Линклар

Ал Бано: Гулнора билан дуэт куйлаган бўлар эдим

  • Ҳурмат Бобожон

Самарқанддек шаҳри азимда қўшиқ айтишга жон деб рози бўлдим, дейди италян юлдузи.

Самарқанддек шаҳри азимда қўшиқ айтишга жон деб рози бўлдим, дейди италян юлдузи.

Италян эстрадасининг юлдузларидан бири, 80-йилларда Felicita (Бахт) қўшиғи билан танилган Ал Бано келаси ҳафта Ўзбекистонга концерт дастури билан келади.


23 август куни Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқий фестивали доирасида Ал Бано ҳамда “Жаҳон халқлари рақслари” концерти бўлади.

68 яшар Ал Бано ҳали ҳам қўшиқ айтади. У собиқ рафиқаси Ромина Пауэр билан дуэтда ижро этган Felicita қўшиғини учун 1982 йилги Сан Ремо қўшиқ фестивалида иккинчи ўринни эгаллаган эди.



Ал Бано Тошкентга сафари олдидан Озодликка интервью берди.

Озодлик: Саксонинчи йилларда бошқа Совет ўлкалари қатори Ўзбекистонда ҳам сизни севиб тинглашган. Айниқса сизнинг “Felicita” қўшиғингиз машҳур эди. Ўзбекистонга аввал ҳам келганмисиз?

- Ўзбекистонга биринча марта боряпман ва бу мен учун у ердаги мухлисларим билан учрашишга гўзал бир имкониятдир. Россияга кўп борганман. Ўзбекистонда ҳам мухлисларим кўп экани ҳақда эшитганман. Мана насиба экан, ниҳоят Ўзбекистонда, Самарқандда мухлисларим олдида қўшиқ айтиш фурсати етди.

Озодлик: Ўзбекистонга концерт билан бориш таклифи кимдан чиқди?

- Менга қўнғироқ қилишди. Мен рози бўлдим. Тошкентда ва яна бир шаҳар, номи эсимдан чиқиб турибди, шу шаҳарларда концерт бераман. Яъни Ўзбекистонда иккита концерт ва Самарқанддаги фестивалда қўшиқ куйлайман.

Озодлик: “Шарқ тароналари” фестивалидами?

- Ҳа. Фестивалда битта қўшиқ айтишимни сўрашди. Самарқанддек шаҳри азимда бўладиган бу фестивалда битта қўшиқ айтишга жон деб рози бўлдим.

Озодлик: Қайси қўшиғингизни айтасиз?

- Билмайман. Сиз менга қайси қўшиқни айтишимни маслаҳат қиласиз?

Озодлик: Felicita.

- Бўпти, “Felicita” қўшиғини айтаман.

Озодлик: Ромина Пауэр ҳам ёнингизда бўладими?

- Биз ажрашганмиз. Ҳаёт, турмуш дейди буни. Лекин бу билан ижод тўхтамаслиги керак. Томоша давом этиши керак, деб айтишадику.

Озодлик: Собиқ рафиқангиз Ромина Пауэр билан ҳозир ҳам борди-келдингиз борми?

- Ҳа, онда-сонда учрашиб турамиз. Ахир орамизда тўртта фарзандимиз бор.

Озодлик: Гап-сўзларга қараганда Самарқанддаги фестивалда Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова билан дуэт айтар эмишсиз. Шу тўғрими?

- Шунақами, менинг бундан хабарим йўқ экан. Мен учун бу янгилик, лекин у билан дуэт куйлаган бўлар эдим. Менимча, бу жуда яхши таклиф. Нимага айтмаслигим керак.

Озодлик: Ахир сиздан олдин Ўзбекистонга борган Стинг, Хулио Иглесиас ва бошқа юлдузлар Каримова хонимнинг миллионларига учиб, Тошкентга борганидан сўнг танқидга қолишган эди-да.

- Бундан хабарим йўқ экан.

Озодлик: Мабодо сизни ҳам Тошкентга Гулнора Каримова таклиф қилмаяптими?

- Йўўўқ. Ким таклиф қилганини, қандай келишилганини мен тўғриси билмайман. Италияда менежерим бор. У менга “Ўзбекистонга боришни хоҳлайсанми?” деди, мен рози бўлдим.

Озодлик: Сиз нафақат қўшиқчи, балки БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик дастури яхши ният элчиси ҳамсиз. Элчи сифатида Ўзбекистондаги бугунги аҳвол ҳақида нима дея оласиз?

- Ҳар бир мамлакат ўз йўлини ўзи белгилайди. Мана қаранг, жаҳоннинг энг бадавлат давлатларидан бири Англияда нималар бўляпти. Дўконлар талон-тарож қилиняпти, дўконлар деразалари синдирилиб, тартибсизликлар бўляпти жаҳоннинг энг ривожланган давлатларидан бирида. Менимча, одамлар ўртасида тартибни кўпроқ таъминлаш механизмлари зарур.

Озодлик: Сизнинг исмингиз араб исмларига ўхшаб кетади. Мабодо келиб чиқишингиз араб эмасми?

- Йўқ, исмим италян, ўзим ҳам ғирт италянман. Дадам менга шунақа исм қўйган. У Иккинчи жаҳон урушида Албанияда бўлган. Ўшанда дадам онамга “Ўғлимиз туғилса, унга Ал Бано деб исм қўй” деган экан. Бахтиёр ўғлон бўлсин деб, шунақа исм қўйишган,- дейди Ал Бано.

Суҳбат сўнггида италян юлдузи Ал Бано “Felicita” қўшиғидан бир парча айтиб берди.



Асл исми Ал Бано Карризи бўлган италян қўшиқчиси 1943 йилда Италиянинг Челлино Сан Марко шаҳрида туғилган.

У илк бор 1967 йилда ўзининг Nel sole (“Офтобда”) қўшиғи билан танилди. Ўша йили шу ном остида филм ҳам суратга олинди.

Филмни суратга олиш пайти Ал Бано америкалик актриса Ромина Пауэр билан танишади.

1970 йилда уларнинг никоҳ тўйлари бўлди. Ал Бано ва Ромина Пауэр ижросидаги “Noi lo rivivremo de noovo” қўшиғи 1976 йилги Евровидение танловида еттинчи ўринни олган эди.

Саксонинчи йилларда италян жуфтлигининг “Sharazan” қўшиғи халқаро довруғ қозонди. Ал Бано ва Ромина Пауэр 1984 йилги Сан Ремо фестивалида “Ci sara” қўшиғи билан биринчи ўринни олишди.

Уларнинг қўшиқлари жамланган диск 1985 йилда 6 миллион тиражда сотилди ва жуфтлик Германияда “Golden Europe” мукофоти билан тақдирланди.

Бир йил ўтиб Ал Бано ва Ромина Пауэр “Sempre Sempre” қўшиғини ёзишади. Бу қўшиқ уларнинг “Felicita” қўшиғиданда кўпроқ муваффақият қозонади.

1995 йилда ёзилган “Emozionale” деб номланган албом Ал Бано ва Ромина Пауэр жуфтлиги ижодининг энг сўнггиси бўлди. Ўша йили эр-хотин ажрашишади.

Ўшандан буён Ал Бано яккахон ашулачи сифатида бир қатор қўшиқлар ёзди. 2000 йилда у машҳур опера хонандаси Монтсерат Кабалье билан Милан соборида дуэт ижро қилади. .

2007 йилда Ал Бано ўғли Яри билан бирга ижро этган “Nel perdono” қўшиғи Сан Ремо фестивалида иккинчи ўринни олди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG