Линклар

ГКЧПдан кейинги 20 йил


1991 йилнинг 19 августи. Россия президенти Борис Елцин Москвага ГКЧПга қарши танклар киритилганини эълон қилмоқда.

1991 йилнинг 19 августи. Россия президенти Борис Елцин Москвага ГКЧПга қарши танклар киритилганини эълон қилмоқда.

Бундан 20 йил олдин, 1991 йилнинг 19 августга ўтар кечаси СССРни сақлаб қолиш йўлида сўнгги ҳаракат қилинди.

СССРни сақлаб қолиш йўлидаги энг сўнгги ҳаракатни қилганлар – мамлакат ҳокимияти тепасига ўзларини Фавқулодда вазият давлат қўмитаси –ГКЧП деб эълон қилганлар келганига ва уларнинг сиёсий-маъмурий кун-сувлари 4 кунга ҳам етмай тугаб қолганига роппа-роса 20 йил тўлди.

ГКЧП Совет Иттифоқни сақлаб қолиш ўрнига унинг парчаланишини беихтиёр жадаллаштириб берди ва натижада дунё харитасида янги 15 та давлат пайдо бўлди.

Орадан 20 йил ўтгач, ГКЧПга муносабат бу янги давлатлар аҳолисида турлича.

Таллинн, Рига ва Вильнюсда яшайдиганлар учун 20 йил муқаддам дунёни ларзага солган 3 кун Болтиқбўйи мамлакатларини демократия, бозор иқтисодиёти ва Европа қадриятларига томон олиб борувчи жараён бошланишига йўл очиб берган кунлар бўлди.
Лекин ўзбек, туркман ва белоруслар учун ўша 3 кун мамлакатларидаги бугунги авторитар бошқарувга йўл очди.

Орадан 20 йил ўтиб халқаро ташкилотлар Ўзбекистон, Туркманистон ва Белорусни дунёдаги энг репрессив давлатлар қаторига қўшиб ўтирибди.

Бу уч давлат бир қутбда бўлса, Болтиқбўйи давлатлари бошқа қутбда. Қолганлари оралиқдан жой олган.

Грузия, Украина, Молдова, Қирғизистон ва Арманистонда демократиянинг кўринишлари мавжуд, баъзиларида эса квазидемократия – қалбаки демократия.

Россия, Қозоғистон ва Тожикистонда автократиянинг юмшоқ шакли – “бошқариладиган демократия” шаклланганини кўриш мумкин.

Озарбайжон қолдими? Нефтга бой бу республика 20 йил ичида “петродавлат”га айланди.

Янги давлатларда шаклланишга улгурган сиёсий режимлар бу қадар хилма-хил экан, уларни шу бугун ҳам собиқ Совет давлатлари деб муштараклаштириш мумкинми?

Янгидан пайдо бўлган ёки қайта тикланган бу давлатларда миллий ўзликни танишнинг кучайиши, Россия таъсирининг сусайиши, Европа Иттифоқи, Туркия ва Хитой каби ўйинчилар таъсирининг кучайиши ҳамда СССР тарқаб кетганидан сўнг туғилган янги авлод вояга етганига қараб туриб, бу 15 давлатни бирлаштириб келган ришталар жудаям заифлашиб кетди, демоқда таҳлилчилар.

Евроосиё мамлакатлари бўйича мутахассис, америкалик таҳлилчи Томас Де Уаал бу масалада фикр билдирар экан, “Йил кетидан йил ўтган сайин “постсовет ҳудуди”, деган атамани ишлатиш ноўрин кўринмоқда ва биз бошқа атама қўллашимиз керакка ўхшайди. Агар бу давлатлар 20 йил олдин гўдак бўлган бўлсалар, энди 20 яшар йигитларга айландилар. Бу эса қарор қабул қилиш, иш топиш, машина ҳайдаш ва машинани дадил ҳайдашни ўрганиш ёшидир”, деди.

20 йил муқаддам совет кишилари ўша даврдаги ўзгаришлардан жуда кўп нарсалар кутганди. Нафақат айрим кишилар, балки бутун жамият эйфорияда бўлганди.

Россиялик сиёсатчи Борис Немцов ГКЧПга қарши чиққан кучлар сафида бўлган, кейинроқ Борис Ельцин командаси аъзоси сифатида бош вазир лавозимида ҳам ишлаган.

Бугунга келиб Кремлнинг ашаддий мухолифларидан бирига айланган Немцов бундан 20 йил олдинги орзу-умидлари тўғрисида гапирар экан, жумладан бундай деди:

-Биз романтик бўлгандик. Эркинлик ва яхши ҳаётга олиб борувчи йўл анча қисқа бўлади, деб ўйлагандик. Коммунизмни бекор қилсак, ундан воз кечсак бўлди, бир неча ой ичидаёқ олам гулистон бўлади, деб ишонгандим. Жуда анойи бўлган эканмиз. Нафақат мен, балки Ельциннинг ўзию унинг бутун командаси ҳам анойи бўлган эдик. Афсуски, бугунги воқелик биз кутгандан мураккаброқ.

Совет Иттифоқи вайроналари устига қурилиши керак бўлган янги давлатлар тез орада ўз олдиларида кўндаланг бўлган муаммоларнинг қанчалик мураккаб эканлигини тушуниб қолди. Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам советча мерос билан демократик жамият ва бозор иқтисодиёти қуриш вазифасининг нақадар чигал эканлиги тўғрисида ўзларига етарлича ҳисоб бермагандилар.

Баъзи республикаларга, масалан икки жаҳон уруши ўртасида мустақил давлатлар бўлган Болтиқбўйи мамлакатларига ёки Украина ва Арманистондай миллий диаспоралари кучли бўлган давлатларга, нисбатан осонроқ бўлди. Бироқ кўпчилик янги ҳаётни нолдан бошлашга мажбур эди.

Натижа ҳам ҳар-хил бўлди. 20 йил олдин барча совет кишилари жамият ҳаётида бундан буён чин демократик принциплар устивор бўлади, деб ўйлаган бўлса, баъзи постсовет давлатларида бунинг мутлақо акси бўлди. Яъни баъзи республикаларда демократия совет даврида кучлироқ эди.

Евроосиё мамлакатлари бўйича мутахассис, америкалик таҳлилчи Томас Де Уаал бундай дейди:

-Озарбайжонда демократия 20 йил аввалгига қараганда заиф эканлиги аниқ. Белоруссияда ҳам заиф эканлиги шубҳасиз. Давлатнинг кучи ва кундалик натижалар жиҳатидан, бу икки республика балки 20 йил аввалгига қараганда кучлироқ бўлиши мумкиндир. Бироқ демократия масаласида ортга кетганлари аниқ. Туркманистон 1985 йили бугунгига қараганда анча эркин эдики, бу мамлакат фикримизга ёрқин далил бўла олади.

Америкалик мутахассис Ўзбекистонни тилга олмади. Хўш, бу мамлакатдаги демократия ГКЧП ҳокимиятни ўз қўлига олган кунлардагидан кучлироқми бугун ё заифроқми?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG