Линклар

logo-print

Жанубий Корея¸ ватаним маним?!


Иш визаси йўлини қилолмаëтган кўплаб ўзбекистонликлар¸ Жанубий Кореяга кетиш учун Интернет орқали ўзларига қаллиқ топмоқдалар.

Иш визаси йўлини қилолмаëтган кўплаб ўзбекистонликлар¸ Жанубий Кореяга кетиш учун Интернет орқали ўзларига қаллиқ топмоқдалар.

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонликлар ҳисобича¸ Жанубий Корея ўзбек муҳожири учун Россиядан кейинги иккинчи ватанга айланган.

23-24 август кунлари ўзбекистонлик ҳамкасби таклифига биноан Жанубий Корея президенти Ли Мëн Бак расмий сафар билан Ўзбекистонга келади.

Тошкент учрашувлари давомида икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш масалаларининг муҳокама этилиши ва шу мақсадга қаратилган қатор келишувларнинг имзоланиши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг асосий сармоя ҳамкорларидан ҳисобланган Жанубий Кореянинг ўзбек иқтисодига кирғизган жами сармоясининг ҳозирга қадар 2 миллиард АҚШ долларидан ошгани айтилмоқда.

Айни пайтда¸ Корея ўзбек иқтисоди ривожланишига билвосита ҳисса қўшаëтган асосий хориж давлатларидан бири ҳисобланади ва ҳозирга келиб бу мамлакатда меҳнат қилиб¸ Ўзбекистонга мунтазам маблағ юборувчи муҳожирлар сонининг¸ Россиядан кейин иккинчи ўринга чиққани тахмин қилинади.

Айрим иқтисодчилар фикрича¸ Корея Ўзбекистон иқтисодий-ижтимоий ривожланиши ортидаги асосий омиллардан бири бўлиб қолаëтган муҳожир пулларининг йирик манбаига айланган.

Тошкент ва Сеул ўртасида имзоланилган ўзаро англашинув меморандуми асосида ҳар йили минглаб ўзбекистонликлар Жанубий Кореяга ишга кетаëтган бўлса¸ бунга орзумандлар сони юз мингларни ташкил этади ва Озодлик гаплашган ўзбекистонликларга кўра¸ бундайлар сони муттасил ошиб бормоқда.

Жанубий Корея президентининг Тошкент сафари арафасида Озодлик ¸ муҳожирлардан бири тили билан айтганда¸ “пешонасига бахт қуши қўниб¸ Кореяга ишга бориб қолган” ўзбекистонликлар ҳаëтига назар ташлашга қарор қилди.

**********************************************

Жанубий Кореяда ишлаëтганлар¸ муҳожиратда юрган аксар ўзбекистонликлардан фарқли¸ сиëсий-ижтимоий жиҳатдан фаол ва улар ўз атрофидаги янгиликлар ҳақида тез-тез Озодлик билан боғланиб турадилар.

Ана шундай фаол муҳожирлардан бири самарқандлик Зарнигор “Кореяда ўзбеклар кўпми?’ деган саволга¸ кейинги пайтда сал камайгандек¸ деб гап бошлайди:

- Сеул атрофида кўп. Тандемон деган шаҳар бор. У ерда ўзбекларнинг ошхоналари бор. Контракт билан асосан Пусан тарафда кўп ишлашади. Келганлар завод, фабрикаларда ишлайди. Мебелда ҳам бор, пластикда ҳам бор, ҳар хил ишхоналари. Темир-терсак ишлаб чиқарадиган ишхоналар, алюмин заводлар, дейди 10 йилдан буëн Жанубий Кореяда ишлаб келаëтган Зарнигор.

"Ўзбекистонликлар бу ерга фақат битта муддао – пул топиш¸ топганини ватанда қолган яқинларига жўнатиш мақсадида келади"¸ деган бу суҳбатдошимиз¸ Кореядаги меҳнат муҳожирининг Ўзбекистонда қолган яқинларига ойига 1000 АҚШ доллари атрофида пул юборишини таъкидлайди.

- Ўзбекистондан келганлар ҳар хил топади бу ерда. Эркаклар 1000 доллардан зиëд топади. Аëллар 1000 долларгача топади. Кўп ишхоналар уй-жойини беради, уч маҳал овқатини беради. Контрактникларга беради-да. Ойликни шундай оласизу жўнатасиз. Бир ойда 1000, 1000 доллардан ортиқ жўнатади. Яхши деб ўйлайман шароитини ҳам, бошқасини ҳам, дейди айни кунларда пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган кичик хусусий заводда ишлаëтган Зарнигор.

Жанубий Кореяда олти йилдан бери машина устаси бўлиб ишлаëтган яна бир самарқандлик Суҳроб исмлик муҳожир ҳам¸ бу мамлакатдаги иш ва яшаш шароитидан мамнун:

- Менгаку ëқади¸ лекин қийналганлар ҳам кўп. Баъзи бир ўзбек мусулмон болалари бор. Ўзимизнинг юртдошларни олиб келиб алдаб ташлаб ишлай олмай¸ пулсиз қолиб¸ кунини базўр кўраяпти-да. Эркаклар эркак. Чидаганга чиқарганку бу ҳаëтни. Аëлларга иложи бўлса виза бермаса яхши бўларди-да. Биз ҳам мусулмон давлатку¸ дейди Суҳроб.

“Математик ҳисоб-китоб қилмаган бўлсам-да¸ Кореяда ишлаб юрганлар сонининг ошиб бораëтганини ва бу мамлакатнинг ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун Россиядан кейинги иккинчи асосий манзилга айланганини айтишим мумкин”¸ дейди бу суҳбатдош:

-30 фоиз ўзбекистонликлар Кореяга келган-да. 70 фоизи Россияга кетган. Биринчи ўринда Россия. Ҳозир бу ерда нолегаллар камайди, аммо контрактлар кўпаяяпти¸ дейди Суҳроб.

Корея Миграция хизматининг Сеулдаги идораси вакили Озодлик билан суҳбатда мамлакатда қонуний ишлаëтган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони ҳақида аниқ рақамлар келтира олмаслиги¸ аммо ҳар йили Ўзбекистондан бу ерда минглаб муҳожир қонуний иш визаси билан келаëтганини айтади:

- Кореяга ишга келувчилар E ҳарфи билан бошланадиган визага мурожаат қилишлари лозим. E-1 дан бошланадиган бу иш визаларининг дастлабкилари малакали профессионаллар учун бўлса¸ E-9 нопрофессионаллар¸ яъни завод ва фабрикаларда¸ қишлоқ хўжалигида ишловчилар учун берилади.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳукуматлари ўртасида тузилган ўзаро англашинув меморандумига мувофиқ¸ Ўзбекистон фуқаролари E-9 визасига мурожаат қилишга рухсат этилган 15 давлат рўйхатига киритилган¸ дейди Корея Миграция хизмати расмийси.

Кореяга келаëтган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун аниқ квота белгиланмаган ва қанча одамнинг қайси ишга келишига Сеул ҳукумати деярли иштирок этмайди¸ дейди Миграция хизмати вакили:

- Кореяга E-9 визаси билан ишга келмоқчи ўзбекистонликларни Ўзбекистон Меҳнат вазирлигидаги ҳамкорларимиз танлайди. Улар аввалига корейс тили бўйича имтиҳон қилишади¸ сўнгра танловдан ўтганларга оид маълумотни Корея Меҳнат вазирлигига юборишади. Корея вазирлиги махсус билим ва малакат талаб этилмайдиган ишларга талабгорлар рўйхатини тузади ва завод-фабрика ëки фермер хўжаликлари эгалари бўш иш ўринларига хориждан ишчи кучи жалб этишни сўраб вазирликка мурожаат қилса¸ уларга бундай ишга талабгорлар рўйхати берилади ва улар ўзига маъқулини танлайди. Иш берувчи томонидан танланганлар Кореяга ишга таклиф қилинади. E-9 виза билан максимум Кореяда 6 йил ишлаш мумкин.

Гарчи ўзбекистонликлар ҳам E-1, E-2,Е-3 каби юқори билим ва малакали хорижий кадрлар учун бериладиган визаларга мурожаат қилишлари мумкин бўлса-да¸ Кореяга иш визаси билан келаëтганларнинг аксари E-9 визаси орқали келмоқда. Мен сизга аниқ рақамларни айта олмайману¸ йилига шундай виза билан Ўзбекистондан минглаб одам Кореядаги қўл ишларини қилиш учун келаëтганини тахмин қиламан, дейди Жанубий Корея Миграция хизматининг Сеул идораси расмийси.

Бухоролик Эшмурод ака¸ 2008 йилда ҳужажтларини топшириб¸ 2011 йил бошида E-9 визаси билан Сеулга келганлардан бири:

- Мен контракт учун ўзим югурдим. Борасиз, қоғоз қиласиз, жетон оласиз, имтиҳонга кирасиз. Имтоҳондан ўтасиз, докторга борасиз, кейин кутасиз. Мен ҳеч кимга пул берганим йўқ. 1 миллион 200 минг билетга тўладим, мактаб пулини тўладим¸ шу¸ дер экан Эшмурод ака¸ меҳнат қилиб¸ ишига арзигулик пул топаëтганидан хурсандлигини яширмайди ва ўзини бошига бахт қуши қўнган ўзбекистонликлардан бири деб таърифлайди.

Ўзбекистонда чиқиш визасини вақтида ололмай¸ Корея визаси муддати ҳам ўтиб кетгач¸ бошига қўнган бу бахт қушидан айрилган тошкентлик Жамшид¸ Жанубий Кореяга ишга бориш учун E-9 визасига ҳужжат топшириш жараëнининг Ўзбекистонда одатдагидай пора ва таниш-билишчилик асосида бораëтганини айтади:

- Бу йил менимча февралда бўлди. Хадрада бўлди. Меҳнат вазирлигига қарашли агентликлар тарқатади. Паспорт, расм билан борилади. Мабодо толпанинг ичидан ўта олсангиз, қисқаси бориб 10 неча минг сўм пул тўлайсиз. Жетонни олганингиздан кейин имтиҳон кунини айтишади. Имтиҳондан ўтганингиздан кейин сизнинг маълумотларингиз Кореяга боргандан кейин сизга виза келади икки йил давомида.

Айланма йўллари ҳам бор энди¸ ўша ерда милициялар билан гаплашиб бир нималар қилиш. Тўғридан-тўғри бораверганимиз учун ўхшамади бизларники. 100та одам оладиган бўлса, 50таси имтиҳон, 50 таси барибир порага бўладику. Ўшаларнинг орасида амаллашса керакда. Тест синовларига ўхшаб фамилиясини тиқворади, расмини ўхшатворади. Булар ҳам шу ишни қилади-да¸ дер экан бу жараëн бошида асосан ўзбекистонликлар турганини таъкидлайди беш йил Кореяда ишлаб қайтиб¸ яна кетишга уринаëтган Жамшид.

Ҳозирча аниқ сонини ҳеч ким билмайдиган Кореядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ватанга қайтишга шошилмаëтирлар:

- Нарх-наволарни эшитиб умуман одамнинг кетгиси келмайди-да. Соғинганман, Ўзбекистон юртим, лекин “Бу ерга келсанг, пушаймон ейсан” дейишади. Бу ердан кетган танишларимизга телефон қилсак, “Ақлинг бўлса, келма Ўзбекистонга. Умуман бу ерда яшаш қийин” деб айтади.

Фарзандларимиз ўша ерда, фарзандларимиз соғинган, "келинглар" дейди. Бир иш қиламан десангиз Ўзбекистонда, у ëғини ушлаб қама, бу ëғини ушлаб қама. Яшашнинг иложи йўқ дейишади, дейди 10 йилдан бери турмуш ўртоғи билан Жанубий Кореяда муҳожиратда юрган Зарнигор.

Телефонларимиз:
+420 602 61 27 13
+420 773 26 72 30
Email: uzbekweb@rferl.org
Skype: OzodSkype

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG