Линклар

logo-print

Бу суратларни бундан 20 йил олдин 1991 йил 19 август куни эски чемодан ичига Урганчдаги устахонамга қамалиб чизган эдим.

Ўша кун тафсилотлари бутун икир-чикирлари билан эсимда.

1991 йил 19 август куни одатга кўра¸ Худфондга (рассомлар идораси) ўтдим.

Худфонд олдидаги тахта ўтирғичда “халтура” кутиб ўтирган иккита қари ва сарxуш рассом Горбачев ҳақида гапирар эди.

"СССР раҳбари Горбачев Фаросдаги дачасида уй қамоғида", деди рассомлардан бири.

Бу гапни эшитгач¸ бир кун бурунги воқеа маъносини англадим.

18 август оқшоми маҳаллада ўтаëтган тўй базмига иккита КГБ ходими келиб маҳалла оқсоқолига нимадир дейишди. Шундан кейин оқсоқол сўз олиб Горбачев бошбошдоқлигига ниҳоят чек қўйилиб, тартиб-интизомга келинадиган кунлар яқин қолганини айтиб, аҳолини ҳушëрликка чорлади.

Тўйдаги маст олoмон Горбачевга лаънатлар ўқиб, “тартиб” шарафига юзтадан отишди.

Демак, 19 август куни юз берган давлат тўнтариши ҳақида ўзбек мулозимларига хабар берилган¸ деган хулосага келдим.

Уйга борсам¸ телефон жиринглади. Синфдош дўстим, милиция подполковниги Рўзимбой экан.

"Қамаладиганларнинг рўйхатида сен ҳам борсан. Бир-икки кун кўздан ғойиб бўлиб тур", деди у ачиниш билан.

Телевизорда Оққуш кўли узра оқтўш лайлаклар сайр қилар эди.

Уйдан икки километр нарида устахонам бор эди. Ўша ерга йўл олдим.

Бора солиб бирданига иккита эски радиода Би-би-си ва Озодликни тинглай бошладим.

Путч, Хунта, ГКЧП деган калималар луғатимга кирди. Қисқа тўлқинлар оша Елциннинг путчга қарши мардонавор нутқини эшитдим.

Воқеалар мени шу қадар ҳаяжонга солганидан устахонада ëтган эски чемодан ичи ва ташига Москвадаги воқеалар суратини чиздим.

Назаримда чемодан ëпиқ режимнинг тимсоли эди.

Устахонадаги телефон жиринглади. Яна Рўзимбой эди.

"Ҳали ҳам ўтирибсанми? Нимани кутяпсан? Мент бўлсам ҳам синфдош дўстимни қамоққа олиш даражасидаги сволоч эмасман" деди Рўзимбой.

Бир пасдан кейин Манғитдан Баҳодир деган мухолифатчи дўстим Янгибой эка деган жарроҳ билан машинада етиб келишди.

Машинани уйга қамаб, Қўнғирот-Тошкент почта поездида тошбақа юриш қилиб¸ Тошкентга йўл олдик.

Мен ўзим билан ичи ташига сурат чизилган чемоданни ҳам олволдим.

Навоийга бағишланган кўргазма танлов ҳайъати 20 августга белгиланган эди.

Поезд ичи Намангандаги аллақайси экстрасенс азайимхон бибидан даво истаб кетаëтган дардмандлар билан тўла эди.

Одамлар Горбачев ҳурриятига ҳам, Павлов ислоҳотига ҳам, Янаев тўнтаришига ҳам бефарқ. Улар жин-ажиналару Чумак, Кашпировскийлардан мадад кутишар эди.

Поезд бир вақтлар Шаляпин қўшиқ куйлаган Чоржўй вокзалига етиб келди. Тушиб киоскадаги газеталарни титиб кўрдим.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги “Постда” газетасининг 20 август сони буткул ГКЧПни шарафлашга бағишланган эди.

Газетада Каримовнинг самолëтдан туриб ГКЧПга йўллаган табрик телеграммаси ҳам ўрин олган эди.

“Тарих учун” дея газетадан бир тахламини сотиб олиб вагонга қайтдим.

Тошкентга 21 куни саҳарда кириб бордик. 21 августга келиб хунтачиларнинг ўқи ўзмаслиги маълум бўлган эса-да¸ ўзбек КГБчиларининг мақсади ўзгармаган эди.

21 август оқшомида Навоий театри олдида Каримовга қарши митинг режаланган эди. Театрнинг олдига боришим биланоқ мени ушлаб олиб кетишди.

Мендан олдин рассом Эркин Кагаровни Сайилгоҳ кўчасидан ушлаб кетишган эди. Кагаров ГКЧПни ҳажв қилиб суратлар чизган ва уни намойишкорона кўчада кўтариб юрган эди.

Россия меҳмонхонасидан сал наридаги милиция бўлимида мени қамаб қўйишди.

Мени қамаган милиционерлардан бири яқинда машинасини ўғирлатган экан. Менга яқинлашиб "Сиз "Эрк" фаоли экансиз. Шу Муҳаммад Солиҳ аралашиб менинг машинамни топиб бера олмайдими?" деб илтимос қилди.

Мен ҳам унга бир илтимос билан юзландим. Шу яқин ўртада Саперная кўчасида Лариса Соколова деган санъатшунос яшар эди. Совет ҳукуматининг ашаддий душмани бўлган бир диссидент эди. Мен унинг телефонини милиция амакига бердим. "Менинг қамалганимни ва қаерда эканимни айтинг" дедим.

Бир соатлардан кейин Лариса Соколова етиб келди. Эшикбонлар билан талашиб, менинг олдимга келди. Ўзи билан икки шиша минерал сув ҳам олиб келибди.

Вазиятни ўргангач, Соколова ташқарига чиқиб кетди. Сал ўтмай машинкада босилган ва Рассомлар союзи раиси Баҳодир Жалол имзолaган қоғоз билан қайтиб келди.

Қоғозда менинг Рассомлар уюшмаси таклифига кўра¸ Тошкентга келганим ва дарҳол ҳибсдан озод қилинишим талаб қилинган эди.

Гап шундаки, Соколова Баҳодир Жалол устахонаси жойлашган уй тепасида турар эди. Бу қоғозни ўзи машинкада босиб, Баҳодир акага қўл қўйдириб келган эди.

Бу қоғоз шарофати билан мен озод қилиндим. Ичига расмлар чизилган чемоданимни ҳам қайтиб беришди.

Кейин бу чемоданни Франция-Германия чегарасидаги Саарбруккен галереясида намойиш қилдим.

ГКЧП хотираси сифатида бу чемодан кўргазмадан кўргазмага кўчиб¸ 20 йил саëҳат қилиб, санъат асарига айланди.

Бугун орадан 20 йил ўтиб бу чемоданга тикилар эканман, шууримга бундан 20 йил олдин ерлашган чемодан кайфияти мени ҳануз тарк қилмаганини англадим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG