Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:46

Шимолий Осетияда ўзбекистонликлар озод қилинди


Ўз юртдошларини қул қилганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси Жуманазар Юсупов.
Ўз юртдошларини қул қилганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси Жуманазар Юсупов.

Россиянинг Шимолий Осетия Республикасида ҳуқуқ-тартибот идоралари қулликда ушлаб турилган 8 нафар Ўзбекистон фуқаросини озод қилди. Маълум бўлишича, ўзбек муҳожирлари катта ваъдалар эвазига ўз юртдошлари томонидан бу ерга олиб келинган ва бепул ишлатилган.


Россиянинг Шимолий Осетия – Алания Республикасида маҳаллий Федерал Хавфсизлик Хизмати (ФСБ), Миграция хизмати ва Полиция бошқармалари ходимларининг ҳамкорликдаги амалиёти натижасида бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат муҳожири озод қилинди.

“Алания” давлат телевидениси хабарига кўра, ўзбекистонлик Жуманазар Юсупов шу йилнинг апрел ойида Шимолий Осетиянинг Ираф туманига 8 нафар ҳамюртларини олиб келган. У ўзбек мардикорларига катта маош ва яхши шарт-шароитларни яратиб беришни ваъда қилган. Лекин Осетияга келиши биланоқ Юсупов уларнинг паспортларини мажбуран олиб қўйган.

Телевидениеда бу ҳақда берилган лавҳада ўзбек муҳожирларини Шимолий Осетияга ноқонуний олиб келганлик ва ноқонуний тарзда тутқунликда ушлаб турганликда айбланаётган Жуманазар Юсупов ўз ҳатти-ҳаракатларини бундай изоҳлайди.

- Ҳужжатлар менда эмас, паспорт столи ёки ФСБда. Биз уч ойга қайдга турган эдик, лекин иш топа олмаганимиз учун муддати ўтиб кетди, янгидан қайдга тура олмадик. Шу сабабли биз бу ерда ноқонуний яшаб келатёган эдик,- дейди Жуманазар Юсупов хавфсизлик хизмати ходимлари саволига жавобан.

Аммо ФСБ хабарномасидан маълум бўлишича, у ўзбекистонликларнинг паспортларинигина эмас, балки маошларини ҳам ўзлаштириб келган, “регистрацияга”, деб ҳар ой улардан яна 1 минг рублдан пул олиб турган.

Бу маълумотни тасдиқлаш мақсадида Шимолий Осетия Тергов қўмитасига қилган мурожаатимизга кутилмаган жавоб олдик. Шимолий Осетия Тергов қўмитасининг ахборот маркази раҳбари Эдуард Гусов республика ҳудудида бундай ҳодиса умуман содир бўлмаганини билдирди.

- Республикамиз ҳудудида бирор хорижликларнинг ноқонуний ушлаб турилиши ҳолатлари бўлмаган. У ерда мамлакат ҳудудида ноқонуний тарзда яшаб келиш ҳолати кузатилган ва унга миграция хизмати томонидан чора қўлланилган, холос,- деди Озодликка маҳаллий телевидение орқали берилган маълумотни инкор қилган Эдуард Гусов.

Айни пайтда Шимолий Осетия бўйича ФСБ бошқармаси оммавий ахборот воситалари орқали тарқатган хабарномасида эса бироз бошқачароқ маълумотлар келтирилганини кўриш мумкин.

Жуманазар Юсупов ўз юртдошларини кунига 12 соатлаб ишлатган, сўнгги икки ой давомида эса уларга умуман ойлик бермай келган. Норози мардикорлар Ўзбекистонга қайтиш учун ўз паспортларини талаб қила бошлаганда эса уларни калтаклашга ўтган.

ФСБ хабарномасига кўра, “Бригадир” томонидан қаттиқ калтакланганлардан бири Сирожиддин Имомовдир.

Ўзбек мардикорларини озод қилишда иштирок этган Шимолий Осетия Федерал миграция хизматининг ўз исмини ошкор қилмаган ходими воқеа тафсилотларини Озодликка гапириб берди.

- Бу воқеа шу йилнинг 20 июлида содир бўлди. Ўшанда 8 киши қўлга олинди. Улардан бири ноқонуний миграция ташкил этганликдаги айблов асосида Россия Жиноят Кодексининг 322-моддаси 1-қисми бўйича жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ўша Жуманазар Юсупов.

Қолганларга фақат жарима солинган ва ҳозирча озод қилинган. Улар ҳозирда Ираф туманидаги Лескен қишлоғида, вақтинча тергов тугагунига қадар яшашмоқда,- дея маълум қилди Миграция хизмати ходими.

Унинг айтишича, Россия миграция қонунчилигини бузгани учун илгари ҳам маъмурий жавобгарликка тортилган ўзбекистонлик Юсупов ҳозирда Ираф тумани Ички ишлар бошқармасида сақланмоқда, қолган меҳнат муҳожирлари эса яқин кунларда Ўзбекистонга жўнаб кетишга тайёргарлик кўрмоқда.

Ўзбекистонликлар Жуманазар Юсуповнинг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан ариза ёзиш ҳақида полициячиларнинг таклифини рад этан. Федерал миграция хизматидан олинган маълумотларга кўра, Россия миграция қонунчилигини иккинчи маротаба бузаётган ўзбекистонликлар кейинги 5 йил давомида Россияга киритилмайди.
XS
SM
MD
LG