҳукумати ва Жаҳон банки ўртасида эришилган келишувга биноан Баҳолаш тадқиқотлари натижалари чиқарилиб, улар дарё ҳавзасидаги мамлакатлар муҳокамасидан ўтмагунича Душанбе қурилишни давом эттирмай туриш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Маълумки, Роғун ГЭСи лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказишни дарё этагида жойлашган давлатлар, биринчи навбатда, Ўзбекистон талаб қилиб келаётган эди.

Озодликнинг “Жаҳон Банки экспертлари қўллаб-қуватлаган халқаро консультантлар тавсиясини Тожикистон қабул қиладими?” деган саволига жавобан Банкнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий директори Мото Кониши қуйидагича жавоб берди:

- Тожикистон томони тадқиқотларни ўрганиб чиқмоқда, президент билан консультациялар ўтказмоқда, деб ўйлайман. Умид қиламанки, хулоса-тавсияларимиз қабул қилинади, - деди Мото Кониши.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG