Линклар

logo-print

Ўтунбаеванинг баёнотлари зўр, бироқ...


Ўшликларга кўра, Қирғизистон жанубида тартиб посбонлари бошбошдоқлиги давом этмоқда.

Ўшликларга кўра, Қирғизистон жанубида тартиб посбонлари бошбошдоқлиги давом этмоқда.

Озодлик микрофон тутган ўн ўшликнинг олти нафари Қирғизистон президентининг жанубда тартиб ўрнатилиши ҳақидаги баёнотларига ишонмайди.

Қирғизистон президенти 17-18 август кунлари Ўшга қилган сафари давомида кескин баёнотларни берди. Масалан, Роза Ўтунбаева милиция ходимларини “Ўш шаҳри ва Бозорқўрғон туманида деярли фашистик тартибни шакллантирганлик”да айблади, кескин тарзда ўшлик ўзбекларни ноқонуний қамоққа олишни, улардан пул ундиришни ва қийноқларни тўхтатишни талаб қилди.

Ўшликларга: “Президентнинг кескин баёнотларидан сўнг инсон ҳуқуқлари борасида шаҳарда юзага келган салбий кўриниш ижобий томонга ўзгарадими?” деб савол бердик.

Саволимизга инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва оддий ўшликлардан жавоб сўрадик.

Ўшда президент билан учрашган ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаев:

- Президентга ҳаммамиз арз-додимизни қилдик. Муз кўчди, деб ўйлайман. Биз мана бир йил давомида қанчадан-қанча муаммоларни кўтариб келдик. Бунга етарли даражада эътибор берилган эмас. Мана бугунги кунда мана шу муаммолар билан президентнинг ўзи шахсан шуғулланаман, деб бизга ваъдаларни берди. Ўйлайманки, келажакда шунақа муаммолар ҳал бўлади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров:

- Халқаро комиссиянинг натижаларига жавоб бериш керак. Ноябр ойигача бажаришга муҳлат берилган-ку, шунинг учун келаяпти. Лекин ҳозирги гапираëтган гапларини олдинроқ гапирса ҳам бўларди булар. Энди муддат тугаëтганига яқин мажбур бўлишиб гапиришаяпти. Ўшдаги ҳолатга яхши таъсир қилади, деган нарсадан йироқроқдаман. Президентнинг гапларини инобатга ҳам олишмаяпти. Олдида "ҳа" деб қўйишиб, кейин ўз билганини қилишаяпти.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдуманноп Халилов:

- Бу яна қуруқ гап-да. 5000 дан ошиқ уголовное дело очилган бўлса, унга чорасини топмаяпти-ю... Уйи куйганларга, ўғирланганларга, ўзбеклардан ўлганларга битта-яримта чора кўрмаяпти-ю... 5000 дан ошиқ дело турибди. Президент ҳам, прокурор ҳам очиқдан-очиқ буйруқ беролмаяпти. “Мана бу нимага очилмаяпти? Ўлган нимага топилмаяпти? Мана бу ўзбекнинг уйига ўт қўйган нимага топилмаяпти?” дея олмаяпти. Ҳақиқатни гапириб чиқса президент, "президент кетсин" деб ўнта одам чиқади.

Қорасув шаҳри ҳокими Аҳмаджон Раҳимов:

- Президентга ишонишади-да. Аëл киши. "Аëл киши остонасининг таги жаннат" деган гап бор. Албатта аëл киши ҳар доим меҳрибон бўлган. Фақат тинчликни, яхшиликни хоҳлашиб қолди-да. Шунинг учун президентни яхши кайфиятда кутиб олишди.

Ўшдаги маҳалла фаолларидан бири Манзура опа:

- Йўқ, ишонмайман. Бошида просто ўзбекларни қўрқитиб, ўзбекнинг пулини еб ўрганишиб қолди-да. Озгина нима бўлса, қўрқитиб олиб кетиб, пулини олиб, яна қайтариб чиқариб юборган ерлари бор. Буларни президент ҳам билади.

Озодлик: Реал ҳаракат қилмаяпти, фақат гапириб қўяяпти, демоқчисиз-да?

- Ҳа, просто гапириб қўяяпти. Чунки ҳамма ëққа буларнинг қилган иши ëйилиб кетди.

Ўшлик Солижон ака:

- Йўқ, йўқ, йўқ ишонмаймиз. Президентга катта раҳмат. Шу гапларни гапирди. Мен ҳам телевизорда эшитдим уни.

Озодлик: Бу гапларни гапиргани учун президентга раҳмат, аммо ишонмайман деяпсиз. Сабаби?

- Икки-уч ой бурун президент мана шунақа гапларни гапирган эди. Шунга қарамасдан, милиция органлари ҳеч қанақа ўзгариш бўлмасдан шу кунгача етиб келдида бу ишлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG