Линклар

logo-print

Чечен йигитлари - Норвегияда қаҳрамон


Андерс Брейвикни тўхтатишга ҳаракат қилган Рустам Даудов ва Мовсар Жамаев.

Андерс Брейвикни тўхтатишга ҳаракат қилган Рустам Даудов ва Мовсар Жамаев.

Норвегиялик террорчи Андерс Брейвик Утойя оролида уюштирган оммавий қирғин давомида унга қаршилик кўрсатган икки нафар чеченистонлик ўсмир Норвегияда миллий қахрамонларга айланди. Улардан бири Озодлик мухбирига интервью берди.


22 июль куни норвег террорчиси Андерс Брейвикнинг Утойя оролига ҳужуми пайтида чеченистонлик 16 ёшли Рустам Даудов ва 17 ёшли Мовсар Жамаев оролга тўпланган ёшлар орасида бўлган.

Норвегиянинг “Дагбладет” газетасининг ёзишича, бир неча болаларни ўлдириб, полициячи формасига кийинган Брейвик уларни ҳам ўз ёнига чақирган. Брейвикнинг олдига бормоқчи бўлган Рустамни тўхтатиб қолган Мовсар формадаги одам полициячи эмаслигини пайқаб қолган.
Бир неча сония ўтиб йигитлар, “полициячи” ёнига югуриб келган болаларни отиб ташлаганига гувоҳ бўлади...

Шунда 17 ёшли Мовсар отасига қўнғироқ қилиб, нима қилиш рўй бераётган воқеа ҳақида айтади. Мовсарнинг отаси ўзларини ва бошқа болаларни қутқаришга ҳаракат қилишни айтади. Шунда Рустам ва Мовсар яна бир номаълум йигитча билан Брейвикка қарата тош отади. Мовсар отган тошлардан бири Брейвикнинг бошига теккач, у болаларга қарата ўт очади ва йигитларнинг шеригини ўлдиради.

Чечен йигитлари воқеа пайтида оролдаги ғорлардан бирига 23 нафар болани яшириб, ғорни қўриқлаган. Мовсар ҳатто сувга тушиб қочаётганларнинг бир нечтасини қўтқаришга ҳам муваффақ бўлади.


(YouTube видеопорталидан олинган бу видеода Брейвик терговчиларга жиноят содир этган жойларини кўрсатган)

Воқеа тафсилотларини 16 ёшли Рустам Даудовнинг ўзи Озодликка телефон орқали гапириб берди.

- Бу воқеа ҳақида биз бирор кишига гапирмагандик. Мақтанишни хоҳламаган эдик. Тўғриси, журналистлар бу ҳақда қандай қилиб билиб олишганини ўзим ҳам тушунмадим. Менимча, тафсилотларни уларга ўша ердаги қизлар айтиб берган. Шундан кейингина биз ҳам ҳодиса тафсилотларини очиқладик. Биз ёзги лагерга қизиқиб келган эдик, томошага. Келажакда сиёсатда ўз дунёқарашимизни ошириш ва Ишчи партия ҳақида маълумот олиш мақсадида борган эдик,- дейди Рустам.
Унинг сўзларига кўра, оролда яшириниш учун жой кўп бўлган, лекин ёш йигит ва қизлар ваҳимага ва саросимага тушиб қолган.

- Ҳеч кимнинг ишонгиси келмасди. Кўплари бу ҳақиқатми-йўқми, нима бўлаётганини англамасди. Чунки бундай ҳодиса Норвегияда бўлиши мумкинлигини биров хаёлига келтирмасди. Лекин яширинишдан унчалик фойда ҳам йўқ эди – ахир у (Брейвик-таҳр.) оролни бир соат давомида кезди... Боз устига у полициячининг ўзгинасидек эди, ҳар ҳолда мени назаримда. Шунда Мовсар отасига қўнғироқ қилди,- дейди Рустам Даудов.

Маълум бўлишича, Рустам Даудовнинг отаси 2003 йилда Чеченистонда халок бўлган. Шундан кейин уларнинг оиласи Норвегияга доимий яшаш учун келган.

Рустам қолганлар дод-вой солиб юрган бир пайтда ўзларини совуққонлик билан тутиши ва оғир вазиятда йўқотиб қўймаганини Чечен урушини бошидан кечиргани билан изоҳлади.

- Гап шундаки, мен чеченман. Норвегияда эса бунақаларни кўришмаган. Биз урушни бошимиздан кечирдик, улар эса бунақа бўлиши мумкинлигига ишонмаган. Ўша пайтда ҳатто биз бунақа бўлишига ишонмаган эдик,- дейди 8-9 ёшида Грознийдаги жангларнинг гувоҳи бўлган чеченистоклик Рустам Даудов.

Чечен йигитларининг Брейвикка қаршилик кўрсатгани, хусусан, унга тош отганини “Дагбладет” газетасига Утойя қирғинидан омон чиққан қизлар гапириб берган. Бу маълумотни Андерс Брейвикнинг адвокати ҳам тасдиқлади, дейди Озодлик Радиосига газета мухбирларидан бири Лине Брусте.

- Жаноб Брейвикнинг адвокати тасдиқлади ва бизга маълум бўлган нарса ҳақиқат бўлиб чиқди. У Брейвик билан гаплашиб, оролда унга кимдир ҳақиқатан тош отганини тасдиқлади. Ҳар ҳолда, бу воқеани ҳаммага айтиш учун Утойя оролидаги кўплаб гувоҳликлар асос бўлиши мумкин, - деди журналист Лине Брусте.

Айни пайтда, оммавий ахборот воситаларида она юрти Грознийда Рустам Даудов ва Мовсар Жамаевни муносиб тақдирлаш ҳақида хабар тарқади. Бироқ, Чеченистон президентининг матбуот котиби Алви Каримов Озодликка бу хабарни тасдиқламади.

- Ўсмир йигитлар, ҳатто ёши каттароқ одам ҳам ўзини йўқотиб қўйиши мумкин бўлган бу вазиятда ўзларини ҳақиқатан мардларча тутди ва бошқа болаларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Уларнинг бу қахрамонлиги на Норвегияда ва на Россияда эътибордан четда қолади, деган фикрдаман,- дейди Алви Каримов.

Утойя оролида яна бир чечен йигити – 17 яшар Анзор Жукаев ҳам бўлган. Полиция Анзорни Брейвикка кўмаклашганликда гумон қилиб, оролнинг ўзида ҳибсга олган ва 17 соат давомида қамоқда сақлаган. “РСН” ахборот агентлиги хабарига кўра, норвегиялик болалардан бирига Жукаев отишма вақтида бошқалар каби йиғламагани ва совуққонлик билан ўзини тутгани ғалати туюлган.

Анзор эса буни: “Йиғлаш менинг эркаклик ғуруримга тўғри келмайди”, дея изоҳлаган. Норвегия полицияси ундан расман кечирим сўради.

------
Эслатиб ўтамиз, 22 июл куни Осло шаҳри маркази ва Утойя оролида ултрасўллардан эканлиги айтилаётган 32 ёшли норвегиялик Андерс Брейвик содир этган террор ҳужумлари натижасида 76 киши ҳалок бўлган.

Аниқланишича, у террор ҳужумини 2002 йилдан буён тайёрлаб келган ва ҳужумдан бир неча соат олдин ғояларини Интернетда чоп этилган “Манифест” орқали билдирган.

Норвегия қонунларига биноан Андерс Брейвик 21 йилга қамалиши мумкин. Аммо прокуратура норвег террорчисини 30 йилга қамалиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.


Телефонларимиз:
+420 602 61 27 13
+420 773 26 72 30
Email: uzbekweb@rferl.org
ozodlikmail@gmail.com
Skype: OzodSkype

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG