Линклар

logo-print

Р.Ўтунбаева: Ўш ва Бозорқўрғонда фашистик режим шаклланиб қолди


24 kg агентлигига кўра, бу гапни Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева 17 август куни Ўш шаҳри ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан учрашуви чоғида айтган.

Агентлик президентнинг мамлакат жанубига қилган сафари доирасида ўтказган учрашуви тўғрисида хабар қилишича, Ўтунбаева йиғилиш иштирокчиларига қарата бундай деган:

“Фуқаролар сизларни йиртқич ҳайвонга айланган, ҳар қандай чегарадан чиқиб кетган ментлар, деб атаяпти. Айниқса, амалда фашистик режим шаклланиб қолган Ўш шаҳри ва Бозорқўрғон туманидаги вазият аянчлидир. Бундай йиртқичлик Жалолободда ҳам, Ўш вилоятининг бошқа туманларида ҳам йўқ. Бу жанубий пойтахт ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарияти ўйланиши учун жиддий сабабдир”.

Агентликка кўра, Ўтунбаева учрашув давомида қилган чиқиши чоғида ҳуқуқ-тартибот органлари ва прокуратура ходимлари фуқаролар устидан зўравонлик қилаётгани тўғрисидаги хабарларни чет эл матбуотида ҳар куни ўқиш мумкинлигини айтиб ўтган ва айнан мана бундай деган:

“Ноқонуний ҳибслар, қийноқлар тўғрисида конкрет фактлар келтирилмоқда. Ва гап, аксарият ҳолларда, ўзбек миллатига мансуб шахслар устида бормоқда. Июн воқеаларидан сўнг бизни геноцид қилганликда айблашгани эсимизда. Эндиликда апартеидда айблаш қўшилди. Етиб келган жойимизни қаранг! Агар ҳуқуқ-тартибот органлари ва куч ишлатар идоралар ўзларини фуқароларга нисбатан худди шундай жирканч тутишда давом этаверадиган бўлса, биз ўзимизни ўзимиз ҳалок қиламиз. Ахир бутун бошли бир халқ жиноятчи бўлиши мумкин эмас, тартиб бузувчи айрим кишилар бўлиши мумкин. Милиция ўшаларнинг айбини исботлаши, кейин жазолаши керак. Лекин қонунни бундай бузиш, ноқонуний ҳибсга олиш ва қийноққа солишга ҳеч кимга рухсат берилмаган”.

24.kg агентлиги хабар қилишича, Ўтунбаева фуқаролар шикоятларининг катта қисми Ўш шаҳри ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти билан боғлиқ эканлигини таъкидлаб ўтган.

Президентнинг мазкур учрашуви тўғрисида хабар қилган бошқа бир агентлик – АкиПресс-Фергана мана бундай ёзди:

“Матбуот хизмати Р. Ўтунбаеванинг мана сўзларини келтирди: “Биз аҳолидан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қонун ва қоидалар бузилаётгани, ўтган йилги фожеавий воқеалар бўйича жиноят ишлари тергови жуда секин олиб борилаётгани тўғрисида кўплаб сигналлар олаяпмиз. Огоҳлантириб қўймоқчиманки, ҳар бирингиз йўл қўйилган қонунбузарлик учун шахсан жавоб берасиз. Тилга олганимиз хато ва камчиликларни тузатиш учун бир ойлик муҳлат бераман. Бир ойдан сўнг натижалар тўғрисида ҳисобот берасиз”.
XS
SM
MD
LG