Линклар

logo-print

"Тўлашга пулинг бўлмаса, гиламингни чиқар!"

  • Садриддин Ашур

Газ босими йил давомида паст бўлишига қарамасдан, давлатдан қарздор бўлиб қолган андижонликлар, "емаган сомсага пул тўлаяпмиз", деган ишончда.

Газ босими йил давомида паст бўлишига қарамасдан, давлатдан қарздор бўлиб қолган андижонликлар, "емаган сомсага пул тўлаяпмиз", деган ишончда.

Андижонда газ ва электрдан қарздорларнинг мол-мулки мусодара қилиняпти. Қарздорлардан ҳақни ундириш мақсадида ташкил қилинган ўн кишилик “хатлов гуруҳлари” уйма-уй юриб, қарздор хонадонларни газ тармоғидан узиб қўймоқда. Андижонликлар эса, ўзларидан мажбурлаб ундирлаётган пулга яраша газ ишлатмаганликларидан шикоят қилмоқдалар.


Андижон вилояти истеъмолчиларининг газ ва электр энергиясидан 385 миллиард сўм қарзи бор. Бу рақамларни расмий манбалардан олиб айтган андижонлик мустақил кузатувчи Жаҳонгир Қосимовга кўра, Бош вазир Шавкат Мирзиёев буйруғи билан вилоят ҳокимлиги ҳар куни икки миллиард сўмдан қарзни йиғиб олиш ҳақида махсус тадбир ишлаб чиққан.

Кузатувчига кўра, айни пайтда вилоят ҳокими буйруғи билан Андижон шаҳар газ ва электр таъминотида 10 кишидан иборат бир нечта “хатлов гуруҳлари” тузилган.

Хатга тушдинг, ўтга тушдинг

Бу гуруҳлар фаолиятининг асосий мақсади аҳолидан қарзларни ундириб олишдир, дейди Жаҳонгир Қосимов:

- Хатлов давомида аниқланган қарздорликни ундириш чоралари кўрилаяпти. Прокуратурадан вакил, ички ишлар вакили, суд вакили келарканда, кимнинг қарзи бўлса, 750 мингдан ошиқ қарзи бўлса, шу ернинг ўзида прокурор жиноий иш очар эканда, шу ернинг ўзида суд ҳукм чиқариб, хатлов давомида аниқланган қарздорликка ярайдиган суммадаги телевизор бўладими, гилам бўладими мусодара қилинаяпти,- дейди Жаҳонгир Қосимов.

Қарздор аҳолидан ҳақни ундириш мақсадида “хатлов гуруҳлари” ташкил қилинганини “Андижоншаҳаргаз” ташкилотининг мижозлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Нодирбек Сайдалиев ҳам тасдиқлади. Унга кўра, Вазирлар маҳкамасининг 283-фармойишига асосан мижоз қарз миқдорини аниқлаш учун хатлов ўтказилади:

- Ҳокимият томонидан ташкил қилинган бу. Ҳозир 8та автомашина қўшилиб, ўзимизники билан 10-12та бўлиб чиқиб, тўламаган хонадонлар газ тармоғидан узилаяпти. Шунда ҳам тўламаганларникини фуқаролик судига чиқарилаяпти. Фуқаролик суди ижро департаментига бераяпти. Кейин ижро департаменти фуқароларнинг мулкларига қараб тўласа, тўлашаяпти ўша пайтда. Тўламаса, уйидаги мулкига қараб мусодара қилишаяпти,- деди Нодирбек Сайдалиев.

Андижонликлар газ таъминоти идораси расмийсининг "қарзини тўламаганнинг мол-мулки мусодара қилинади", деган гапидан шикоят қилмоқда. Гап қарз миқдорининг қанчалик ҳаққоний ёки ҳаққоний эмаслиги устида кетяпти.

Жаҳонгир Қосимовга кўра, истеъмолчиларнинг табиий газдан қарзи 182 миллиард сўмни ташкил этади. Бироқ, кузатувчи бу қарзларнинг пайдо бўлишининг ўзи шубҳалидир дейди:

- Аҳолига истеъмол қилинмаган электр энергия, газ ҳисобланаверган. Ўғирликча ëқилаëтган газ ëки етиб келмаган газ учун ҳам аҳоли жон бошига нисбатан ҳисобланаяпти. Газ ҳисоблагич орқали эмасда. Қишки мавсумда газ нархи бир киши учун 16 минг сўм экан. Ҳатто бунинг устига сигир, товуқлар ҳам қўшилар экан. Сигир, товуқлар учун 2000 сўмдан. Шунинг учун қарздорлик ошиб кетаяпти ëқилмаган, истеъмол қилинмаган газ ҳисобига жон бошига сочиб қўйгани учун. Газ бўладими, бўлмайдими, ëнадими, ëнмайдими фарқи йўқ,- дейди Жаҳонгир Қосимов.

“Ҳисобда йўқ, оламда йўқ”

"Аҳолининг газдан қарзи йўқ, бу қарзлар ғайриқонуний тарзда расмийларнинг чўнтагини тўлдириш учун сотилган газдан пайдо бўлиб, аҳоли бўйнига осиб қўйилган", дейди андижонлик 28 ёшли хизматчи Дилшод:

- Ўқитувчилар, шифокорлардан ҳар ой сўрамасдан уларнинг ойлигидан 30-40 минг олиб қолишади. Лекин барибир қарздорлик кўп. Қандайдир газдан, электрдан 400-500 минг қарздорлик кўп. Тушунарсиз қандайдир. Туманлардан текширса ҳам, барибир қарздор бўлиб чиқаверади. Лекин газ кўп эмас. Газ жуда ҳам паст ëнади. Электр ҳам ëзда унчалик кўп ишлатилмайди. Кўп ишлатилмаса ҳам, барибир иккаласидан ҳам қарздорлик кўп,- дейди Дилшод.

Унга кўра, андижонлик газчилар аҳолидан пул ундиришнинг жуда осон йўлини топиб олган. Бунга аҳолининг ўзи ҳам бевосита сабабчи, гап шундаки, аксарият хонадонлар ўрнатилган газ ҳисоблагични яна ўзлари олиб ташлаганлар, дейди Дилшод:

- Биласизми, бизда учётчик бор, лекин уни ўзимиз олиб ташлаганмиз. Чунки, газнинг босими шунчалик пастки, газ ўтмай қолади. Битта чойнак сув бир соатда зўрға қайнайди,- дейди суҳбатдош.

Унинг айтишича, ҳисоблагич бўлмагандан кейин газ таъминоти бошқармаси ходимлари газ бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар аҳоли жон бошига бир хил миқдорда пул ёзадилар ва аҳоли аслида қанча газ ёққанини ҳисоблаб ололмайди. Дилшоднинг фикрича, бу ўғирланган газни қоғозга тушириб йўқ қилиб юборишнинг энг осон йўли бўлиб қолган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG