Линклар

logo-print
Ҳисобот даврида туризм соҳасида хизмат кўрсатиш ўсиш суръати 27 фоизга, сайёҳларга хизмат кўрсатиш ҳажми 6,6 фоизга ортган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида туристик хизматлар экспорти 29,9 фоизга ортиб 226,2 млн. долларни ташкил қилган.

Мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги туризмнинг улуши сўнгги олти ой ичида 1,8 фоизни ташкил этган.

“Бу чет эллик сайёҳларни жалб этиш ва туризм инфротузилмасини ривожлантириш бўйича ўтказган тадбирларимиз, ишларимиз махсулидир”, - деди “Ўзбектуризм” миллий компанияси матбуот вакили Феруза Акабирова.

Ҳисоботда сўнгги ярим йил мобайнида сайёҳлик бизнеси билан шуғулланадиган хўжалик субъектлари сони ортгани, 71та янги сайёҳлик ширкати ҳамда 29та янги меҳмонхона очилиб, рўйхатга олингани айтилади.

Ҳозирда Ўзбекистонда ҳаммаси бўлиб 782та сайёҳлик ширкати, 450дан зиёд меҳмонхоналар бор.

Аммо, Ўзбекистонга сайёҳларни оқими сўнгги олти ой давомида қанча ошгани ёки камайгани ҳақда ҳисоботда маълумот келтирилмаган.

“Бу билан боғлиқ статистик маълумотлар тайёр эмас”, - деди Феруза Акабирова.

Чет эллик сайёҳларни жалб этиш учун Ўзбекистон улкан туристик потенциалга эга.

Мамлакат ҳудудида 4 мингдан зиёд архитектура ёдгорликлари мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи зороастризм ва темурийлар даврига оид обидалардир.

“Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари бўйлаб сайёҳат айниқса европаликлар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Келаётган сайёҳларнинг 60 фоиздан кўпи европаликлар.

Сўнгги пайтларда сайёҳликнинг бошқа турлари, масалан Чимёнда қишки спорт, чанғи туризми бўйича йўналишлар очаяпмиз. Этнотуризмга ҳам қизиқиш катта. Яқинда Қорақалпоғистонда сайёҳлар учун юрталар комплексини ташкил этдик. Сайёҳлар келиб, ўзбек халқи анъаналарини ўрганишлари ва ўзлари ҳам юрталарда яшаб кўришлари мумкин”, - дейди Феруза Акабирова.

“Ўзбектуризм” миллий компанияси айни пайтда чет элдаги сайёҳлик ширкатлари билан келишиб, Ўзбекистон бўйлаб сайёҳат дастурларини очган.

Яқинда Чехиядаги машхур сайёҳлик ширкати Чедок (Čedok) ўз мижозларига Ўзбекистон бўйлаб тўққиз кунлик саёҳат дастурини таклиф эта бошлади.

Ширкат Ўзбекистонга боришни хоҳловчилар учун "Ўзбекистон марвариди" деб аталган йўналишни яна очди.

Сайёҳат дастурининг биринчиси 6-14 сентябр кунлари, иккинчиси 9-17 октябр кунлари амалга ошади.

“Бу дастур тўрт юлдузли меҳмонхона, эрталабки нонушта ва кечки овқат, барча йўл харажатлари, маданий дастурлар, миллий рақс томошалари ва бошқа маданий тадбирларни ўз ичига олади”, - деди "Чедок" сайёҳлик ширкати ходими.

Ўзбекистоннинг Тошкент, Хива, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарлари бўйлаб тўққиз кунлик сайёҳат дастури 42490 крон, қарийб икки ярим минг доллар туради.

Ўзбекистон визасини олиш ҳаражатлари бунга кирмаган. Лекин ҳамма тўловларни тўлаган тақдирда ҳам Ўзбекистонга боришни хоҳловчи 12 одам йиғилмаса¸ "Чедок" ширкати охирги дақиқада саёҳатни бекор қилиши ҳам мумкин.

Ўзбекистонга бориш чехияликларга нафақат қиммат, балки бунинг виза олиш билан боғлиқ мушкулотлари ҳам бор.

Ўзбекистоннинг Прагада элчихонаси йўқ. Ўзбек визасини олиш учун бу мамлакатнинг Берлиндаги элчихонасига бориб келишга тўғри келади.

“Ўзбектуризм” миллий компанияси матбуот вакили Феруза Акабирова чет эллик сайёҳлар учун виза тартибини енгиллаштириш борасида иш олиб борилаётганини айтди.

“Чехияни билмадиму, лекин тайландликлар учун Ўзбекистонга маълум муддатга визасиз кириш тартиби жорий этилди. Улар ҳам Ўзбекистонга сайёҳат қилиш учун виза олиш мушкулотларига юз тутишаётган эди”, - дейди Феруза Акабирова.

Сайёҳликни қувурларсиз саноат, деб айтишади ва бу саноат Туркия ëки Чехия каби давлатлар ялпи ички даромадининг каттагина қисмини ташкил этади. Туркия сайёҳларни жалб этиш учун виза чекловларини бекор қилган ва мамлакатга келувчилар учун уйғун нархларни жорий қилган.
XS
SM
MD
LG