Линклар

“Шоир билан суҳбат” эшиттириши навбатдаги меҳмони Аҳли Расул Муҳаммад тахаллуси билан ижод қилувчи тожикистонлик шоир Абдурасул Мамадалиев.


Суҳбатдошимиз 1952 йилда Тожикистоннинг Сўғд вилоятида туғилган. Касби ўқитувчилик. Айни пайтда журналистика билан шуғулланади. Унинг “Таянч нуқтаси”, “Ёҳу” ва “Шеърият” номли китоблари нашр этилган.

Жаҳон шоҳларига

Эй назар кардалар, жаҳон шоҳлари,
Сизнинг соянгизга бўлсин саломлар,
Портлаб кетмай туриб, дилим оҳлари,
Сизга етиб борсин ушбу каломлар.

Майли, хуш ўтказинг, ҳар дамингизни,
Йўқдир жони азиз, ахир сиздақа,
Бироқ билиб босинг, қадамингизни,
Вақ деб юбормасин, шўрлик қурбақа.

Озодлик: Абдурасул ака, мана биринчи шеърингизни тингладик ва “Шоирлик зиëн” деган гап яна ëдимга келди.

- Худо яратган ҳар бир бандасига ҳаëт берган, умр берган. Худонинг яратмишлари ҳеч қачон бир-бирига ўхшамайди. Шу маънода ҳар бир инсонга ҳар хил йўналишдаги истеъдод, қизиқиш, ҳавас ато қилинган бўлса керак деб ўйлайман. Демак, шоирга шоирлик ҳаëти берилганда. Кимнингдир ҳаëтининг ярми шоирликдан иборат бўлса, кимнингдир тўлиқ умри шеъриятдан иборат бўлади. Оллоҳ ато қилган шеърият ҳаëтини яшаб ўтишга мажбур ўша инсон.

Озодлик: Яъни бу қисмат.

- Ижодкорларни масалан ўшандай илоҳий бир қисмат, илоҳий бир тақдир тақозоси туфайли шеърият, ижод, адабиëтга яқинлик.

Озодлик: Шоирлик қисмати сиз учун енгил кечдими оғир кечдими?

- Жуда ҳам табиий. Буни енгил деб атасам ҳам бўлмайди, оғир ҳам дея олмайман. Табиий, гўëки яшашим керакда. Шеър ëзиш мен учун ҳаëтини яшаб ўтказишдек гап назаримда. Мен шундай ҳис қиламан ўзимча.

Озодлик: Шоир деган унвонни сиз қандай тушунасиз?

- Шоир бу унвон эмас. Шоирлик бу тақдир, қисмат. Яна бояги фикрга келамизда. Шоир шеъриятда яшаши керак, шеъриятни яшаб ўтиши керак. Бусиз бўлмайди. Бу фикр энди ҳақиқий шоирларга нисбатан айтиладида.

Озодлик: Мана сиз “Шоирлик қисмат. Шоирлик умрини яшаб ўтиши керак” деяпсиз. Умуман кимга керак? Тўғри бу қўполроқ савол. Жамият шоирсиз яшай олмайдими ëки шеър бўлмаса ҳаëтимиз ўтмай қоладими? Кимга, нимага ва нима учун керак?

- Адабиëт, санъат, хусусан шеърият ҳамма учун керак. Агар адабиëт бўлмаса, санъат бўлмаса, унинг таркибидаги шеърият бўлмаса, ҳаëт ўтаверади. Лекин рангсиз, тамсиз, сўлғин тарзда ўтади. Оллоҳ шу ижодий имкониятлар, ижодий иқтидорлар бериб қўйиб, бизнинг ҳаëтимизни гўзаллаштирмоқчи бўлган. Гўзаллаштираяпти ҳам. Адабиëтни жуда ҳам буюк, илоҳий бир насиба, неъмат деб ҳисоблайман. Мана сиëсат бор, адабиëт деймиз масалан. Адабиëт сиëсатга тоза ҳаволар бағишлайди, санъат енгил нафаслар бағишлайди. Сиëсат эса адабиëтни ўзининг сиëсати билан бўғади. Шу маънода мен орзу қиламанки, дунëда ҳукмрон сиëсат бўлмаслиги керак. Дунëда адабиëт ҳукмрон бўлса деб орзу қиламан. Агар адабиëт ҳукмрон бўлса, ҳаëт жуда ҳам бир бошқача бўлади. Ҳақиқий гўзал ҳаëт бўлади. Сиëсат ҳақиқатни ҳар доим ҳам бутун қилиб айтавермайди. Адабиëт эса ҳақиқатни бутун қилиб айтади. Токи одамлар ҳақиқатни яримта қилиб айтар эканлар, ҳеч қачон бу дунë бутун бўлмайди.

Фақир

Ғайбдан севдим севгилимни,
Ўзим йўқдек,
Сўз айтмадим ва қайтмадим,
Сўзим йўқдек.

Жим келаман, кетаман жим,
Ахир нечун,
Севгилимнинг жимлигини,
Қучмоқ учун.

Севгилимдан на бир соя,
На сас менга,
Ундан фақат ҳаво, ҳаво,
Нафас менга.

Озодлик: Мана сиз дунëда “адабиëт, шеърият сиëсатдан кўпроқ устун бўлиши керак” дедингиз. Яъни ҳар қандай одамда сиëсий туйғулардан кўра кўпроқ маънавий, ахлоқий туйғулар устун бўлса, дунë гўзал бўлади деган фикрни айтмоқчисиз. Шу нуқтаи назардан шир сифатида бугунги жамиятимизнинг ахлоқий жиҳатдан эътибор берганмисиз? Маънавий жиҳатдан қайси даражага кетиб қолаяпмиз?

- Улуғ Қуръони Карим ҳам адабиëт аслида. Менда ўзимнинг шундай шахсий ақидам, шахсий фикрим бор. Инсон Қуръонни ташлаб юборса, осмон ҳам қуëшни ташлаб юборади. Бадиий адабиëт ана шундай бир умуминсоний ҳаëтни гўзаллаштирадиган, дунëни сақлаб қоладиган воситалардан бири. Ҳозирги пайтда адабиëтнинг борлиги, адабиëтнинг ривожланиб бораëтганлиги дунë миқëсида жуда кўп нохуш ҳодисаларни, ноинсоний ҳаракатларни тўхтатиб қўйишга сабаб бўлаяпти. Агар адабиëт бўлмаганда эди, ер юзида ҳаëтнинг қандай бўлишини ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди. Маданий инсонни, ҳақиқий инсонни сиëсат эмас адабиëт тарбиялаб вояга етказади.

Озодлик: Лекин бизнинг постсовет жамиятимизда бунинг аксини кузатаяпмиз. Дейлик Марказий Осиë мамлакатларидан бирида бир йилда битта одам бир дона китоб сотиб олиш учун жон бошига бўлганда 25 тийин сарфлар экан. Бундай ҳолат Ўзбекистонда ҳам бор, аминманки Тожикистонда ҳам бор, Қозоғистонда ҳам. Ғарб давлатларида адабиëт тикланаяпти, китобга муносабат ўзгараяпти, китоб савдоси ривожланаяпти, адабиëт ривожкланаяпти. Мен жамиятимизнинг ахлоқий, маънавий даражаси деганда мана шу нарсаларни назарда тутаëтган эдим. Сизнингча ҳам шундайми ëки сизнинг бошқа бир нуқтаи назарингиз борми?

- Бунда ҳам мен сиëсатни айблайман. Жамиятнинг, одамларнинг шундай ҳолатга тушиб қолишига сиëсат айбдор. Чунки иқтисодни кўпроқ сиëсат бошқараяпти ҳозирги пайтда. Аслида иқтисод баландда, юқорида туриши керак. Лекин сиëсат бошқараяпти. Адабиëт, маънавият ҳамма нарсадан пок, озод нарса. Одамзоднинг ярми маънавиятдан, руҳиятдан иборат бўлса, унинг жисмоний яшаши, жисмоний ҳаëти ҳам бор. Жисмоний ҳаëтнинг қийинчиликлар, етишмовчиликлар қаршисида ожизлик қилиб қолиши натижасида ана шундай ҳолатлар содир бўлаяпти назаримда.

Бундан ташқари иккинчи фикрим шуки, бизда адабиëтга, санъатга нисбатан меҳр-муҳаббат, қизиқтириш тарбиялари сусайиб кетган назаримда. Буни болаликдан бошлаш керак.

Озодлик: Бу ишни ким қилиши керак?

- Бу ишни бутун жамият қилиши керак. Энг аввало ижодкорларнинг ўзлари қилиши керак. Мен ҳозир сизга битта фикримни айтмоқчиман. Масалан ўзбек адабиëти деганда биз фақат Ўзбекистон адабиëтини англамаслигимиз керак. Бу жаҳон ўзбеклари. Масалан битта Тожикистоннинг Сўғд вилоятида 100дан ортиқ ижодкорлар бизнинг рўйхатимизда бор. Яқин қўшни республиклаларда ҳам бор, Европа мамлакатларида ҳам бор. Биз ўзбек адабиëти вакилларини бир жойга тўплашимиз керак, уларнинг асарларини умумий бир тўпламда нашр эттиришимиз керак. Бунга кўпроқ Ўзбекистондаги катта ўзбек адабиëти маркази, Тошкент бўладиган бўлса Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмаси ҳаракат қилиши керак. Ташкил қилиши керак шундай ишларни.

Атлант (Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган барча муҳожирларга ҳурмат билан бағишлайман)

Полвон дўстим менинг кайҳони дўстим,
Ўзи ерда аммо осмони дўстим,
Ўкинманг елкамиз жуда кенг дея,
Тор дея дунëнинг айвони дўстим.

Не бўпти сиғмасак Ўзбекистонга,
Ҳатто тўрт томону олти маконга,
Қушчадек ин қурса бизнинг елкамиз,
Супа бўлгай ахир жумла жаҳонга.

Озодлик: Сиз ҳозир озгина сиëсий руҳ билан суғорилган шеър ўқидингиз. Шундан келиб чиққан ҳолда оз-моз сиëсийлашган савол бераман. Ўзбек адабиëти тўғрисидаги фикрингизга қўшиламан. Дунëдаги ўзбеклар яшайдиган мамлакатларда ўзбекларнинг ўзига яраша адабиëти бор. Келинг биз ҳозир тор доирада олиб, Ўзбекистондаги адабиëт ҳақида гаплашайлик. Хоҳлаймизми хоҳламаймизми Ўзбекистондаги ўзбек адабиëти жаҳоннинг бошқа мамлакатларида истиқомат қиладиган ўзбек ижодкорлари учун байроқ, йўл кўрсатувчи кўрсаткич даража сифатини ўтайдида. Бугун Ўзбекистондаги ўзбек адабиëтига қандай баҳо берган бўлардингиз? Ўзбекистон ичидаги ўзбек адабиëти адабиëт деган даражага лойиқ келаяптими?

- 20 аср ўзбек адабиëти вакиллари, шоирлари, ëзувчилари асарларини бир, икки, борингки тўрт-беш ой ичида ўқиб тугатиш мумкин. Лекин 500 йилдан ортиқ вақт ўтаяптики, биз ҳали-ҳануз Навоийни ўқиб тугата олган эмасмиз. Навоий ўзбек адабиëтининг чўққиси. Навоийдан кейинги шу дамгача бўлган айрим вакилларни санаб ўтсак, Заҳириддин Бобур, Бобораҳим Машраб, Чўлпон, Ойбек, Муҳаммад Солиҳ, Шавкат Раҳмон. Буларни муҳташам бир тепаликларга қиëсласак бўлади. Лекин ўзбек адабиëтининг паст текисликлари жуда ҳам кўп. Деярли паст текисликдан иборат деб ўйлайман мана шу тепалик, тоғликлар ва ягона чўққидан ташқари. Навоий турган чўққига тирмашишимиз керак. Ўзбек адабиëти ўша чўққига интилиши керак. Навоий ўша чўққида ëлғиз ўзи зерикиб қолганга ўхшайди. Унинг ëнига чиқиб борадиган ижодкорлар бўлиши керак. Шуни орзу қиламан, ният қиламан мен.

Озодлик: Абдурасул ака, яна битта шеър ўқиб берсангиз ва шу билан суҳбатимизга якун ясасак.

- Шу кеча-кундузда ойнинг тўлишган кунлари. Ой ҳақида бир жуфт кичик шеър ўқиб бермоқчиман.

Ойни мен эркалаб ҳар оқшом,
Босаман юзига юзимни,
Дунëни унутиб батамом,
Унга бахш этаман ўзимни.

Юлдуздек жаранглаб ҳисларим,
Сиғмайди самога ўшал чоғ,
Қолади ўпичим излари,
Бўлиб ой юзида машҳур доғ.

Ой ечиниб чиқар жилмайиб,
Тараб ерни ўпган сочини,
Кўзим тинар тундек қорайиб,
Жим чекинар жисмим очлиги.

Ақлим шошиб девонасифат,
Лол қотаман гапнинг очиғи,
Ой шунчалар гўзалки уят
Туюлмайди яланғочлиги.
XS
SM
MD
LG